Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Шерзод Қудратхўжаев: "Тил – миллат ДНКсидир"
21-10-2019 14:06 1 368 Рейтинг0 Чоп этиш

Шерзод Қудратхўжаев: "Тил – миллат ДНКсидир"

Шерзод Қудратхўжаев: "Тил – миллат ДНКсидир"

Инсонда она битта бўлгани каби, она тили ҳам ягона бўлади. Ҳар ким инсон, Ватан тушунчасини илк бор она тилида англайди, уйғунлик ва хотиржамлик бағишловчи аллани ҳам айнан шу тилда эшитади. Шунинг учун бўлса керак, тил, миллат, ватан тушунчалари доимо ёнма-ёндир.

Мана ўттиз йилдирки, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини нишонлаймиз. Турли-туман баннерлар чиқарамиз, саноқсиз тадбирлар, концертлар ўтказамиз. Тилни қадрлаш ҳақидаги шиорлардан олам-олам фахр-ифтихор туямиз. Ойнаи жаҳонда кўрсатувлар тайёрлаймиз.
Хўш, бу ҳаракатларимиз қанчалик аҳамият касб этяпти? Тилимиз ривожи учун нималар қилдик ва яна нималар қилишимиз керак. Шу каби саволларга сиёсий фанлар номзоди, Халқаро пресс-клуб раиси, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев билан жавоб изладик.

– Айтингчи, Ўзбекистонда ўзбек тилининг қадри қай даражада?

– Очиғини айтсам, сохта социализм даврининг салбий таъсиридан тўла-тўкис холи бўлганимизча йўқ. Байрамларни яхши кўрамиз. Яхши байрамларимиз ҳам бор. Масалан, Рамазон ҳайити. Лекин, унгача ўттиз кун рўза тутилади ва шу кунга муносиб бўлишга ҳаракат қилинади. Бунда ҳикмат кўп. Лекин 364 кун ўзбек тилига лоқайдлик кўрсатиб, фақат 21 октябрнигина байрам қиладиган бўлсак, бу нотўғри. Ўзбек тилининг ҳақиқий ривожи учун ҳаракат қилмаганимиз шундан ҳам маълумки, бугун йирик шаҳарларимиздаги рекламаларнинг 80-90 фоизи бош­­қа тилда. Айнан шунга кўра, биз ўтган давр мобайнида жуда кам иш қилдик, деб ўйлайман. Бу бизнинг фожиамиз. Чунки миллатни миллат қиладиган, уни бошқалардан ажратиб турадиган жиҳати, бу – тил. Бу тахлит «ухлаш» бизга асло ярашмайди. Мен турк халқининг забардаст ўғлони Отатуркнинг гапини кўп эслайман: «Ухлаб ётган миллат ё қул бўлиб уйғонади, ёки йўқ бўлиб кетади». Биз шўро даврида ўзбек тилида эмин-эркин гаплаша олмасдик, ҳатто, кўчада ҳам, давлат идораларида эса…

– Тилимиз бу даражада қадрсизланишига ким айбдор деб ўйлайсиз?

– Кўчадаги сотувчи ёки пистафуруш эмас. Афсуски, тил бўйича масъул одамлар, айрим зиёлиларимиз орасида ўзбек тилининг бошқа тилларга нисбатан луғавий базаси, тарихи чуқур эмас деб ҳисоблаганлар ҳам кўп бўлган. Алишер Навоий дунёдаги бошқа буюк шоирлар билан таққослаганда 4-5 мингдан кўпроқ сўз ишлатган. Тўғри, бугунги ўзбек тили билан Навоий тили ўртасида фарқ бор. Бу ҳар бир тилда учрайдиган табиий ҳолат.
Яна бир нохуш жиҳат шундаки, бизнинг зиёлилар, амалдорлар, пули бор одамлар болаларини ўзбек эмас, бошқа тилли мактабга беряпти. Бу ўзининг салбий оқибатини кўрсатмай қўймайди. Юрт келажагини ўз тилини билмайдиган ёшларга ишониб бўлар эканми ахир?

– Бу борада зиёлилар қатлами барча масъулиятни ўз зиммасига олиши керак эмасми? Хўш, улар ўзбек тили ривожи учун нималар қиляпти?

– Эркин Воҳидов қаламига мансуб мана бу сатрларга эътибор қилайлик:
Менга Пушкин бир жаҳон-у,
Менга Байрон бир жаҳон.
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўкси осмон ўзбегим.
Эркин акада мустабид даврида ҳам руҳ ва ғурур бўлган. Миллатга нисбатан муҳаббат руҳи. Ахир, 28 йилдан буён мус­тақилмиз. Лекин шу руҳ бизга ҳамон етишмаётгандек..

Журналист сифатида нималарни маслаҳат берасиз?

– Биз бағрикенг миллатмиз. Лекин бағрикенгликда ҳам чегара бўлиши керак. Эркак аёлини рашк қилгани каби, биз ҳам ўз тилимизни бошқа тиллардан қизғанишимиз, унга гард юқтирмаслигимиз лозим. Америка, Европа давлатларида одамлар одатда кўп тил ўрганмайди. Ёшлар касб, ҳунар ўрганади ва шунинг орқасидан миллионер бўлади. Мен бу билан тил ўрганмаслик керак демоқчи эмасман. Фақат бунга муккасидан кетмаслик керак. Ўзбек тилини зўр билган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Бошқа тилларни хоҳлаганча ўрганиш мумкин, лекин, аввало, ўз она тилини севиши ва билиши шарт.
Яна бир муаммо борки, баъзи ота-оналар ўзини судхўр каби тутади. Боласини банкка қўйилган пулдек кўради. Боламга тил ўргатсам, Америкада, Корея, Туркия, Дубайда ўқиб, у ерда ишлаб менга пул жўнатади, деб ўйлайди. Балки бола Ўзбекистонда яшашни, ўзбек таомларини истеъмол қилишни, ўзбек ҳавосидан нафас олишни хоҳлар?! Нега биз боламиз келажагини фақат чет элда кўряпмиз? Унинг тақдирини ўз билгимизча ҳал қиляпмиз. Бу ўта кетган худбинлик. Мисол қилиб айтганда, менинг ҳаётимда ҳам маълум муддат оғир кунлар бўлган. Лекин Ўзбекис­тондан кетишни ўйламаганман. Бугун шу кунларга етганимга шукр қиламан.

– Мени ҳамиша бир савол қийнайди, нега қонунлар дастлаб рус тилида ёзилади?!

– Бунда ҳуқуқшуносларимизнинг ҳам айби бор. Чунки кўпчилигимизнинг тилимиз бошқа тилда чиққан. Ўзбек тили бой тил эмас, деган ўй-фикрлар таъсиридандир балки?
Биз тилимизда қанча кўп гаплашсак, кўп китоб ўқисак, мутолаа қилсак, роҳатланиб гапирсак, кўп ва хўб сўзласак, тил ҳам бойиб бораверади.
Инсоннинг ўз она тили бор экан, у ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмайди. Шундай экан, биз фақатгина 21 октябрда эмас, йил давомида тилимизни қадрлашимиз, унга нисбатан ҳурматда бўлишимиз керак.

Ўйлайманки, миллат учун тил – бу ҳар бир инсоннинг ДНКси кабидир. ДНКси ўзгарган танада эса ҳар хил ўзгаришлар бўлади ва аста-секинлик билан тана ўз кучини йўқотади. Агар инсон тилини ўзгартирса, нафақат тил, балки миллат ҳам ҳалокатга юз тутади.
Шарҳлар

Тельман
Узбекистон худудида идоралар, кучалар в.б. номлар энг аввал давлат тилида, ундан кейингина бошқа тилларда берилишини мажбурий холатдир!

Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
сколько будет три плюс три (ответ цифрой)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Самарқандда жазо муддатини ўтаётган маҳкум қочиб кетган

Суриядаги хорижий террорчилар ўз ватанига қайтариб юборилади

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади

Ёшларда эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат каби фазилатларни шакллантириш йўлида муҳим қадам

expo
Боглиш маколалар