Главная > Маданият ва саънат > Ўзбеккино вакили германиялик операторни чув туширдими? У нега 65 минг евро талаб қилмоқда?...

Ўзбеккино вакили германиялик операторни чув туширдими? У нега 65 минг евро талаб қилмоқда?...


Ўзбеккино вакили германиялик операторни чув туширдими? У нега 65 минг евро талаб қилмоқда?...


Дунёга машҳур операторлардан бири бўлган Макс Цуй “Ўзбеккино” миллий агентлигига норозилик билдириб хат йўллади дейди uza.uz нашри

Макс ўз хатида ўзбекистонлик ижодкор ёзувчи, продюсер ва сценарийнавист Анвар Иргашев ҳамда продюсер Юлия Медведовскаялар уни янги “Герой” лойиҳасига постановкачи режиссёр сифатида чақиришга ваъда беришган. Орадан бир неча ой ўтса-да, лойиҳага уни жалб этмаганликларини баён қилган.

Макс Цуйнинг ёзишича, бу бўйича музокаралар Беларусда бўлиб ўтиши ваъдалашилган.

Лойиҳанинг молиялаштириш ишлари ҳал бўлмагач, Анвар Иргашев ва Юлия Медведовская Максни лойиҳага чақирмаганлар.

Макс Цуй оғзаки келишувга кўра “Герой” лойиҳасига чақирилишига ишониб, бошқа шартномаларни бекор қилган. Эндиликда оператор Макс Цуй мазкур келишувнинг амалга ошмаганидан 65 минг евро миқдорида маблағ йўқотганини билдириб, бу пулларни ўзбекистонлик икки ижодкор тўлаб беришини талаб қилмоқда.

Макс Цуй турли компаниялар билан ҳамкорликда ишлагани ва ўзининг жаҳон киноиндустриясидаги мавқеига ишора қилиб, унинг алданган ва бекор ўтказган вақти шунча нархга тенг эканини ёзади.

У “Ўзбеккино” миллий агентлигига ҳурматини изҳор қилиб, агентлик раҳбари Фурқат Зокировдан бу ишга бефарқ бўлмасликни сўраган.

Мазкур масала юзасидан “Ўзбекккино” миллий агентлиги раиси Фурқат Зокировга мурожаат қилдик.

– Макс Цуй кино оламида ўз обрўсига эга бўлган операторлардан. Мен унинг хати билан танишиб чиқиб, ундан лойиҳага таклиф этилганлигини ва ўзаро келишувларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишини сўрадим. Афсуски, Макс ҳужжатларни юборгани йўқ. Шунингдек, Анвар Иргашев ва Юлия Медведовскаялар ҳам ўртада шартнома бўлганини тасдиқламадилар. Демак, ўзаро шартнома тузилмаган бўлса, оғзаки келишув ёки таклиф бўлган. Оғзаки таклиф билан Анвар Иргашев ва Юлия Медведовскаяларни жаримага тортиш ёки уларни судга бериб, улардан пул ундиришнинг имкони йўқ. Оғзаки келишувлар ҳеч қандай юридик характерга эга эмас. Макс Цуй оғзаки таклифни инобатга олиб, бошқа шартномаларни бекор қилган бўлса, бу унинг шахсий қарори. Бунинг учун бошқа одам жавобгар бўла олмайди. Мен у ижодкорни ҳурмат қиламан аммо, оғзаки таклифга ишониб қолганини рўкач қилиб, пул талаб қилиши унинг обрўсига тўғри келмайдиган иш. Тажрибада бундай вазиятларни кузатган эмасман. Келишувлар одатда шартномалар билан тасдиқланади ва бу бутун жаҳонда қабул қилинган меъёр. Анвар Иргашев ва Юлия Медведовскаялар Макс Цуйдан ташқари яна бир нечта операторга лойиҳани таклиф этган бўлиши мумкин. Одатда лойиҳалар бўйича бир нечта ижодкор билан гаплашилиб, кейин бир киши танланади. Шундай экан, мен бу ерда “Ўзбеккино” миллий агентлиги вакилларини айбдор деб, билмайман. Агар Цуйда бирон ҳужжат бўлса, марҳамат, бизга тақдим қилсин, биз уни ўрганиб чиқиб, шу асосда иш кўришга тайёрмиз, – дейди Фурқат Зокиров.

Маълумот ўрнида, Макс Цуй “Скорпион” (2018), “World of Wolfram” (сериал, 2016), “ Diebe des Schlafes” (2015), “Philipp Dittberner: Das ist dein Leben” (2015) каби фильм лойиҳаларида иштирок этган.

Вернуться назад