Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Бугун ўқитувчи жамиятда қандай имтиёзга эга?! Деярли ҳеч қандай!
18-06-2018 09:31 0 428 Рейтинг1 Чоп этиш

Бугун ўқитувчи жамиятда қандай имтиёзга эга?! Деярли ҳеч қандай!

Бугун ўқитувчи жамиятда қандай имтиёзга эга?! Деярли ҳеч қандай!

Сўнгги пайтларда ОАВда, ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири — ўқитувчи обрўси масаласидир. Жамиятда педагог имижини қайтадан жозибадор қилиш, муаллим обрўсини ошириш омилларидан бири, шубҳасиз, улар меҳнатини муносиб рағбатлантиришдир деб ёзмоқда Халқ сўзи

Бугун ўқитувчи жамиятда қандай имтиёзга эга?! Деярли ҳеч қандай! Ўзингиз ўйлаб кўринг: 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ХХХI ёзги Олимпия, XV ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига 200 минг (олтин медаль учун), 100 минг (кумуш медаль учун), 75 минг (бронза медаль учун) АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ҳамда биттадан “Malibu”; 2017 йилги “Йилнинг энг яхши қиличбози” Зайнаб Дайибековага — “Nexia”; 2017 йили бокс бўйича Германияда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Шаҳрам Ғиёсов ва унинг мураббийи Равшан Хожаевга биттадан “Jentra”; 2018 йилда Осиё чемпиони бўлган футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоларига биттадан “Malibu” автомашинаси топширилди...

Ҳатто, юртимизда ўтказилаётган нуфузли кўрик-танлов ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилмоқда. Масалан, яқинда Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган Қуръон мусобақаси ғолиби — Йўлдошбек қори Иброҳим ўғли Нуриддинов “Jentra”; “Ёш китобхон” кўрик-танлови ғолиби Моҳинисо Шомуродова “Spark”; Наманганда ўтказилган “Гуллар байрами”нинг ғолиблари (хусусий тадбиркор Мирзоҳид Холмирзаев ва “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ) биттадан “Spark” автомобиллари билан тақдирланди.

Муносибларни шу тарзда тақдирлаш яхши. Рағбат уларни янги марралар сари руҳлантиради. Лекин, нега уларнинг орасида ўқитувчилар йўқ?.. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бизда энг яхши ўқитувчилар қандай рағбатлантирилади?

Мисол учун, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2018” республика кўрик-танлови ғолиблари қандай рағбатлантирилди? Энг катта иштирокчилар контингентига эга (мамлакатимиз умумтаълим мактабларида 400 минг нафардан зиёд ўқитувчи фаолият юритади) ушбу нуфузли танлов ғолиб ва совриндорлари “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, диплом ва “қимматбаҳо совғалар” билан тақдирланди, холос.

Ахир юксак марраларни забт этган ҳар бир юртдошимиз муваффақияти замирида ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати ётади-ку. Шундай экан, биринчи галда устозларни муносиб тақдирлаш адолатдан эмасми? Наҳотки, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови ғолибларига ҳам уй-жой ёки машина совға қилиш мумкин бўлмаса?

Аввалги йилларда бу тажриба бўлган. Жумладан, Юнусобод туманидаги 71-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилфуза Ғаниева “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси—2000” кўрик-танловида ғолиб чиқиб, туман ҳокимлиги томонидан 3 хонали уй билан тақдирланган. 2001 йили Раҳима Мирхолиқовага “Тико” автомашинаси берилган.

— Бу лаҳзалар ҳеч эсимдан чиқмайди. Машина калитини қўлимга олганимда жуда ҳаяжонланганман. Барча касбдошларим қувончимга шерик бўлган, — дейди Пискент туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси—2001” кўрик-танлови ғолиби Раҳима Мирхолиқова. — Давлатимиз томонидан оддий педагогга бундай эътибор кўрсатилиши ҳамманинг ҳавасини келтирган. Шу рағбатдан сўнг кўп ўқувчиларим “Сиздек муаллим бўламиз!” дея менга ҳавас қилган. Ота-оналар фарзандига “Сен ҳам яхши ўқиб, ўқитувчи бўлсанг, устозинг каби ютуққа эришасан”, дея мени намуна қилганини неча бор кўрганман...
Бугун ўқитувчи жамиятда қандай имтиёзга эга?! Деярли ҳеч қандай!

Танлов ва мусобақалардан ташқари, жамиятимиздаги кўплаб соҳа вакилларига қатор имтиёзлар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида уч йил ва ундан кўп муддат давомида фаол ишлаб келаётган ходимларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг бошланғич бадали, ташкилотнинг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичи талабаларига тўлов контракти суммасининг 35 фоизи ташкилотнинг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши белгиланган. Ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларига “Matiz” ва “Damas” автомашиналарини харид қилиш учун 10 йил муддатгача бошланғич тўлови 15 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратилади.

Темирйўлчилар узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида намунавий лойиҳа асосида қурилган уй-жойларни харид қилса, кредитнинг бошлан¬ғич бадали “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан тўлаб берилади.

Ҳарбийларга давлатимиз томонидан берилган имтиёзлар кўпчиликка маълум. Мисол учун, ҳарбий оилалар уй-жой билан таъминланади, агар ижарада турса, ижара ҳақини давлат тўлаб беради. Ҳарбий хизматни намунали ўтаган аскарлар ҳарбий қисм тавсияномаси билан олий ўқув юртига имтиёзли кириши мумкин. Яқинда имзоланган Президент қарорига кўра, энди ҳарбийлар фарзанди ҳам олий ўқув юртида имтиёзли ўқиш имкониятига эга бўлди. Уларнинг мактабгача ёшдаги болалари учун эса махсус боғчалар ташкил этилган. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Солиқ кодексининг 180-, 275- ва 308-моддаларига асосан қатор солиқларни тўлашдан озод этилган. Улар қонунчиликда белгиланган тартибда темир йўл, ҳаво, сув ҳамда шаҳар жамоат транспортларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга...

Пиллачиликни ривожлантириш мақсадида ипак қурти парваришлаган ҳар бир фуқарога меҳнат дафтарчаси юритилиб, даромад солиғидан озод қилинади...

Санайверсак, бу рўйхат яна узоқ давом этади. Афсуски, уларнинг орасида заҳматкаш ўқитувчилар йўқ. 2004 йилгача уларда ҳам коммунал тўловлар ва солиқдан муайян имтиёзлар бўлган.

— Аввал мактаб ўқитувчиларига қатор имтиёзлар мавжуд эди, — дейди Дилдора Раҳимова. — Пойтахтимиздаги 157-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган кезларим 100 кВт.гача электр энергиясидан бепул фойдаланардик, газ истеъмоли учун 50 фоиз, мол-мулк солиғидан 50 фоиз имтиёз бор эди. Йўл ҳақи учун бепул ойлик чипталар бериларди. Бундан ташқари, эҳтиёжманд ўқитувчиларга уй-жой қуриш учун ер майдонлари ажратиларди. Фикримча, шунга ўхшаш имтиёзларни яна тиклаш керак.

— Иш стажи етарли бўлган ўқитувчи аёлларимизга 50 ёшдан пенсияга чиқиш имтиёзини бериш керак, — дейди Учтепа туманидаги 123-мактаб ўқитувчиси Сурайё Азизова.

— Болаликдан ўқитувчи бўлишни орзу қилардим, — дейди юнусободлик тадбиркор Бахтиёр Баҳодир ўғли. — Университетни тамомлагач, ўзим ўқиган 274-мактабга ошиқдим. Директоримиз “Мактабда эркак муаллимлар кўпайсин”, дея ўша куниёқ ишга қабул қилди. 2002—2004 йиллар ўқувчиларга миллий истиқлол ғояси фанидан сабоқ бердим. Бу орада оила қуриб, фарзандли бўлдим. Зиммамдаги масъулият ортди. Оёққа туриш учун кўпроқ пул топишим керак эди. Шу сабаб, катта маошли иш қидира бошладим. Мени “Ота-онам қандай қилиб ўқитувчининг ойлиги билан оила тебратишган экан?”, деган савол ўйлантирарди. Маълум бўлишича, улар ишлаган пайтда кўп имтиёзлар берилган экан. Айни шу жиҳат ўқитувчиларнинг касбига садоқатли бўлишини таъминлаган. Мен эса... қанчалик оғир бўлмасин, ўқувчиларимни, қадрдон жамоамни, севимли мактабимни ташлаб, бошқа касб танлашга мажбур бўлдим. Менимча, мактабда эркак ўқитувчилар кўпайиши учун, аввало, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш керак. Ахир эркак оила таянчи ҳисобланади.

Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарида шундай ҳикоят келтирилади: бир куни Бухоронинг олимларидан бири илм даргоҳида шогирд¬ларига дарс бериб ўтирар экан, дарс асносида гоҳ-гоҳ ўрнидан туриб, сўнг яна ўтирарди. Бу ҳол бир неча бор қайтарилгандан сўнг, шогирдлари сабабини сўрашди. У зот: “Устозимнинг кичик ўғли болалар билан кўчада ўйнаб юрибди, гоҳида эшик олдига келяпти, ҳар келганида устозимга ҳурмат ўлароқ ўрнимдан туряпман”, деб жавоб берган экан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўқитувчи меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларга қўшимча имтиёзлар бериш касб нуфузи юксалишига хизмат қилади.
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Шимолий ва Жанубий Корея етакчилари учрашишди

Бухорода газ баллони портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди

Самарқандда халқ таълими тизимидаги ўзгаришларга муносабат муҳокама қилинди

Мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича 110 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди

Реклама на сайте
Боглиш маколалар
Реклама на сайте Реклама на сайте