Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ «Ўзбек иши» яқин ўтмишдаги катта мардликлар
25-10-2018 12:36 0 1761 Рейтинг1 Чоп этиш

«Ўзбек иши» яқин ўтмишдаги катта мардликлар

«Ўзбек  иши»   яқин ўтмишдаги катта мардликлар

Наҳотки, билмасалар
Ўзбек иши нелигин.
Асли ўзбек кўтарган
Маърифатнинг пилигин.

Берунийдан ўрганди
Тафаккурни қитъалар.
Демак илму ирфон ҳам
Ўзбек иши аталар.

Бузилди зиндонларнинг
Эшигию тирқиши.
Билиб қўйгин биродар
Мана бу ўзбек иши!

Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони.

Ўтган йили Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳа ходимларидан бир гуруҳини ҳукуматимизнинг орден ва медаллари билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармонни ўқиётиб, кўзим Оқил Умурзоқович Салимов номига тушди.

Бу ажойиб тақдирли инсондир. Яқиндагина “Ёшлар” телеканалида “Зиё дарғалари” рукни остида атоқли давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Умурзоқович Салимовга бағишланган кўрсатув намойиш этилган эди. Кўрсатувда олижаноб инсон, таниқли олим академик Саъдулла Искандаров ва бошқа қатор олимлар Оқил Умурзоқовичнинг катта ва ибратли ҳаёт йўли, Ўзбекистонда илм-фан ривожига, мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси, халқимиз мустақилликка эришгандан сўнг, амалга оширган, ҳавас қилишга арзийдиган амалий ишлари тўғрисида сўз юритдилар. Дарвоқе, Тошкент ирригация ва мелиорация олийгоҳи (ТИИМСХ) да 40 йилга яқин фаолият кўрсатиб, талабаларга дарс берган, физика-математика фанлари номзоди, доцент Маъмурахон Тоштанова катта алломалар С. И. Искандаров ва О.У. Салимовларнинг ва кейинчалик, Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Оқил Умурзоқович билан ёнмаён туриб, институтга раҳбарлик қилган йилларини завқ билан фахрланиб эслайди. ­ Олийгоҳимиз улкан жамоаси булар атрофида жипслашиб, илмий-тадқиқот ва жамоат ишлари авж олиб, катта самара берган йиллар эди, - дейди у.

Ўз навбатида, Оқил Умурзоқович халқимизнинг асрий орзуси бўлган мустақилликнинг аҳамияти, уни кўз қорачиғидек асраш зарурлиги ҳақида сўз юритдилар, ўтмишни эслар эканлар, куюниб, ­ собиқ Марказ томонидан “пахта иши”, “ўзбек иши” каби ўйлаб топилган сохта “жиноий ишлар”ни қоралаб гапирдилар. Маълумки, у киши Ўзбекистон Олий Совети Президиуми Раислигидан кейин бир муддат Тошкент ирригация ва мелиорация олийгоҳида ректор бўлиб ишлаган ва ноҳақ қамоққа олинган эди.

“Ўша кунларда оиламиз аъзолари ва яқинларимиз кўп азоб тортдилар, – деди Оқил Умрзоқович ўз чиқишида. – Уларни кўчада учратиб қолган баъзи кишилар сўрашмаслик учун ҳатто кўчани бошқа томонига ўтиб кетишар эди. Иккита неварамни тегишли ўқишдан четлаштиришди. Шундай оғир кунларда олижаноб ва мард инсон, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев оиламиз жонига оро кирди, мунтазам равишда хабар олиб, қўллаб-қувватлаб турди”. Кўрсатувни кўрар эканман, ўша даҳшатли кунлар эсимга тушди...

Ўтган асрнинг 80-чи йилларининг охири эди. “Пахта иши”, “ўзбек иши” бўйича қама-қамалар авжига чиққан. Мен у пайтда Қибрай тумани халқ назорати қўмитаси раиси бўлиб ишлар эдим. Шу кунларнинг бирида олдимга раҳматли Муҳсин Ҳусанович Ғозиев умр йўлдоши – Оқил Умурзоқович Салимовнинг синглиси, Тошкент ирригация ва мелиорация олийгоҳи доценти раҳматли Лола опа билан кириб келишди.

Маълумки, Муҳсин Ҳусанович Ядро физикаси институтида ишлаган йиллари (у пайтда институт туманимиз таркибига кирар эди), Қибрай туманининг таниқли фаолларидан бўлган, 1971 йилда Ўзбекистон автотранспорти вазирининг ўринбосари этиб тайинланган ва 1987 йилда саломатлиги бўйича пенсияга чиққан эди. У киши катта ташкилотчилик қобилиятига эга бўлиб, автотранспорт корхоналари ишини яхши билар, мамлакатимизда йўловчилар ташиш тармоғини яратиш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, автотранспорт соҳасида миллий кадрлар ҳисобидан кўплаб малакали раҳбарларни тарбиялаб етиштирганди. Қисқаси барча билан хушмуомалада бўлиб, камтар ва эътиборлилиги билан ажралиб турар, республика автотранспортчилари, фаоллар орасида катта ҳурматга сазовор эди.
Муҳсин Ҳусанович сўрашганимиздан кейин “Тегишли масала бўйича ТИИМСХ ва туманингиздаги “Қизил Ўзбекистон” жамоа хўжалиги билан шартнома тузиш лозим. Ҳужжат икки нусхада, бизга катта ғамхўрлик, олижаноблик билан ҳиммат кўрсатаётган, Тошкент ирригация ва мелиорация институти раҳбарларидан бири бўлмиш Шавкат Миромонович Мирзиёев топшириғига асосан тайёрланган. Шу масалани ҳал этиш зарур”, - дедилар, Барака топсин! У кишига раҳматли Шароф Рашидовичнинг назари тушган...

Айтишларича, Шавкат Мирзиёев ҳали ўсмирлик пайтидаёқ тенгдошларни эргаштириб, жамиятга наф келтириш мақсадида ўқувчилар ишлаб чиқариш жамоасига етакчилик қилган, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга ҳисса қўшган. Туман миқёсида ўтган бир йиғилишда бу ҳақда камтарлик билан ҳаяжонланиб гапириб берган. Иттифоқо бу тадбирда ҳозир бўлган Шароф Рашидович ўсмир йигитчанинг пешонасидан ўпиб, костюми чўнтагидан чиройли авторучкани олиб унга совға қилган эди. Йиллар ўтди, у институт талабаси бўлди, ёшлар етакчиси этиб сайланди, ўқиб-изланиб мана энди институт раҳбарларидан бирига айланди... Унинг илмий изланишларидан хабардор бўлган биродаримиз академик Маматхон Аҳмаджонов, улар тўғрисида оғзидан бол томиб гапирадилар”- деб қўшиб қўйдилар.

Мен меҳмонларни кузатиб қўйгандан кейин, “Қизил Ўзбекистон” жамоа хўжалигига жўнадим... Хўжалик раиси, Неъмат Абдуллаевич Соатов шартнома матни билан танишиб чиқди ва у О. У. Салимовга алоқадор ҳужжат эканлигини дарров тушунди. Шу ерда ҳозир бўлган Қибрай тумани ижроқўми раиси Баҳром Нозимович Носиров ва менга қараб: “Ҳеч шубҳасиз, Оқил Умурзоқовичдай ҳурматли одамга қўйилган барча айблар туҳматдан иборат. Мен адолат қарор топади ва у киши тўлиқ оқланишига ишонаман” – деб, шартномага имзо қўйиб, хўжалик муҳрини босди ва ҳужжатнинг бир нусхасини менга топширди.

Эртасига бундан ниҳоятда миннатдор бўлган Муҳсин Ҳусанович яна келди. У киши чуқур ўй суриб ўтирар экан, оҳиста вазминлик билан гапира бошлади: “Республика автотранспорти вазирига ўринбосар этиб тайинланишимдан аввал, мен Шароф Рашидовичнинг суҳбатида бўлдим. Суҳбатлашар эканмиз, менга у кишидан қандайдир марҳаматли нур ёғилаётгандай туюлди, ўзимни қандайдир енгил, худди ҳавода учаётгандай сездим. У кишининг олдидан ниҳоятда кўтаринки руҳ билан чиқиб, зинапоядан пастга қараб тушар эканман, шахсга сиғиниш йиллари жабр кўрган раҳматли отамни эсладим. У киши 11 йил “халқ душмани” сифатида қамоқда ўтирган пайтларда оғир хасталикдан сўнг меҳрибон онам оламдан ўтиб кетдилар. На отам, на онам ўғилларига Аллоҳнинг марҳамати ёғиб турган шундай кунни кўришмади, деб афсусландим...

1941 йилда Амир Темурнинг қабрини очишиб, руҳини безовта қилишди ва даҳшатли уруш бошланди. Балки бу тасодифдир, ким билади... Мана энди Шароф Рашидовичнинг қабрини очиб, руҳларини безовта қилишди, жасадини кўчиришди. Халқимизнинг бошига шундан кейин қанча кулфат ёғилди... Мен яхши биладиган инсон, пахтачилик саноати собиқ вазири Ваҳобжон ака Усмоновдай одам туҳматга учраб, отилиб кетди. Бир қанча раҳбарлар ноҳақликка чидолмай, ўз жонига қасд қилишди. Бу ҳам балки тасодифдир... Шундай бўладики, у-бу қурилиш амалга оширилаётганда, автомобиль йўлларини ўтказишда қабристонларни бузишга, бошқа жойларга кўчиришга тўғри келади ва ҳеч нима қилмайди. Лекин, ўйлашимча, Аллоҳ шундай ёрлақаган одамлар бўладики, уларни қабрига тегиб, руҳини безовта қилиб бўлмайди. Шароф аканинг қабрига тегиш керак эмас эди», - дедилар-да, кейин: “Раис бувага бизнинг катта миннатдорчилигимизни етказиб қўйинг. Ҳаммаси яхши бўлади. Қора булутлар тарқаб, яна қуёш чарақлаб чиқади”, - деб қўшиб қўйдилар...

Телекўрсатувни томоша қилар эканман, халқимизнинг “Олтин зангламас” деган гапи хаёлимдан ўтди. Яқин тарихимизда ана шундай машъум кунлар бўлган эди. Ўшанда Неъмат Соатовдек тумандошларимиз ҳақиқий одамийлик ва мардлик намунасини кўрсатгандилар. Бу ҳам бўлса, биз учун улкан сабоқдир.
Носир Тоиров,
сиёсатшунос,
Қибрай тумани меҳнат фахрийси
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари
expo
Боглиш маколалар