Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Академик Ҳабиб Абдуллаев - Беназир фан ташкилотчиси ва Буюк давлат арбоби
01-08-2019 10:22 0 590 Рейтинг0 Чоп этиш

Академик Ҳабиб Абдуллаев - Беназир фан ташкилотчиси ва Буюк давлат арбоби

Академик Ҳабиб Абдуллаев - Беназир фан ташкилотчиси ва Буюк давлат арбоби

Бугун ўзбек фанини буюк намояндаси таниқли олим академик Ҳабиб Муҳамедович Абдуллоевни туғилган куни нишонланмоқда.

Мустақилликнинг ҳозирги муҳим босқичида, муҳтарам Ш.М.Мирзиёевнинг республикамиз илмий-техникавий, ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш, халқимиз маънавиятини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли, кенг ва мазмунли ислоҳотлар кўламига назар ташлар эканмиз, улар ўтмишда собиқ совет тизими исканжасида бўлишига қарамай, ватанпарвар республика рахбарлари, хусусан ҳурматли Ш.Р.Рашидов ва илм-фан фидоийси академик, аввал, республика фанлар академиясининг вице-президенти ва кейинчалик унинг президенти - Хабиб Мухаммедович Абдуллаев томонидан илм-фан тараққиётига қўшган улкан хиссалари билан ҳамоҳанглигини эслатиб туради.

Маълумки фанимиз устидан қозонилган ғалабада, Ўзбекистоннинг муҳим хиссасини инобатга олиб ва унинг бой моддий ҳамда шахсий-инсоний ресурсларини истифога киритиш, энг аввало илм-фанни ривожлантириш орқалигина эришиш мумкинлигини фахмлаган собиқ давлат рахбариятининг1956 йил мартида “Ўзбекистонда фанни ривожлантириш бўйича” махсус қарорини қабул қилиниши жуда катта воқеа бўлиб, фан тараққиётига берилган маъсулиятли имконият эди. Бу қарор Ўзбекистон Фанлар академиясига катта вазифалар юкланганлиги бежиз эмас эди. Бунга биноан энг аввало республикамиз фанининг бош штаби бўлмиш ЎзФА раҳбари юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, жаҳон эътироф этган олим ва тажрибали мутахассис бўлиши шарт эди.

Шундай шахслардан бири таниқли олим, давлат ва жамоат арбоби, юқори давлат бошқарув органларида раҳбар бўлиб тобланган, ишлаб чиқариш ва олий таълим сохасида бой тажрибага эга бўлган буюк инсон – академик Х.М.Абдуллаевни 1947 йилдан ЎзФА вице-президенти ва 1956 йилдан 1961 йилгача унинг президенти бўлиб ишлаган чоғида республикамизда илм-фаннинг ривожланиши тарихида, Академияни (1943 йилда) ташкил этилганидан кейинги яъни бир даврни бошлаб берган эди.

Келтириб ўтилган мазкур қарорда республикамизда илм-фаннинг ривожланишига юқори талаблар қўйилиб, унинг учун катта имкониятлар яратилиши ҳам кўзда тутилган эди. Унга кўра, энг муҳими, Собиқ тизимнинг энг йирик илмий марказлари ва шахарларига, Фанлар Академияси, унинг Новосибирск, Урал бўлинмаси, илмий текшириш институтлари, университетларига ажратилган квоталар бўйича Республикамизда фаннинг барча сохалари бўйича, докторантлар, аспирантлар қабул қилиниши белгиланган, қолаверса, ЎзФ академиясининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам аниқ вазифалар кўзда тутилган эди.

Бундай маъсулиятли ва шарафли топшириқни ташкилий, илмий-амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш Академиянинг янги сайланган Президенти Х.М.Абдуллаевнинг зиммасига юкланганлиги, таъкидлаганимиздек бежиз эмас эди, албатта. Шу даврдан бошлаб ЎзФА ҳаётида фундаментал тадқиқотлар олиб бориш бўйича йирик силжишлар юз бердики, у дунёга танилди, хусусан:
Замон талаби даражасидаги қатор йирик илмий-текшириш институтлари барпо этилиб, уларнинг моддий-техник базаси кучайтирилди;
Тажриба-ишлаб чиқариш конструкторлик буюролари яратилди;
Илмий ходимлар истиқомат қилиши учун Тошкент шаҳрида “Академиклар шахарчаси” ва аспирантлар уйи қурилди;
Марказий Осиёда ягона бўлган Ядро физикаси институти қурилиб, унинг ходимлари яшаши учун барча қулайликларга эга бўлган Қибрай туманида “Улуғбек” посёлкаси қурилди;
Москва шаҳри, Рязань шох кўчасида Ўзбекистонлик аспирант, тадқиқотчи ва келиб кетувчилар учун ҳеч қайси республикада бўлмаган аспирантлар уйи ва меҳмонхонаси қурилди;
Аспирантлар фаолиятига кўмаклашиш ва уни мувофиқлаштириш учун Москвадаги Ўзбекистон ваколатхонасида алоҳида мутасадди тайинланган.
Бундай имкониятлар республикамиз шаҳар ва қишлоқларидан илмга ташна бўлган иқтидорли ёшларни оқиб келишига асос бўлган. Булар қаторида мен ҳам 1957 йили Бухоро вилоятидан республика министрлар Советининг Фармойишига мувофиқ ЎзФА иқтисодиёт институтига кўчирилиб, сунгра Москва Давлат Иқтисодиёт институти аспирантурасига киришга мувофиқ бўлганман. Таъкидлаш жоизки, Х.М.Абдуллаев ҳар сафар Москвада иш юзасидан бўлганимда Ўзбекистон ваколатхонасига аспирант ва докторантларни йиғиб, улардан ҳабар олар ва оталарча ғамхўрлик қилиб ишларини жадаллашишига керак бўлса, тегишли мутасаддиларга топшириқлар берар эди. Бундай инсонийлик аспирантлар рухиятини кўтарар эди.

Таъкидлаш жоизки, Х.М.Абдуллаев республика бўйича илмий-техникавий ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларини мувофиқлаштириш учун 1952 йили ЎзФА Президиуми қошида ташкил этилган COПC (Республика ишлаб чиқарувчи кучларини ўрганиш кенгаши) ташкилотининг раиси сифатида ҳам кенг фаолият юритган. Афсуски бу ташкилотнинг 1992 йили бутунлай тугатилганлиги ачинарли бир ҳолат бўлди.

Хабиб Мухаммедовични 1942 йил Ўзбекистон министрлар Совета Раисининг ўринбосари ва бир йўла 1944 йилдан Республика Госплани Раиси сифатида фаолият юритгани, фаннинг илғор йўналишларини шакллантиришдаги аниқ тафаккурини чуқурлаштириб, уларни ишлаб чиқариш талаблари билан чамбарчас боғлашга муҳим асос яратганлиги шубҳасиз.Бу туфайли фаннинг самарадорлиги ҳам сезиларли даражада ошиб борган. Шубҳасиз Ўзбекистон фанининг бундай одимлари Республика биринчи раҳбарининг фаолиятига бевосита боғлик бўлган.

Бу жиҳатдан у даврда Республика раҳбари бўлиб ишлаган, ҳурматли Ш.Р.Рашидовнинг фаолияти алоҳида тахсинга сазовар. У зот фан аҳлини ва фан тараққиётини доимо қувватлаб, унинг ривожига муносиб ҳисса қўшган. Шароф Рашидов олимлар, академиклар билан доимо мулоқотда бўлган, ёшларни қўллаб қувватлаб келган. Унинг қарийиб 25 йиллик республикага раҳбарлик қилган чоғида унинг фани мукаммал шаклланиб, юқори малакали кадрлар билан таъминланган, ва бу ҳолат билан у фахрланган. ЎзФА умумий мажлисларида қатнашиб, муҳим тавсиялар берган ва улар унинг “Высокий долг учёных Узбекистана” (Ш.Р.Рашидов. Высокий долг учёных Узбекистана. Ташкент: Изд. ЦККП Узбекистана, 1980. – 27 с.) деган китобчасида ўз ифодасини топган ва олимларни, академикларни кўпайишидан ўта ғурурланган.

Афсуски бундай салоҳият мамлакатимиз мустақилликка эришгунича мустабид тузуми даврида ва истиқлолнинг илк даврида “ғарб модаси” га “таасуф” қилиниши туфайли фавқулодда, пала-партиш, чуқур ўйланмаган қарорлар қабул қилиниши шундай ҳавфли вазиятни юзага келтирдики, у мамлакатимизни инқироз гирдобига тортиш даражасига олиб келди. Бу жараёнда жамиятимизни интеллектуал салоҳиятини белгилаб келган фан ва таълим сохаси қаттиқ зарбага учради. Айниқса, Ўзбекистон фанлар академиясининг аксарият илмий-текшириш институтларини турли хил вазирликларига тарқатиб юборилиши, йиллар мобайнида шаклланган Ўзбекистон фанини катта тахликага учратди, унинг бетакрор президенти бўлмиш Хабиб Мухаммедович Абдуллаевнинг рухи-покларини ҳам ранжитди.

Ҳозирги даврда мамлакатимиз президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан мазкур институтларнинг аксарият қисмини Фанлар Академиясига қайтарилиши академиклар ва олимлар учун мисли кўрилмаган шарт-шароитларни яратилиши академиямизни қаддини тиклаб олишга имкон яратмоқда.Умуман, мустақилликни охирги икки йил атрофида шаклан тадрижий, мазмунан инқилобий хусусиятга эга бўлган мамлакатимизни бошдан оёқ барча сохаларини тизимли ислоҳ қилиниши мерос бўлиб ўтган иллатларга барҳам бериб, давлатимизни замонавий инновация моделига мос ҳаракатлар стратегияси асосида ривожланишига кенг йўл очди ва унинг нуфузини ошириб, жаҳон ҳамжамияти орасида муносиб ўрин эгаллашига катта умид бағишлайди ва Хабиб Мухаммедовичдек забардаст олим ва комил инсоннинг фан тараққиётига қўшган хиссалари, орзуларини намоён этиб, унинг рухи-покларини шод этади.
ЎзР ФА Академиги, Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган Фан арбоби,
Беруний номидаги республика Давлат мукофоти лауреати,
Иброхимжон ИСКАНДЕРОВ

Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
сколько будет три плюс три (ответ цифрой)
Жавоб:*
Боглиш маколалар