Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ ва АСИЛ РАШИДОВ
01-06-2018 14:05 0 1055 Рейтинг2 Чоп этиш

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ ва АСИЛ РАШИДОВ

Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигига

ЧИНГИЗ  АЙТМАТОВ ва АСИЛ  РАШИДОВ

Улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг Асил Рашидовга меҳри бўлакча эди. “Менга ихлос қилиб, китобларимни ўзбек тилига таржима қилган дўстларимга, айниқса, таржимон Асил Рашидовга ташаккур айтмоқчиман, – деган эди Чингиз оға. – Чунки менинг “Оқ кема”, “Жамила” “Алвидо, Гулсари!” каби бир қанча повестларимни Асилжон худди мен қирғиз тилида ёзгандай жарангли таржима қила олган”.

1961 йилда “Қибрай садоси” газетасида менинг “Она рози бўлди” номли севги-муҳаббат мавзусидаги ҳикоям чоп этилган эди. Айни пайтда, бугунги кунда моҳир таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Давлат мукофоти лауреати, профессор Асил Рашидов таржимасида Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриётида чоп этилган Чингиз Айтматовнинг “Жамила” қиссаси қўлимга тушиб қолди.

Бу қиссада фронтга кетган йигитнинг хотини - Жамила ва иккинчи жаҳон урушидан ярадор бўлиб қайтган Дониёр исмли йигит ўртасида вужудга келган муҳаббат тўғрисида шундай ҳикоя қилинадики, қисса шундай катта маҳорат билан таржима қилинган эдики, бирорта китобхонда, “бу аёл эрига хиёнат қилди” деб, улар севгисини қоралашга тили бормайди. Жамила ва Дониёр бирга қочиб кетишади. Қисса урушга лаънат ўқийди, соф муҳаббатни кўкларга кўтариб қасида ўқийди... Шу-шу Асил ака таржимасида чиққан Чингиз Айтматов асарларини топиб ўқишга ҳаракат қиламан, ўқиб бир дунё таассурот оламан. Менинг бу қизиқишимни билган Асил ака “Ўзбекистон” нашриёти яқинда унинг “Чингиз Айтматов олами” номли монографиясини чоп этганда, дастхат билан ушбу китобни менга совға қилди.

Мен ҳам бир қадар таржимонлик билан шуғулланганим боис, ушбу касб сир-асрорларини, хусусан, бу борада ўзига хос мактаб яратган Асил Рашидов маҳоратини ўрганишга, қандай қилиб бу соҳага киришганликлари билан қизиқаман. Академик Воҳид Зоҳидов ўз эсдаликларида шундай ёзади “1960 йил охирлари бўлса керак. Камина шифохонада муолажа олаётган эдим... Ўшанда ташқи мамлакатлар билан алоқадор мароқли бир журнал қўлимга тушиб қолди. Ундаги анча материалларни катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим....

Журналда машҳур француз ёзувчиси Луи Арагоннинг у вақтларда машҳур бўлмаган, номи у ер-бу ерда эндигина ҳурмат ила тилга олинаётган қирғиз адиби ва унинг “Жамила” асари ҳақидаги мақоласини ютоқиб ўқий бошладим... Айтиш мумкинки, асар бадиий мўъжизадек талқин қилинган эди. Ўзбек юрти билан қўшни, қардош қирғиз халқининг шуҳратини ҳатто Парижгача – Луи Арагонгача таратган ёзувчига ҳавасим келди, жудаям хурсанд бўлдим. Қиссани топтириб, эрталабга қадар мириқиб ўқиб чиқдим.
ЧИНГИЗ  АЙТМАТОВ ва АСИЛ  РАШИДОВ

Китоб мутолааси билан тунни бедор ўтказган кунимнинг индинига ўша вақтда аспирантурада таҳсил олаётган қобилиятли Асил Рашидов кечга яқин биз беморни кўргани – ҳол сўрагани келди. Ҳозир у салмоқли китоблар, ўнлаб мақолалар муаллифидир. Чингиз Айтматовнинг деярли барча асарларини ўзбек тилига ўгириб нашр эттирган азаматдир!

Луи Арагон мақоласидан олган таассуротларимни дарҳол унга айтиб бердим; журнални эса унинг қўлига тутқаздим. “Жамила”ни ўзбек тилига ағдариш кераклигини илтимос қилдим. Кўп ўтмай бу илтимос жуда одобли ва истеъдодли адабиётчимиз томонидан дўндириб бажарилди. “Жамила” асари ўзбек халқининг ҳам мулкига айланди”.

Чингиз Айтматов таниқли журналист Анвар Жўрабоев билан бўлган бир суҳбатда Асил ака тўғрисида шундай деган эди: “Мени Асил Рашидовнинг истеъдоди, айниқса. таржимонлиги ҳайрон қолдирди... Раҳматли акаси Шароф Рашидов ҳақида бўҳтонлар тўқилганида у ҳам қанчалар изтироб чеккани аниқ, лекин ундаги умид, эътиқод заррачаям синмаганини эшитиб, бундай иродаси кучли одам билан яна бир марта ғурурландим.

Ана шундай адиб ва таржимон дастлаб менинг ижодим билан ўзбек адабиёти ўртасида кўприк ясагани мен учун чексиз қувончдир”.
Айни пайтда, Ўзбекистон юксак мукофотлари – “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденларига сазовор бўлган, халқимизнинг улкан меҳр-муҳаббатини қозонган улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов таваллуд куни Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда кенг нишонламоқда. Бу ўз навбатида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатлар билан дўстлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини юқори босқичга кўтаришга қаратилган сиёсати туфайли, бутун Марказий Осиё ва Қозоғистонда кўтаринки руҳ, яхши кайфият ва ҳамжиҳатлик муҳити юзага келганлигининг ёрқин кўринишидир.

Шуларни ўйлар эканман, туманимиз фаоли, таниқли журналист Раҳматилла Шералиевнинг хонадонида, ўтган аср 80-йилларнинг охирида, унинг муборак ёшга тўлгани муносабати билан ёзилган дастурхон атрофида тўпланганимиз эсимга тушди. Шунда мазкур тадбирга Раҳматилланинг яқин дўсти, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг ўша вақтдаги Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ташриф буюрди. Суҳбат айланиб улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов ижоди ҳақида борди. Шунда Раҳматилла бир марта машҳур журналист Зиёд Есенбоев уйига борганида Чингиз Айтматов меҳмонга келиб қолгани, уни журналист эканлигини билгач, улуғ ёзувчи “Ҳаётга, оламга кўзларингни катта очиб қараб юр, ўрган, таҳлил қил, кўрганларинг ҳақида кўпроқ мушоҳада қилишни ўзинга одат қилиб ол”, деб насиҳат қилгани тўғрисида гапирди.

Ўз навбатида, Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан бўлган Аҳмаджон Мелибоев, кўпроқ Чингиз Айтматов билан суҳбатдош бўлган ва унинг ижодини чуқурроқ билганлиги боис, улуғ адибнинг асарлари Осиё ва Африка, Европа ва Америкада таржима қилинаётгани (170 тадан ортиқ тилга), қайта-қайта нашр этилишлари, севиб ўқилиши ҳақида сўз юритди...Қатор йиллар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида фаолият кўрсатган укам Маҳмудхон Ч.Айтматовни эслаб шундай ҳикоя қилган эди: “Мен “Марказий Осиё маданияти” газетаси нашр этилишининг беш йиллигига бағишланган тадбирда қатнашдим.

Ушбу тадбирда биринчи марта жаҳон адабиётининг ёрқин юлдузи, Ўзбекистоннинг самимий дўсти ёзувчи Чингиз Айтматовни яқиндан кўрдим ва унинг пурмаъно сўзларини бевосита ўзидан эшитдим. Ёзувчининг қисса ва романлари (“Жамила”, “Алвидо, Гулсари”, “Оқ кема”, “Асрга татигулик кун”, “Кунда” ва бошқалар)ни қўлдан қўймасдан ўқиганман, матбуотда оташин чиқишларини (шу жумладан, ўзбек халқининг Марказий Осиёда тутган ўрни, қардош халқлар маданиятларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, пахтакорларимизнинг умуммамлакат равнақи учун фидойилик билан қилаётган машаққатли меҳнати, ўзбеклар шаънига марказдан туриб ноҳақ тош отилаётганлиги ва бошқа ўткир муаммолар ҳақида) ўқиб мамнун бўлганман.

Чингиз оға минтақамиз халқларининг умумжаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо улуши, қардош халқларимиз маданиятлари илдизининг бирлиги ва “Марказий Осиё маданияти” газетаси бу бирликни мустаҳкамлаш учун қилаётган хизматлари, шу соҳада таҳририят ва жамоатчилик, хусусан, ёзувчи ва журналистлар олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг Марказий Осиё халқлари вакилларининг суҳбати дастурхон атрофида давом этди. Мен академик Шавкат Воҳидов, рассом Рўзи Чориев, бошқа бир қатор таниқли давлат арбоби ва фаоллар билан бир стол атрофида ўтириб, гоҳ ўзбек, гоҳ тожик, гоҳ рус тилида олиб борилган мулоқотга онда-сонда аралашиб турдим. Албатта ҳаммамиз Чингиз Айтматовнинг даъватли сўзлари таъсири остида эдик ва кўпроқ тилларимиз, адабиёт ва санъатимизнинг яқинлиги, уларнинг ҳозирги аҳволи ва жамоатчиликни ташвишлантираётган салбий томонлари борлиги хусусида фикр юритар эдик. Самимийлик муҳити, руҳий кўтаринкилик, бутун тадбир давомида ҳукм сурган яхши кайфият орамизда қандайдир яқинлик туғдирди.”

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелда қабул қилинган “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини матбуотда ўқиб, беҳад қувондим. Ахир турк оламининг беназир адиби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз сиймо, кўпгина мамлакатлар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам қадрли ва улкан дўсти эди. Шуларни ўйлар эканман, Асил ака Рашидовга қўшилиб: “Чингиз Айтматовнинг сўнмас сиймоси ва мангу даҳоси сизу бизнинг ойдин йўлимизни янада мунаввар этиб турсин.”, - дегим келади.

Барчанинг кўнгил кўшкидан чуқур жой олган ёзувчи қирғиз ва рус тилларида бирдек маҳорат билан ижод қилгани эътиборни тортади.
Чингиз оға, айниқса, Ўзбекистонда унинг ижодига зўр қизиқиш билан қаралаётгани, баъзи асарлари қирғиз тилидагидан ҳам кўра кўпроқ нусхада босилаётгани, “Сарвқомат дилбарим”, “Момо Ер”, “Оқ кема”, “Алвидо, Гулсари!”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” каби асарлари ўзбек саҳналарида намойиш этилаётгани, таржимонлар, режиссёр ва актёрлар бутун маҳоратларини ишга солиб, унинг ўй-фикрини китобхонга, томошабинга тўғри етказишаётгани, республикамизнинг кўплаб олий ўқув юртларида ижодига бағишланган китобхонлар конференциялари доимий равишда ўтказилаётганидан хурсанд бўларди.

Дарҳақиқат, қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов улкан истеъдод эгаси эди.
У ҳақида гап борганда, ижодкор яратган образлар, воқеликлар, асарлари бирин-кетин ёдимизга тушади. Ва, шунда биз, адабиётнинг ҳақиқий кучига, ижоднинг сеҳрига лол қолмасдан ўзга чора тополмаймиз. Чунки бу куч, бу сеҳр дунёни бирлаштиради, миллатларни миллатларга тилакдош қилади.
Носир ТОИРОВ,
сиёсатшунос.
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*