Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Жонажон ватанимизнинг “йил мамлакати” деб эътироф этилиши бежизга эмас
23-12-2019 23:07 0 4952 Рейтинг0 Чоп этиш

Жонажон ватанимизнинг “йил мамлакати” деб эътироф этилиши бежизга эмас

Жонажон ватанимизнинг “йил мамлакати” деб эътироф этилиши бежизга эмас

Йил мамлакати” – бир қарашда оддий кўринган бу сўзнинг замирида қанчадан-қанча машаққат, меҳнат ётибди.

Буюк Британиянинг 1843 йилдан буён фаолият юритиб келаётган ҳамда дунёдаги энг обрўли ва машҳур “The Economist ” журнали бизнинг мамлакатимизни шундай юксак номга сазовор бўлганлигини эътироф этиб, юртимизни жорий йилда жадал суръатда ўсишга эришган мамлакат деб топди.

Ҳар ҳафта 800 мингдан ортиқ нусхада чоп этилаётган мазкур журнал ҳар йили демократияга интилаётган мамлакатлар орасидан бу йўлда энг катта қадам ташлаган давлатни “Йил мамлакати” деб эътироф этиб келади.

“The Economist” журнали версиясига кўра “Йил давлати” номи ўтган йили Арманистонга насиб этган бўлса, жорий йилда эса бу номга Шимолий Македония, Судан, Греция каби давлатлар талабгорлик қилган ва бу юксак номга бизнинг юртимиз муносиб деб топилган.

“Ҳукумат мажбурий меҳнатни бас қилди. Мудҳиш номи билан танилган қамоқхона ёпилди. Хорижлик журналистлар мамлакатга киритилмоқда. Давлат иқтисодиётини қуриш учун хорижлик технократлар таклиф этилмоқда”, дейилади мақолада.

Шунингдек, “Ўзбекистон ҳали узоқ йўл босиши керак, аммо ҳеч қайси бир давлат 2019 йилда Ўзбекистончалик олға қадам босгани йўқ”, дея хулоса қилинган “The Economist” журналида.

Бундай шарафли номга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди.

Ўтган қисқа давр ичида юртимизда Президентимиз раҳнамолигида жуда кўплаб ижобий ишлар, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Қайси соҳа ёки йўналишни олмайлик, барча жабҳаларда кескин ўзгаришлар бўлганлигини ва бўлаётганлигини барчамиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Демократик давлатнинг асосий белгиси нимада?

Фуқароларнинг эркинлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ қилиш, сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги, тадбиркорликка кенг йўл очилиши, чегараларнинг очилиши, коррупцияга барҳам бериш, фуқаролик жамиятининг шаклланиши, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, халқаро эътироф этилган нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва бошқа кўплаб йўналишларда амалга оширилган ишларни қайд этиш мумкин.

Юқорида санаб ўтилганларнинг барчаси юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўзининг аксини топмоқда.

Биргина, давлатимиз раҳбари фаолиятининг илк даврлариданоқ “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Чунки коррупция бўлган давлатнинг эртанги келажаги бўлмайди. Давлат ичидан емирилиб, таназзулга юз тутади. Шу сабабдан ҳам юртимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилди.

Шунингдек, юртимизда мажбурий меҳнатга буткул барҳам берилди. Бу эса дунё мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилганлигини ҳамда халқаро оммавий нашрларда ҳам кенг ёритилганлигини барчамиз яхши биламиз.

Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги таъминланмоқда. Халқаро оммавий ахборот воситаларига эшиклар очилди. Уларга юртимизда амалга оширилаётган ишлар, фуқароларимизнинг ҳаёти, шунингдек мамлакатнинг ислоҳотларини ёритиб бориш бўйича эркинлик таъминлаб берилмоқда. Буни куни кеча бўлиб ўтган сайловлар жараёнида ҳам гувоҳ бўлдик.

Юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очилди, кичик бизнес янада кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда. Ёшларимизнинг мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларда таълим олишлари учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилмоқда.

Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида кенг бунёдкорлик ишлари авж олиб бормоқда.

Қўшни мамлакатлар билан алоқалар тикланди, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда ҳамда юртимиз ва чет эллик фуқаролар учун туристик имкониятлар, инвесторлар учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Жумладан, CNN сайтида куни кеча чоп этилган “Нега Ўзбекистон 2020 йилда энг яхши сайёҳлик йўналиши деб эътироф этилмоқда?“ мавзусида чоп этилган мақолада келтирилган маълумотлар ва статистик рақамлар ҳам буни тасдиқлайди. Хусусан мазкур мақолада қайд этилишича, “Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатни саёҳатчилар учун туристик масканга айлантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 90 га яқин давлат фуқаролари учун мамлакатга киришда 30 кунлик визасиз тизимни, 77 давлат фуқаролари учун электрон виза тизимининг жорий этилиши ушбу мамлакатга келувчи сайёҳлар оқимининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Сайёҳликка оид нашрларнинг энг етакчиси “Lonely Planet” Ўзбекистонни “2020 йилда саёҳатга муносиб мамлакат“ дея эътироф этди“.

Бундан ташқари, АҚШ Тижорат вазирлиги Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқими ошиб бораётганлиги, 2014 йилда республикамизга келувчилар сони 1,9 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2018 йилда ушбу кўрсаткич 5,4 миллионга етганини эътироф этган.

Бинобарин, Юртбошимиз раҳбарлигида мамлакатимизда халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамиятни демократлаштириш йўлида жадаллик билан амалга оширилаётган ишлар, ижобий ўзгаришлар билан фахрлансак арзийди, албатта.

Юртимизга, халқимизнинг бирдамлигига кўз тегмасин. Давлатимиз дунё мамлакатлари орасида шундай юксак ва шарафли номларга сазовор бўлаверсин.

Зафар ЖУМАНОВ,
ИИВ Малака ошириш институти
бошлиғининг ўринбосари

Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*