Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Ўзбек ўғлони, академик Халил Ахмедович Рахматулиннинг иккинчи жаҳон урушида ғалабага қўшган ҳиссаси
22-04-2020 17:26 0 1185 Рейтинг2 Чоп этиш

Ўзбек ўғлони, академик Халил Ахмедович Рахматулиннинг иккинчи жаҳон урушида ғалабага қўшган ҳиссаси

Ўзбек ўғлони, академик Халил Ахмедович Рахматулиннинг иккинчи жаҳон урушида ғалабага қўшган ҳиссаси

Ғалабанинг 75 йиллигига

Бу йил улуғ ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланар экан, бу ғалабада ўзбек ўғлони, ЎзР ФА академиги, Россия ва Ўзбекистон давлат мукофотлари совриндори, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Халил Аҳмедович Раҳматулиннинг беқиёс ҳиссаси борлигидан фахрланамиз. Уруш йилларида олим бевосита ҳарбий саноат вазирлигининг буюртмаси билан тадқиқотлар олиб борган.

Икки оғиз сўз Х.А.Рахматулин ҳақида. У 1909 йил 23 апрелда Тўқмоқ (Қирғизистон) шаҳрида таваллуд топган. Отаси Аҳмад Раҳматулло ўғли Авлиёоталик (ҳозирги Талас) ўзбеклардан, онаси Гулсум аянинг оталари ҳам ўзбеклардан. Отаси эрта вафот этиб кетгач, икки ўғил ва икки қизни Гулсум аянинг ўзи тарбиялайди. Халил 12 ёшлигида (1921) Гулсум ая ҳам вафот этади. Опалари Ашрафи ва Ҳалималар қариндошларидан қарзга пул олиб, Халилни Тошкентга ўқишга юборадилар. У 1925 йилда Тошкент вилоят педагогика техникумига ўқишга кирган. 1929 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон МУ) физика-математика факультетига ўқишга кирган, 1931 йилда у Москва давлат университетининг (МДУ) механика-математика факультетига ўқишни ўтказган ва кейинги фаолияти ушбу университет билан чамбарчас боғлиқ. У 1952 йилда ўз ташаббуси билан МДУ да ташкил этилган “Газ ва тўлқин динамикаси” кафедрасини умрининг охиригача бошқариб келди. Х.А.Рахматулин 1988 йил 10 январда Москвада вафот этди.

У 1937 йилда “Катта тезликлар аэродинамикасининг баъзи масалалари” мавзусида номзодлик, 1943 йилда “Парашют назарияси” мавзусида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. У 1937 йилда жуда кўплаб омилларни ҳисобга олган ҳолда, илм оламида юксакликка кўтарилишни ўйлаб “Раҳматуллаев” фамилиясини “Рахматулин”га ўзгартирди. 1947 йилда ЎзР ФА академиги қилиб сайланган, 1949 йилда собиқ иттифоқнинг биринчи марта давлат мукофотига сазовор бўлган, 1950-йилларнинг бошларида ЎзР ФА физика-математика бўлимини бошқарган ва Механика институти, Ҳисоблаш Марказли Кибернетика институтининг ташкил этилишида кўп куч сарфлаган, миллий республикалар учун 100 дан ортиқ фан докторлари, академиклар, давлат мукофоти лауреатлари ва фан номзодларини етиштириб берган, Ўзбекистонда кўпфазали муҳитлар гидродинамикаси соҳасидаги изланишлари 1968 йилда Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти билан тақдирланган, дунёда энг ноёб адиабатик қисишга асосланган газодинамик труба кашф қилганлиги учун 1974 йилда собиқ иттифоқнинг иккинчи марта давлат мукофотига сазовор бўлган, 1979 йилда механика фанига қўшган улкан ҳиссаси учун олимга Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони берилган. “Халил Рахматулин туғма механик, ҳали у бутун дунёга машҳур бўлади...” – деган эди Альберт Эйнштейн. Олимнинг яқин дўсти, таниқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳор мўъжизавий ихтироларини ҳисобга олиб, Х.А.Рахматулинни “авлиё” деб атаган эди.

Иккинчи жаҳон уруши олимларимиз, айниқса, механика ва механик олимлар олдига катта талаблар қўйган эди. Чунки, 1941 йилнинг ноябр ойига келиб, армияда қалтис вазият вужудга келган – “снаряд етишмовчилиги” (“снарядное голодание”) бошланган эди. Чунки, мамлакатнинг Европа қисмидаги қурол-яроғ омборхоналари немисларнинг қўлига ўтди. Қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган заводларнинг атиги 40% шарққа кўчириб ўтказилди, холос. Ҳарбий техниканинг кўпгина ҳисоб-китоблари фандаги янги кашфиётлар асосида янгиланишга муҳтож эди. Фашистлар эса Москва остонасигача келиб қолган эди.
Ўзбек ўғлони, академик Халил Ахмедович Рахматулиннинг иккинчи жаҳон урушида ғалабага қўшган ҳиссаси

Х.Рахматулин ва А.Ильюшин, 1935 й.

Мамлакат халокат ёқасида турган бир пайтда, бу муаммони ҳал этиш учун талабаликдаги икки дўст – Ильюшин ва Рахматулин астойдил киришдилар. А.А.Ильюшин пўлатни бошқа металл билан алмаштириш ва ундан мустаҳкам бўлган пўлат қоришмали чўяндан снаряд ишлаб чиқаришни кашф этди, снарядларнинг стволдаёқ ёрилиб кетиш муаммосини ҳал қилди. Х.А.Рахматулин эса стволдан отилиб чиққан снаряднинг мўлжалга бориб теккунгача бўлган муаммоларни – математик тенгламаларни, ҳисоб-китобларни барча омилларни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиб берди. Эластик-пластик муҳитлар динамик назарияси соҳасида Х.А.Рахматулин фанда илк бора махсус “юксизлиниш тўлқинлари”ни очди, бу тўлқинларни А.А.Ильюшин “Рахматулин тўлқинлари” деб атади ва шундан кейин дунё илмий адабиётида “Рахматулин тўлқинлари” атамаси пайдо бўлди. “Юксизланиш тўлқинлари” пластик деформацияларнинг қайтарилмас жараёнлари сабабли ҳосил бўлади. У эластиклик чегараси ўзгарувчан муҳитларда эластик-пластик тўлқинлар тарқалиши, такрорий юкланишларда қолдиқ деформациялар йиғилиши қонуниятларини аниқлади ҳамда материалларнинг эластиклик чегараси ташқарисида чўзилиши-сиқилиши динамик диаграммасини олиш услубини ишлаб чиқди. Эластик-пластик материаллар динамик қаршилигининг икки ўлчовли қонуниятларини ўз ичига оладиган услубни ўзлаштириш имконини берадиган назарияни яратди.

Бу назария фундаментлар ва турли иншоотларни ҳисоблашда, кемалар зирҳини тешаолиш ҳисобини бажаришда асос бўлиб хизмат қилди. Иккинчи жаҳон уруши вақтида ушбу назария қояли тупроққа снарядларнинг кириб боришини аниқлашда қўлланилган. Унинг уруш йилларидаги тадқиқотларини ифодаловчи “Қисқа вақтли жадал юкларда мустаҳкамлик” номли монографияси дунё олимлари томонидан эътироф этилди ва жаҳонга машҳур бўлди.
Ўзбек ўғлони, академик Халил Ахмедович Рахматулиннинг иккинчи жаҳон урушида ғалабага қўшган ҳиссаси

Рахматулин тўлқинлари

Х.А.Рахматулиннинг уруш арафасида ва уруш йилларида бажарган илмий ишларининг муҳим йўналишларидан яна бири – боғлаб қўйилган аэростатларнинг аэродинамикасини ўрганиш, ҳаво тўсиқлари тизимини сим-арқонларнинг иш қонуниятларини аниқлаш бўлди.

У мамлакат оғир саноатининг муҳим заводлари билан узлуксиз алоқада бўлиб, ишлаб чиқаришни тезлаштириш бўйича зарур маслаҳатлар бериб турди. Ўзи ҳам ихтироларини амалда қўлланишда ишчиларга кўмаклашди. “Кўндаланг зарба назарияси” айниқса катта иш берди, – деб ёзганди Х.А.Рахматулин. – Пўлат арқонга кўндаланг зарба анча мураккаб математик масала. Буни ҳал этишни урушдан сал илгари (1939) менга топширишганди. Мен ўттиз тўққизинчи йили кўндаланг тўлқинлар ва зарба тезликларини ҳамда эластик-пластик хусусиятларига боғлиқ пўлат арқон деформациясини аниқлайдиган формулалар келтириб чиқардим... Мен ҳисоблаган мудофаа аэростатларининг пўлат арқонлари урушда Москва, Ленинград, Боку каби шаҳарларни ҳимоя қилишда қўл келди” .

Ўша вақтда самолётлар 1500-2000 метр баландликда учарди, холос. Аэростатлар шу баландликка чиқарилди ва пўлат арқонлар билан ўзаро боғланди. Бу симларнинг кўндаланг узунлиги 500 метрдан иборат эди. Уларнинг ҳар бирига маълум оғирликларда тўрттагача граната боғлаб қўйилган. Бу симларга душман самолётлари урилганда гранаталар портлаб кетарди. Бу ишни инглиз олими Ж.Тейлор матбуотда мақтади. Унинг ўзи ҳам кўндаланг зарба масаласи билан шуғулланаётган эди. Тейлорнинг иши Рахматулинникидан кейин чиқди. Унинг ишида зарбали куч пўлат арқонга тик ҳолатда деб қаралган. Бу ҳолда зарба бераётган жисм пўлат арқон бўйлаб силжимайди.

Х.А.Рахматулин эса оғма зарбани ва пўлат арқон билан урилаётган жисм орасидаги ишқаланишни ҳам ҳисобга олган. Кейинроқ бу назария асосида эластик-пластик материаллар динамик қаршилиги қонунларини аниқлайдиган яна бир усул – самолётларни ва учиш техникасини ерда қисқа вақтда тўхтатиш ва қўндириш қурилмалари ишлаб чиқилган. Уруш пайтида самолётлар ердан ноқулай учиш ёхуд қўнаётганларида бу қурилмалар катта иш берган.

Х.А.Рахматулиннинг иккинчи жаҳон урушида ғалабага қўшган ҳиссаси, шубҳасиз, “Парашют назарияси”ни мукаммал ишлаб чиққанликда, урушда ва фронт ортида авиациянинг роли ортиб борганликдадир. Парашют урушдан олдин кашф қилинган бўлсада, бироқ унинг ишлаш назарияси мукаммал эмасди. Ана шундай мураккаб, машаққатли ишни ҳал этишни ватандошимиз ўз зиммасига олди. У МДУ аэродинамика лабораториясидаги вертикал аэродинамик трубада парашют моделининг очилиши жараёнини, очилгандан кейинги ҳаракатини, шаклининг ўзгаришини, мустаҳкамлигини синчиклаб ўрганди, тажрибалар ўтказди, муҳим фактларни аниқлади. Булардан бири, очилган парашют сиртидаги босим фарқининг сирт бўйлаб ўзгармаслиги эди. Иккинчиси, оддий назарий ҳисоб асосида аниқланган мустаҳкамлигига қараганда кўпроқ оғирликка чидай олиши, яъни парашютлар мустаҳкамлик резервига эга эканлиги.

Демак, назарий ҳисобда масаланинг бирор муҳим томони ҳисобга олинмаган эди. Х.А.Рахматулингача фанда очилган парашют гумбази кесилган сфера шаклида деб қаралган. Олим бу шакл гумбазнинг ҳақиқий шаклидан фарқ қилишини пайқаб қолди. У юк осиладиган арқон-стропаларнинг гумбазга кириб кетишини биринчи бўлиб ҳисобга олди. “Парашют назарияси”да – деган эди Х.А.Рахматулин, – парашютнинг ярим сфера формасидан “тўлқинли” четланишини ҳисобга олдим. Мен гумбазнинг очилиш жараёнини аниқлаётиб, гумбаз остидаги ҳаво фақат қутб тешиклари орқали эмас, балки ипак тўқима орқали ҳам ўтишини дунёда биринчи бўлиб ҳисобга олдим, десам мақтанган бўлмайман. Бу назария аэродинамикада янги йўналиш очди...”

Х.А.Рахматулиннинг “Парашют назарияси” уруш йилларида парашютнинг турли функцияларни бажариш учун мўлжалланган шаклларининг вужудга келишига асос бўлди. Парашютлар душман қўшини ичига десант ташлашда ва партизанлар ҳаракатини қўллаб-қувватлашда катта самара берди. Олим парашют соҳасидаги ишларини давом эттириб, уни синашнинг янги усулини ўйлаб топди. Буни инсон бажармас, махсус лойиҳаланган пневматик пушкадан отиладиган робот-парашютчи бажаради. Фанда бу ажойиб пушка “Рахматулин пушкаси” деб ном олди.

Москвада расмий доираларда дўппи кийган ўзбек ўғлони, ЎзР ФА академиги Х.А.Рахматулиннинг уруш даврида эластик-пластик тўлқинлар ва мослашувчан боғланиш тўлқинлари динамикаси соҳасидаги тадқиқотлари учун 1949 йилда биринчи марта собиқ иттифоқнинг давлат мукофоти билан тақдирланган. Дарҳақиқат,буюк ғалабада ватандошимизнинг ўзига хос ҳиссаси борлигини фахр билан эслар эканмиз, бугунги тинчликнинг қадрига етиш, шунга олиб келишда улуғ алломаларнинг хизматини ибрат қилиб, ёшлар онгида миллий ғурурни шакллантириш ва тарбиялаш долзарб вазифа эканлигини англаб етамиз.

Рахматулин тўлқинлари

Ҳаёлимда яшар бир нурли сиймо,
Кемада сузмоқда – дарғадир гўё!
Огоҳ этиб кўкни ҳайқирар дарё:
Рахматулин тўлқинлари!

Нима бу ўйимда акс этган ғоя,
“Юксизлик тўлқини”ми – кашфга доя.
“Кўндаланг зарба”дир – юртга ҳимоя –
Рахматулин тўлқинлари!

Илк бора Минаков ўйларга толган:
“Хоразмий юртидан...” дея тан олган.
Марказком котиби ҳайратда қолган –
Рахматулин тўлқинлари!

Кўп фазали муҳит илмини илк бор,
Инкишоф айлади қилиб устивор.
Парашют илмини фанга қилди ёр –
Рахматулин тўлқинлари!

Қойил қилар эди аскияни ҳам,
У борган даврага киролмайди ғам.
Ўзбекларга қувват бўларди ҳар дам –
Рахматулин тўлқинлари!

Механика унинг ҳаёт мазмуни,
Миннатдор авлодлар эслашар уни.
Эзгулик эш бўлиб яшар ҳар куни –
Рахматулин тўлқинлари!
***
Турсунбой РАШИДОВ,
Ўзбекистон фанлар академияси академики
профессор Ботир МАРДОНОВ,
физика-математика фанлари доктори,
доцент Муҳаммад РАҲИМ

Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
сколько будет три плюс три (ответ цифрой)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Халқ қабулхоналари томонидан ишсиз ёшлар бандлиги таъминланмоқда

expo
Боглиш маколалар