Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик, қаҳрамонлик намунасидир
28-04-2020 05:51 0 611 Рейтинг1 Чоп этиш

Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик, қаҳрамонлик намунасидир

Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик,  қаҳрамонлик намунасидир

1941 — 1945 йилларда башарият бошига мислиз кулфатлар ёғдирган Иккинчи жаҳон уруши фронтларида Ўзбекистонлик жангчилар ўзларининг ботир, мард, қўрқмас, жасурлик хислатларини намоён қилиб қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар.

Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлашда олдинги сафларда туриб, нимаики зарур бўлса, барчасини аямай сарфлади. Чунончи, уруш йилларида аҳоли томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 млн. сўм нақд пул, 4 млрд. 226 млн. сўм заём пули, 52,9 кг. олтин ва кумуш топширилди. Армияга 7 518 800 та гимнастёрка, 2 636 700 та пахталик, 2 221 200 та этик ва қўнжли ботинка юборилди. Енгил саноат вазирлиги корхоналари томонидан фронтга 246 918 700 сўмлик маҳсулот жўнатилган.

Қийинчилик ва хомашё етишмаслигига қарамасдан, Тошкент тўқимачилик комбинати фронт учун 410 млн метр газлама ишлаб чиқарди. Шунингдек, кўп миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди. Чунончи, 1 282 000 тонна ғалла, 482 000 тонна картошка ва сабзавот, 1000 тонна полиз маҳсулоти, қуруқ ва ҳўл мевалар шулар жумласидандир. Фақат 1941 йилнинг иккинчи ярмида 59 минг бош от фронтга олиб кетилди.

Республиканинг ҳар бир вилояти, шаҳар ва тумани ҳамда айрим шахслар жангчиларга ёрдам қўлларини чўздилар. Масалан, 1942 йилнинг бошларида Бухоро вилоятидан 4059 жуфт иссиқ кийим, 9380 жуфт жун пайпоқ ва қўлқоп, 5660 қалпоқ, 2750 шим, 3000 пўстин, 18,5 минг литр вино, қуруқ мевалар олинди. 1943 йилнинг бошларида Ленинградга Андижон вилоятидан 7884 кило ун ва буғдой, 5496 кило ёрма буғдой, 1160 кило гуруч, 418 бош қўй, 8510 кило қуруқ мева, Қорақалпоғистондан 224916 сўм нақд пул, 21614 кило буғдой, 5819 кило гўшт, 3700 кило гуруч жўнатилди.
Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик,  қаҳрамонлик намунасидир

Қорақалпоғистондаги Мўйноқ балиқ комбинатидан 20 млн. банка гўшт ва балиқ консерваси олинган эди. Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳам жангчилардан ҳеч нимани аямадилар. 1942 йилнинг кузида Сурхондарёдан 5998 бош қорамол, 18 тонна асал, 28 тонна ёғ, 31 тонна қуруқ мева, 3000 литр вино олинди. Тошкентдан 52 вагонда озиқ-овқат маҳсулотлари юборилди. 1943 йили Сурхондарё вилояти фронт эҳтиёжлари учун 14 млн. сўм нақд пул, 330 тонна гўшт ва ёғ, 530 тонна буғдой, 180 тонна қуруқ мева, 33168 дона тери топширди.

Кийим-бош ва озиқ-овқат маҳсулотларини Самарқанд, Наманган, Хоразм ва бошқа вилоятлар ҳам фронтга жўнатиб турганлар. Шунингдек, ҳукумат вакиллари томонидан вагонларда катта миқдорда совғалар олиб кетилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Масалан, 1942 йили бир гуруҳ вакиллар Ленинградга 600 вагон ун ва гўшт, 100 вагон гуруч, 60 вагон қуруқ мева олиб борганлар.

Иккинчи Жаҳон урушининг тўрт йили давомида Ўзбекистон давлатга 4 806 000 тонна пахта, 54067 тонна пилла, 1 066 000 тонна ғалла, 195 000 тонна шоли, 108 000 тонна картошка, 374 000 тонна сабзавот ва ҳўл мева, 35289 тонна қуруқ мева, 57444 тонна узум, 1 593 000 тонна гўшт, 5 286 000 дона тери топширгани маълум. Улар ҳам мудофаа эҳтиёжларига сарфланган, албатта. Бундан ташқари, уруш йилларида Ўзбекистон аҳолиси мудофаа жамғармасига жами 649 900 000 сўм нақд пул ўтказиб берган.
Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик,  қаҳрамонлик намунасидир

Халқимиз ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига ҳам катта ёрдам берган. Чунончи, 1943 йили уларга 13 858 500 сўм пул, 1 308 400 кило озиқ-овқат, 20 750 кийим-бош, 40 000 кубометр ёқилғи, 73 500 пуд ғалла, 10 000 бош қўй, 2000 бош қорамол топширилган.Шунингдек, ўзбек халқи Россия, Украина, Беларусь, Молдавия ва бошқа жойлардан кўчириб келтирилган ўн минглаб кишиларга бошпана бериб, меҳрибонлик ва ғамхўрлик намуналарини кўрсатди. Жанг бўлаётган ҳудудлардан кўчирилган бир миллион шахс бошпана, кийим-бош ва озиқ-овқат билан таъминланди. Минглаб етим болаларни ўзбек оилалари ўз қарамоғларига олдилар, фарзандларидан кам кўрмай тарбияладилар. Ўзбек халқи жангга кетган турли миллат вакилларининг оилаларидан ҳам моддий ёрдамини аямади. Давлатимиз 113 та ҳарбий касалхона — госпитални ҳам оталиққа олди.

Фашистларнинг тор-мор қилинишида Ўзбекистонда уруш йилларида ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалар катта аҳамият касб этди. Саноатнинг асосий қисми ҳарбий қурол ишлаб чиқаришга йўналтирилиб, улар жанг майдонига узлуксиз юбориб турилди. Айрим маълумотларга кўра, 2100 самолёт, 17342 самолёт мотори, 17100 миномёт, 27 000 танкка қарши отадиган замбарак қисмлари, 60 000 ҳарбий кимёвий анжом, 22 миллион мина, 560 000 снаряд, 2 миллион 318 минг авиация бомбаси, 1 миллион дона граната,100 чақиримдан зиёд сим, дала радиостанциялари, танк ва самолётлар учун 3 миллиондан ортиқ радиолампа, 5 бронепоэзд, 18 ҳарбий-санитар ва ҳаммом ўрнида фойдаланиладиган ҳамда кир ювиладиган поэзд, 2200 кўчма ошхона олиб кетилди.
Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик,  қаҳрамонлик намунасидир

Шунингдек, юртдошларимизнинг шахсий пуллари ҳисобидан тайёрланиб, жанг майдонига юборилган қурол-аслаҳалар ҳам кам бўлмаган. Масалан, танк колонияси ва авиаэскадирилия қуриш учун аҳолидан 320 000 000 сўм тўпланган. Ўзбекистон 1943 йили немис-фашистларидан озод қилинган ҳудудларга ёрдам беришни бошлаб юборди. Масалан, мазкур йилнинг октябрида Ўзбекистондан Белоруссия, Украина ва Россиянинг душмандан тозаланган ерларига 800 нафар врач сафарбар қилинди. 1944 йилнинг биринчи ярмида эса Украинага 300 тонна ғалла, 8300 бош қорамол, 6700 бош қўй жўнатилди. 1943-44 йилларда озод этилган шаҳару-қишлоқларга Қорақалпоғистондан 45 800 000 бош қорамол ва қўй юборилди.

Тошкент темирйўлчилари вагонларда турли хил жиҳозларни юбордилар. Собиқ Сталинградни тиклаш учун 350 нафар қурувчи борди. Хоразмликлар Харковга ҳар хил қишлоқ хўжалик техникасини жўнатдилар. 1943 йил август ойида республикадан озод қилинган жойларга 1152 трактор, 25 комбайн, 1138 омоч, 38 сеялка олиб кетилди. Сентябрь ойининг охирларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва жиҳозлар тўлдирилган 374 вагон жўнатилди. 12 октябрда Украинага 450 вагонда совғалар билан бирга 300 тонна ғалла, 8300 бош қорамол, 10 минг жуфт оёқ кийим, 200 минг газлама моллари, касалхона, мактаб ва радиоузеллар учун жиҳозлар юборилди.
Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик,  қаҳрамонлик намунасидир

Воронежь ва Курск шаҳарларига 275 бош қорамол, 72 тонна ғалла, 24 тонна қуруқ мева олиб кетилди. Булардан ташқари, республика бўйича 300 тонна ғалла, 180 тонна қуруқ мева, 10 минг жуфт оёқ кийим, 200 минг метр газлама, 2600 минг сўм нақд пул, юк машинаси, телефон станцияси жўнатилди. Украина учун 350 трактор, 200 автомашина, 50 комбайн, 1500 омоч берилди. Ставропол ўлкасига 1142 трактор, 400 сеялка 1142 нафар агроном ва ҳайдовчиси билан жўнатилди. Озод қилинган жойларга Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари 50 минг бош қўй ва 190 минг бош қорамол юборган. Шунингдек, немис-фашистларидан тозаланган республика ва вилоятларга 1944 йили 100 000 китоб совға қилинган эди.

1943-44 йилларда озод қилинган ерларга Ўзбекистондан 13 000 дан ортиқ темирйўл мутахассиси, ҳунар билим юртларидан 15 000 ёш йигит собиқ Ленинград, Киев ва Дунайга йўл олди. Ўзбек халқининг озод қилинган жойларга кўрсатган ёрдами аслида сероб. Аммо умумий тушунча учун келтириб ўтилганлари етарли, деб ўйлайман. Ўзбекистон саноат соҳасида ҳам катта ишларни амалга ошириб, Россия, Украина ва бошқа жойлардан кўчириб келтирилган ўнлаб корхоналарни жойлаштириб, уларнинг ишчи-хизматчиларини бошпана ва озиқ-овқат билан таъминлади.

Ўзбекистонда ҳарбий соҳада ҳам беқиёс ишлар амалга оширилди. Хусусан, республикада 15 дивизия ва бригада тузилиб, уларда ўзбеклар салмоқли ўринни эгалладилар. Ўша ҳарбий қисмлардан ташқари ўн минглаб навқирон йигит ҳаракатдаги армия сафларига юборилди. Тошкентдаги ҳарбий билим юртлари фронт учун бир неча минг командир ва сиёсий ходимларни тайёрлади.

Урушнинг дастлабки ойларида Тошкент шаҳрининг ўзидан 100 минг йигит ва қисман аёллар ҳарбий хизматга жалб қилинди. Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистондан бир миллион киши фронтга олинган. Бироқ бу рақам унчалик тўғри эмас, деб ҳисоблаймиз. Чунки Германияда тузилган “Туркистон легиони” 1 млн. 800 минг кишини ўз ичига олган. Бу легионнинг раҳбарларидан бирининг сўзича, унинг таркибида тожик, қозоқ, туркман ва қирғизлардан ташқари ўзбеклар ҳам бўлган. Маълумки, жанг майдонларида ярим миллионга яқин ўзбек ҳалок бўлиб, қолган ярим миллиони Ватанига қайтган. Бу икки рақам бир-бирига қўшилса, бир миллион бўлади. Энди “Туркистон легиони”дагилар ҳисобга олинса, жангга тортилган ўзбекларнинг сони анча ошиб кетади. Ўзбеклар Москва, Сталинград, Кавказ, Қрим, Курск, Днепр, Марказий ва Жануби-Шарқий Европадаги жангларда қатнашиб, Берлингача бордилар. Шунингдек, Япония билан урушда иштирок қилдилар, партизан урушларида мардонавор курашдилар.
Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик,  қаҳрамонлик намунасидир

Шу тариқа халқимиз Иккинчи жаҳон урушида фашистларни тор-мор этишга молини ҳам, жонини ҳам тикди. Бамисоли топган битта нонини тўртга бўлиб, биттасини ўзига, қолганини бевосита фронтга, сўнг республикага кўчириб келтирилганларга, жангга кетганларнинг оилаларига, ҳарбий госпиталларга, фашистлардан озод қилинган ҳудудларнинг оч-ночор аҳолисига берди. Айни пайтда бир миллиондан ошиқ фарзандлари фашистларга қарши жангларда мардонавор курашди. Улардан бир неча юз минг киши ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Айни пайтда ўзбеклардан тузилган “Ишчи батальон”лар фронт учун фидокорона меҳнат қилдилар.
Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик,  қаҳрамонлик намунасидир

Бевосита жангларда 27 млн. кишининг ёстиғи қуриган, бошқа талофатларни ҳам қўшганда 30 млн. киши нобуд бўлган Иккинчи жаҳон уруши ўзбек халқига ҳам беқиёс катта талофат келтирди. Минглаб аёллар бева ва болалар етим бўлиб қолдилар. Ота-оналар фарзандлари доғида қайғу-алам билан бу дунёдан кўз юмдилар. Уруш йилларида чек-чегараси йўқ харажатлар халқни шу даражада қашшоқлаштирдики, таърифлашга қалам ожизлик қилади. Қанчадан-қанча одамлар очлик ва касалликлардан ўлди. Уруш ўзбек халқининг бор-йўғидан тамомила айирди, кўрпа-ёстиғи, бошқа рўзғор анжомларидан мосуво бўлди, уй-жойи харобага айланди, оч ва юпун бўлиб қолди.

Очарчилик ва касалликлар қишлоқларда авжига миниб, кўп одамларнинг ёстиғини қуритди. Болаларнинг орасида ҳам ўлим кўп учрарди. Бироқ шўро давлатининг эътиборсизлиги туфайли уруш вақтида орттирилган қийинчилик ва азоб-уқубатлар тамомила бартараф қилинмади. Айниқса, уруш ногиронларининг қадр-қиммати ўрнига қўйилмай, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилди.
Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик,  қаҳрамонлик намунасидир

Хулоса қилиб айтганда, уруш йилларида машаққатли меҳнат ва азоб-уқубатдан бошқа нарсани кўрмаган одамларнинг кўпчилиги қайғу-алам гирдобида жон бердилар. Шунга ўхшаш уруш қатнашчиларининг талай қисми ёруғ кунларни кўрмади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ота-боболаримиз мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар ва талофатлар ҳисобига бутун инсоният бошига тушган офатни бартараф қилишга улкан ҳисса қўшиб, жаҳон тарихида ўчмас из қолдиришди.
Аждодларимиз жасорати ва матонати — фидойилик,  қаҳрамонлик намунасидир

Бу маълумотлар ботир жангчиларимиз, сабрли халқимиз Иккинчи жаҳон урушида юксак жасорат кўрсатганлигидан далолат беради. Биз жасорат ҳамда матонат намуналарини кўрсатган, Ватан ҳимоясида фидойилик кўрсатган ота-боболаримиз қаҳрамонликларини ҳеч қачон унутмаймиз. Улар билан умрбод фахрланамиз. Аждодлар олдидаги фарзандлик бурчимиз – халқимиз жасоратини унутмаслик, хотирасини абадий ёдда сақлаш, тарихдан керакли хулосалар чиқариш, ёшларимизни шундай заминда яшашдан фахр-ифтихор туйиш руҳида тарбиялашдир.
Баходир УЛУҒБЕКОВ,
ИИВ Малака ошириш институти
полковник
Улуғбек ТУЙМАБОЕВ,
ИИВ Малака ошириш институти
подполковник

Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Халқ қабулхоналари томонидан ишсиз ёшлар бандлиги таъминланмоқда

expo
Боглиш маколалар