Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Фаҳриддин Шамсиддиновнинг Хоразмда қилган ислоҳотлари
05-05-2020 10:21 0 517 Рейтинг0 Чоп этиш

Фаҳриддин Шамсиддиновнинг Хоразмда қилган ислоҳотлари

Фаҳриддин Шамсиддиновнинг Хоразмда қилган ислоҳотлари

Буюк ўтмиш келажакни буюк қила олмайди. Буюк ўтмиш ҳозирги ёшларнинг тафаккурида келажакни қуришнинг асосий қуролига айлансагина буюк келажакнинг гарови бўла олади.Ўтмиш аждодлар билан келажак авлодларни боғлаб турувчи ҳозирги ёшлар бор. Келажакнинг қандай бўлиши ҳозирги ёшларнинг ўтмиш меросидан нималарни олишига ва қандай усулда олишига боғлиқ. Уйда ўтириб, ўзим гувоҳи бўлган баъзи ибратли ислоҳотларни ҳозирги ёшлар ҳам билишини истадим.

Фарғоналик давлат ва жамоат арбоби Фаҳриддин Шамсиддинов Хоразмда қисқа муддат (май 1960 – февраль 1963 йиллар) Компартиянинг биринчи котиби бўлиб ишлади. Унинг қисқача таржимаи ҳоли: 1907 йилда Фарғона вилоятида таваллуд топган. 1935 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтини тамомлагандан кейин мутахассислиги бўйича Фарғона вилоятида турли лавозимларда ишлаган. Кейинчалик Ўзбекистон сув хўжалиги вазири, Ўзбекистон КП Хоразм вилоят комитети биринчи котиби, Ўзбекистон КП Сурхондарё вилоят комитети биринчи котиби, Ўзбекистон КП Фарғона вилоят комитети биринчи котиби, Катта Фарғона каналидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи ва бошқа лавозмларида ишлаган. Унга 1972 йилда “Социалистик Меҳнат Қаҳрамони” юксак унвони берилган. 1983 йил ноябрь ойида Фарғонада вафот этган.

Фаҳриддин Шамсиддинов Хоразмга биринчи раҳбар бўлиб келгач, менинг назаримда шу қисқа муддатда у Хоразм учун нондек зарур ва азиз бўлган учта муҳим ислоҳотни амалга оширди. Биринчи ислоҳот. Илгари кичик овуллар ва қишлоқлар атрофида кичик-кичик кўллар бўларди. Экин майдонларидан ортиб қолган оқова сувлар шу кўлларга келиб тушарди. Биз болалигимизда шу кўллар атрофида мол боқиб, балиқ тутардик. Фаҳриддин Шамсиддинов вилоятга раҳбар бўлиб келгандан кейин Москвадан ирригаторларни чақириб, қуйи Амударё ҳавзасининг яхлит ирригацион тизими яратилди. Маҳаллий кўллар йўқ қилиниб, магистрал келлектор-дренажлар (заҳкашлар) ташкил қилинди. Натижада, Хоразмнинг тупроқ юзасига яқин бўлган ерости сувлари “Озёрный” ва “Дўстлик” коллекторлари орқали Сариқамиш кўлига оқиб кетадиган бўлди. Заҳ сувларнинг йўқолиши туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ўртача 6-7 центнерга кўпайди. Бу дегани давлатнинг ва халқнинг иқтисодий қудрати ошди дегани. Бу тизим ҳозир ҳам ўзини оқлаб ишлаб турибди.

Иккинчи ислоҳот. Илгари илонизидек тупроқ йўллар бўларди. Бу йўллар ёзда чанг, қишда ботқоқ, ўнқир-чўнқир, қўрқинчли ва азобли йўллар эди. Йўлларнинг паст қисмини ёзда сув босиб кетар, йўловчи айланиб ўтишга йўл тополмай орқага қайтишга мажбур бўларди. Мен ўзим Газ-51 юк машинасида 21 километр келадиган Урганч шаҳрига ярим кунда борганимни эслайман. 1959 йилда вилоят раҳбари бўлиб ишлаган Мадраҳим Раҳмонов ўша ёмон йўллар сабаб вилоят марказидан энг узоқда жойлашган шимолий туман – Манғит туманини Қорақалпоғистон таркибига бериб юборган, ўрнига Урганчга яқин бўлган Амударёнинг чап соҳилидаги Қақрали ўрмон хўжалиги ерларини олган. Янги раҳбар эски илонизидек “кўп қадим” йўлларни тугатиб хўжаликлараро, туманлараро ва марказий магистрал асфальт йўллар ташкил қилди. Асфальт йўллар тўғри ва равон бўлиб, уни қуришда хоразмликлар фаол қатнашдилар. Эсимда: Янгибозор ҳудудидан ўтувчи йўлнинг қисмини тупроқ отиб кўтарганимиз, тош тушириб йўлга ёйганимиз, йўлнинг иккала четига Фарғонадан келтирилган мевали дарахтларни ўтқазганимиз. Ҳозир бу асфальт йўллардан машинамни ҳайдаб ўтарканман, халқнинг хашар йўли билан уни қурганлигини эслайман ва бу ишларнинг раҳномасига дуо қиламан: охирати обод бўлсин! Бу йўллар тез-тез капитал таъмирланади-ю, унинг асосини Фахриддин Шамсиддинов қўйганлигини кўпчилик билмайди. Урушдан олдин ва урушдан кейин туғилган менинг тенгдошларим эслашади, холос. Ҳозир асфальт йўлнинг озгина қисми бузилса асабийлашамиз. Эҳҳе, чанг тўзонли тупроқ йўлларда юрмабсиз, асфальт йўлларнинг қадрига етмабсиз. Ҳозирги ёшларимиз хоразмликларни илонизидек тупроқ йўллардан халос қилган шахснинг номини билишларини, равон ва текис асфальт йўлларнинг қадрига етишини истайман.

Учинчи ислоҳот. Илгари колхоз ва совхозлар ихтисослаштирилган эди. Вилоятда асосан пахта монокультураси ҳукмронлик қиларди.Деҳқон озгина томорқасидан бошқа ерларга фақат пахта экарди. Қўпол бўлсада айтай: ўзбек томига ҳам пахта экади, деган кинояли гаплар бўларди. Ўзи ишлайдиган даланинг четига боғлаб қўйган деҳқоннинг моли бир туп пахтани пайхон қилгани учун молни сўйиб ташлаб, эгасини қаматтираман деб дағдаға қилган раҳбарлар кўп бўлган. Бу иллатдан – пахта монокультурасидан Президент Ш.М.Мирзиёев халос этди: пахтага давлат буюртмасини олиб ташлаймиз, пахтани кластер услубида етиштирамиз деди. Масалага бундай ёндошув шўро тузимини кўрган деҳқонларнинг орзуси эди. Чунки, деҳқонлар ерга эгалик қилсада, мева, сабзавот маҳсулотлари, кўкатларни бозордан сотиб оларди. Озгина томорқа ерига эса, мол учун жўхори ва беда экарди. Деҳқоннинг уйига меҳмон келса, мева ва кўкатлар учун шаҳарга – бозорга боришга мажбур эди.

Фаҳриддин Шамсиддинов вилоятга биринчи раҳбар бўлиб келгач, жамоа хўжаликлари аҳволини яхшилаб ўрганиб, ҳар бир хўжалиқда сабзовотчилик ва боғдорчилик бригадаларини ташкил этди. Фарғонадан яхши нав мевали кўчатлар олиб келиб эктирди. “Ер ўз қўлингда бўлатуриб, мева ва кўкатларни Урганч бозоридан олиб келсанг, уят эмасми?!”, дерди деҳқонлар билан суҳбатда. Тез фурсатда ҳар бир бригадада бир гектарлик боғлар ташкил этилди. Бу боғларга сабзовот маҳсулотлари ҳам экилди. Натижада деҳқон ўз дастурхонини тўлдирибгина қолмай, бозорни ҳам тўкин-сочин қилди. Кекса деҳқонлар янги раҳбарнинг камтаринлигини кўп эслашади: “У кишининг машинасида доим керзавой этик бўларди. Раисларни, бригадирларни ўз изидан эргаштириб пахта далалари ичига кирар, мевали боғларни кўздан кечириб камчиликларни бартараф этиш ҳақида қимматли маслаҳатлар берарди, аммо ҳеч кимнинг дилини оғритмасди. У киши камтаринликда намуна эди!”. Хива тумани Саёт қишлоғи кекса деҳқонларининг гапига қараганда, бир куни обкомнинг биринчи котиби ўша пайтдаги собиқ Фрунзе номли хўжалик ҳудудидан ўтадиган коллектор-дренажлар ҳолатини билшга келибди. “Ёшулли” келади деб меҳмонхонада тараддуд қилинган. Аммо, “ёшулли” дренажларни пиёда юриб кўздан кечиргач, донгдор раис Рўзмат Мадаминовга икки кишига етгулик айрон ва нон олдириб зовур бўйида тамадди қилганлар. Кейин меҳмондорчилик учун раҳмат айтиб, бошқа туманга ўтиб кетган. Янги ташкил этилган боғлар узоқ вақтгача халқ орасида “Шамсиддинов боғлари”, деб ном олди. У киши айтар экан: “Мевали кўчат экинг, мол еб кетса ёки болалар синдирса, кўпроқ экинг! Биттаси вояга етиб мева берсаям фойда, болаларингиз ейди-ку!”.

Ҳозирги пайтда Президент Ш.М.Мирзиёев томорқа хўжалигини ривожлантириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ишни Фаҳриддин Шамсиддинов Хоразмда бундан 60 йил олдин синаб кўрган эди, натижаси яхши бўлган. Бугун Президентимиз бу хайрли ишни давом эттираётган экан, демак эзгу ишларнинг бардавомлигидан далолатдир. Дарвоқе, Хоразмда биринчи телевидения кўрсатувлари ҳам ўша пайтда (1962 й.) амалга ошган ва Хоразм санъати дарғалари – Мадраҳим Шерозий, Ҳожихон Болтаев, Бола бахши, Комилжон Отаниёзов ва бошқа санъаткорларнинг видеотасмалари шу телевидения туфайли сақланиб қолган. Бу ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, ҳосилдорлик ошди, халқнинг турмуш даражаси юксалди, оммавий маданият ўсди, жамоа хўжаликларининг ўзини ўзи ва бозорни қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашга эришилди.

Фаҳриддин Шамсиддиновдан кейин хоразмда биринчи раҳбар бўлган шахслар собиқ шўролар тузуми даврида ҳам, мустақиллик даврида ҳам бундай катта ва кўламдор ислоҳотларга қўл урмади. Хоразм халқи биринчи ва иккинчи ислоҳотлардан ҳалигача фойдаланиб келади. Хоразм деҳқонлари “Шамсиддинов боғлари”ни ўзларининг лоқайдликлари туфайли қуритиб бўлдилар. Кимдир ўрнига янги боғ қилди, кимдир боғни ёқиб, ерни “доғ” қилди! У киши камтарлик ва соддаликда намуна бўладиган биринчи раҳбар эди. Чунки соддаликда ЭЗГУЛИК ва БУЮКЛИК яширинган бўлади.
Мадраҳим САФАРБОЕВ,
фалсафа фанлари номзоди, доцент
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Халқ қабулхоналари томонидан ишсиз ёшлар бандлиги таъминланмоқда

expo
Боглиш маколалар