Главная > Маданият ва саънат > “Айкел-Манас” Фарғонада

“Айкел-Манас” Фарғонада



“Айкел-Манас” Фарғонада

Захириддин Мухаммад Бобур номидаги Ўш Давлат Академик ўзбек драма театри Фарғона водийси бўйлаб гастролларини давом эттирмоқда. Бугун у Фарғона шахридаги Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов номидаги мухташам театр-концерт саройида Қирғизистон халқ шоири, драматург Жалил Садиковнинг “Айкел Манас” спектаклини катта муваффақият билан намойиш этди.

Қирғизистонлик санъаткорларнинг Фарғона водийси вилоятларига ижодий сафари бежиз эмасди. Бугун Фарғона водийсида 300 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб ахоли тўлақонли Ўзбекистон фуқароси сифатида тинч ва хотиржам яшамоқда. Уларнинг диний ва миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятлар яратилган. Қолаверса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев билан бўлган Самарқанддаги учрашувида маданият, санъат, жамоат ташкилотларининг тўғридан-тўғри алоқаларини янада мустахкамлаш мухимлигини алохида таъкидлаган эдилар. Аслида бу дўстлик пойдевори илгаридан қўйилган. Бундан 22 йил аввал Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Бишкекда ўтказилган “Манас” эпосининг 1000 йиллик тантаналарида икки халқ ўртасидаги дўстлик тўғрисида шундай деган эди:

- “Биз, ўзбеклар, бугун “Манас” эпосининг тўйида қатнашар эканмиз, бир нарсадан чинакам ифтихор қилишга хаққимиз бор. Қани айтинглар! Қирғиз халқининг улуғ ўғлони Манаснинг суюкли умр йўлдоши, елкадоши, тоғу таянчи ким бўлган? Унинг маслакдоши, достонда айтилганидек, энг қийин кунларида, умрининг охиригача садоқатли сафдоши ким бўлган? Биз, ўзбеклар, катта ғурур билан, фахр билан айтамиз-ки, бу аёл Бухоро хонининг суюкли қизи Хоникей бўлган. Шундан кейин, азизларим, ўзбек ва қирғизнинг қардошлигига яна қандай далил керак? Яна қандай исбот керак?”
“Айкел-Манас” Фарғонада

- Юз йиллар оша ўз ота-боболарининг қутлуғ меросини кўз қорачиғидай асраб-авайлаб келаётган, қардош-жондош қирғиз дўстларимизнинг бу борадаги ишлари, мана шундай тарихий асарни бизнинг вилоятимизда намойиш этиб, халқимизнинг чуқур хурмат ва эътиборига сазовор бўлгани барчамизни хурсанд қилади, - дейди Юсуфжонқизиқ Шакаржонов номли Фарғона Давлат драма театри актери Мухаммадсоли Ахмедов. - Шунинг учун хам бу достонни яратган ва унга асрлар давомида сайқал бериб келган қирғиз халқининг бадиий заковатига, ноёб истеъдодли манасчи оқинларга ўз эхтиромимизни, хурматимизни изхор этамиз,

- Театримиз нафақат Қирғизистонда, балким бутун Марказий Осиёдаги ноёб санъат муассасаси хисобланади.Унинг ўзига хослиги шундаки, 100 йилга яқин давр мобайнида ўз анъаналарига содиқ қолди: қирғиз санъатини Ўзбекистонда ва ўзбек санъатини Қирғизистонда тарғиб қилиб, қўшни, қардош давлатлар ўртасида дўстлик кўприги вазифасини адо этиб келмоқда. Театрнинг қирғиз ва ўзбек халқлари маданияти тарихидаги алохида хизматлари хам ана шундадир, - дейди театр директори Набижон Мамажонов.

Театр Бишкек, Тошкент, Душанбе, Олмаота, Андижон шахарларида ўтган Халқаро театр фестивалларида “Сохибқирон”, “Чингизхон олиб кетган сир”, “Чўлпон”, “Зўрдан зўр чиқса”, “Маликанинг кўз ёши”, спектакллари билан қатнашиб, совринли ўринларни эгаллади. Театр жамоаси Ўзбекистонда, Тожикистонда, Қозоғистонда, Санкт-Петербургда, Туркияда гастрол сафарларида бўлган.

“Айкел Манас” спектакли актерларнинг мохирона ижроси, декорациянинг тарихий манбаалар асосида яратилгани, мусиқанинг воқеликка уйғунлашуви билан тамошабинлар мехри ва олқишини қозонди.

Қирғиз халқининг миллий қахрамони донишманд Манас тарқоқ қирғиз қабилаларини бирлаштиришга интилади, уларга ватанпарварлик ва мардликдан сабоқ беради. Манас образини яратган Акмалхон Арслонхонов унинг ички дунёси, фалсафий қарашлари, ботирлиги каби фазилатларини қиёмига етказиб ижро эта олган.

“Айкел Манас” спектакли тамошасида Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари Бош вазирлари ўринбосарлари Адхам Икромов хамда Жениш Разаков, Фарғона вилояти хокими Шухрат Ғаниевлар хозир бўлдилар.
Мухаммаджон Обидов

Sharh.uz

Вернуться назад