Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ «Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди
13-04-2020 11:48 0 647 Рейтинг0 Чоп этиш

«Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

«Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди деб хабар бермоқда Zamin.uz нашри

Қайд этилишича, ҳунармандчилик фаолияти – халқнинг тарихан қарор топган, махсус билимлар, кўникмалар, сир-асрорлар, услубларга асосланиб, қўл меҳнати, асбоб-ускуналар ва кичик механизация воситаларидан фойдаланиб, анъанавий ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда маиший, уй-рўзғор, бадиий буюмлар ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш), тайёрлаш бўйича ижодий ёки профессионал фаолият.

Ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган ҳунарманд ва ҳунарманднинг шогирдидир.

Ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган шахс, бу ҳунарманд сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахсдир.

Ҳунарманд, бу Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмасининг Уставида белгиланган тартибда ҳунарманд мақомига эга бўлиб, ҳунармандчилик фаолиятини мустақил равишда ёки шогирдлари билан бирга амалга ошираётган жисмоний шахсдир.

Шогирд (ҳунарманднинг шогирди), ҳунарманддан ҳунармандчилик маҳсулотлари (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш фаолиятини ўрганаётган жисмоний шахсдир.

“Уста-шогирд” мактаби ҳунарманд томонидан шогирдга ҳунармандчилик буюмлари ёки товарлари (ишлар, хизматлар)ни тайёрлашни ўргатишга йўналтирилган муносабатлар йиғиндисидир.

Ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган шахс амалдаги қонун ҳужжатларида ҳунармандга нисбатан ўрнатилган қоидаларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтади, қайта ўтказилади ва унинг фаолияти тугатилади.

Ҳунарманд Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмасининг Уставида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтади, қайта ўтказилади ва унинг фаолияти Уюшманинг қарорига асосан тугатилиши мумкин. Ҳунарманд Уюшмада рўйхатдан ўтганлиги ва қайта ўтказилганлиги тўғрисида Уюшма томонидан белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади, унда мазкур шахснинг ҳунарманд мақоми ва шуғулланадиган ҳунармандчилик фаолияти йўналиши кўрсатилади.

Ҳунарманднинг фаолияти қуйидаги сабабларга кўра тугатилиши мумкин:
- агарда ҳунарманднинг фаолияти Бадиий кенгаш томонидан кўрсатилган йўналишларга мос эмас деб топилса;
- агарда ҳунарманд Уюшмага аъзолик бадалини тўламаса;
- ҳунарманд бир пайтнинг ўзида якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳам давлат рўйхатидан ўтиши мумкин.

Ҳунармандчилик фаолияти ҳунарманд томонидан кўрсатилган йўналишлар бўйича амалга оширилади, бу давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада акс эттирилади.

Ҳунарманд ўз маҳсулот ва товарлар (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш ва сотишда бир вақтнинг ўзида кўпи билан ўн нафар шогирдни жалб этишга ҳақли.

Биноларни қуриш, қайта тиклаш, таъмирлаш ишларида устунлик ва имтиёзлар миллий услубдаги безак, тасвир, наққошлик усулларидан фойдаланувчи ёғоч ўймакори, кошинкор ва ганч ўймакорларига берилади.

Ўзбекистон Республикасида ҳунармандчилик фаолияти йўналишларига қуйидагилар киради:

Ганч ўймакорлиги – қандиллар, девор шамдонлари, кўзгу, нақшлар, сталактитлар, муқарнас (фриз), карнизлар, устунлар элементлари, панжаралар, ҳайкаллар, ёдгорликлар, панно; интерьер, шифт, девор безаклари ва асослари; қолиплардан, қориштириш, қуритиш ускуналаридан, кесиш ва ўйиш асбобларидан фойдаланилган ҳолда ганчдан ясалган архитектура ва қурилиш элементлари; интерьер ва фасадлар ҳамда бошқа амалий безак маҳсулотлари;

Гиламчилик – гиламчилик дастгоҳи, кесувчи, қирувчи, таровчи ва ип йигирувчи асбоб-ускуналар ва кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда ипак, пахта, жун ҳамда бошқа иплардан қўлда гилам тўқиш технологияси асосида тайёрланган маҳсулотлар - гилам, палос, шолча, хуржун, жойнамоз, ўтов учун қурлар;

Газламачилик – ип йигириш мосламаси (аппарати), газлама тўқиш дастгоҳи (станоги), кесувчи, таровчи, текисловчи асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда табиий ипак, пахта, жун ва бошқа иплардан мато тўқиш техникаси асосида тўқилган атлас, адрас, беқасам, олача, жанда, шойи, бахмал ва бошқа миллий матолар;

Тош ўймакорлиги – тош кесувчи ва ўювчи, чизувчи барча турдаги кичик механизация воситалари ва асбоб-анжомлари ёрдамида тошдан тайёрланган эсдалик буюмлари, майда пластика, қутича, ёзув анжомлари, шамдон, турли ҳажмдаги панно, рельеф ва контррельеф, барельеф, герольдика ва рамзлар, тошни пардозлаш йўли билан тайёрланган безак буюмлари, ёдгорликлар, архитектура ва қурилиш элементлари, уй-рўзғор буюмлари;

Миниатюра, тасвирий санъат, наққошлик, хаттотлик ва абру баҳор – лок миниатюраси техникасида тайёрланган буюмлар: қутича, лаган, панно, мебель, суратлар; девор, қоғоз, мато, тери, папье-маше, ёғоч, қовоқ, картон, суяк ва эмалга ишланган нақшлар, тасвирий санъат, наққошлик ва миниатюра асарлари; батик, безак буюмлари, тақинчоқлар, ғилофлар; абру баҳор санъати усулида ишланган асарлар; хаттотлик услубида тайёрланган қўлёзмалар, китоблар, миниатюра ва тасвирий санъат асарлари, рисолалар ва бошқа ҳунармандчилик буюмлари; саҳҳофлик (китобот), китоб ва ҳужжатларнинг муқоваларини тайёрлаш ва таъмирлаш, қоғоз варақларини муқовалаш ва тикиш, анъанавий усулда табиий қоғоз ишлаб чиқариш;

Кандакорлик – кесувчи, қирувчи, қиздирувчи-эритувчи, эгувчи, пайвандловчи ускуналар ва ўйиш-чизиш асбоб-анжомлари ёрдамида мис, латун, алюминийдан ясалган буюмлар (чойнак, қумғон, лаган, гулдон), шунингдек, безаш ва амалий мақсадлар учун мўлжаллаган бошқа буюмлар, уй-рўзғор буюмлари, ошхона анжомлари, хўжалик моллари, архитектура элементларини тайёрлаш;

Темирчилик – қўлда ва кичик механизация воситаларидан фойдаланиб турли металлардан ясалган буюмлар: эшик, дарвоза, панжара, дераза ва эшик тутқичлари, илгак, қўнғироқ, занжир, шамдон, кетмон, теша, болта, хаскаш, паншаха, уй-рўзғор буюмлари, меҳнат қуроллари, омоч, барча турдаги миллий қилич, ханжар ва пичоқлар, оммавий ишлаб чиқарилмайдиган металл буюмлар, калит, бадиий безак буюмлари, печка ва каминлар, шу жумладан улар учун ҳаво сўриш қурилмалари ясаш;

Тунукасозлик – қўлда ва кичик механизация воситаларидан гулдор ва жимжимадор тарнов ва қувурлар, ошхона анжомлари (ошпичоқ, капкир, чўмич, човли, элак, мантиқасқон ва бошқалар), уй-рўзғор буюмлари (кийим ва парда илгичлар, қўл ювгич, тутқич, соябонлар) ва бошқа қўлда ясалган тунука буюмлари;

Косибчилик – қўл меҳнати ва кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда чарм ва бошқа материаллардан миллий пойабзал, махси ва ковушлар, этиклар, сандаллар, шиппаклар, туфлилар тайёрлаш;

Миллий либослар тайёрлаш – қўлда ва кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда тўн, яктак, нимча, болалар, аёллар ва эркаклар тўй, маросим миллий либослари ҳамда бошқа миллий кийимлар тайёрлаш;

Бош кийимлар тайёрлаш – қўлда ва кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда турли материаллар (тери, мўйна, қоракўл, табиий ва сунъий матолар)дан аёллар, эркаклар, болалар бош кийимлари тайёрлаш ва тикиш, телпакдўзлик;

Ёғоч ўймакорлиги – ёғоч ўймакорлиги услубида бажарилган барча амалий санъат асарлари, интерьер ва архитектура безаклари, эшик, дераза, ром, уй-рўзғор буюмлари, сувенирлар;

Тикувчилик – қўлда ва механизация воситаларидан фойдаланиб турли хил матолардан тайёрланган буюмлар: миллий кўрпа ва кўрпачалар, ёстиқ, белбоғ, жияк, сумка, тасма, аёллар, эркаклар ва болалар кийимлари, уй-рўзғор буюмлари, парда, дастурхон ва бошқа чокли ҳунармандчилик маҳсулотлари, қуроқдўзлик маҳсулотлари;

Каштадўзлик – қўлда ёки машинкада игна ва бигиз билан - кесувчи ва қирқувчи асбоб-анжомлар ёрдамида тайёрланган миллий каштачилик буюмлари, либослар, паннолар, уй-рўзғор маҳсулотлари ва декоратив безак буюмлари;

Зардўзлик – қўлда ёки машинкада игна, кесувчи ва қирқувчи асбоб-анжомлар ёрдамида турли хил матоларга металл иплардан фойдаланган ҳолда зардўзлик услубида (уй-рўзғор, хўжалик буюмлари, интерьер безаклари, оёқ ва бош кийимлар ва турли хил либослар, панно, портрет, парда, тумор, ғилоф каби) тайёрланган барча ҳунармандчилик маҳсулотлари;

Мусиқа асбоблари – қўл меҳнати ва кичик механизация воситалари ёрдамида яратилган барча турдаги (доира, дутор, танбур, тор, рубоб, ноғора, най, ғижжак, сато, чанг, карнай, сурнай, уд ва бошқа) миллий мусиқа асбоблари;

Кулоллик – лойдан сопол буюмлар (уй-рўзғор буюмлари, сувенир ва эсдалик буюмлар, тандирлар) тайёрлаш, интерьер дизайни учун чироқ, қандил ва бошқа шунга ўхшаш буюмлар тайёрлаш, кошинчилик, девор ва шифт мозаикалари, табиий ва сунъий материаллардан мозаика паннолари тайёрлаш, ландшафт дизайни ва аквариумлар учун турли безакли сопол буюмлар, архитектура-безак элементлари тайёрлаш; сопол буюмларни нақш ва трафарет билан безаш:

Чиннисозлик – чинни-фаянс буюмлари (уй-рўзғор буюмлари, сувенир ва эсдалик буюмлари) тайёрлаш, интерьер дизайни учун чироқлар, қандиллар ва бошқа буюмлар тайёрлаш, кошинчилик, девор ва шифт мозаикалари, табиий ва сунъий материаллардан мозаика паннолари тайёрлаш, ландшафт дизайни ва аквариумлар учун турли безак буюмлар, архитектура-безак элементлари тайёрлаш; чинни-фаянс буюмларни нақш ва трафарет билан безаш;

Қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмлари – қонунчиликка мувофиқ тамғаланиши шарт бўлган пробали олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳидаги металлардан ижодий, муаллифлик ва миллий услубда ясалган буюмлар;

Ўйинчоқлар – қўлда ёки кичик механизация воситаларидан ёғоч, металл, гипс, мато, сопол ва бошқа материаллардан ишлаб чиқаришдан ташқари шароитда ясалган ўйинчоқлар, қўғирчоқлар;

Майда ҳайкалтарошлик буюмлари – табиий ва сунъий материаллар (гипс, шамот, мис, бронза, алюминий, суяк, ёғоч, тош, сопол, чинни, фаянс, ва бошқалар)дан ясалган барча турдаги ҳайкалтарошлик буюмлари;

Чармсозлик – анъанавий усулда терини ошлаш, қайта ишлаш; қўлда ёки кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда табиий ва сунъий чарм, қоракўл тери ва бошқа табиий мўйналардан либослар тайёрлаш, эгар-жабдуқ ва от анжомлари, арқон, белбоғ, қайиш, сумка, ҳамёнлар;

Муаллифлик мебеллари – қўлда ёки кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда турли маҳсулотлардан тайёрланган мебель, сандиқ, стол-стул, хонтахта, сўри (кровать), амалий-безак санъати предметларига кирадиган мебель тўпламлари ва алоҳида қисмлари;

Дурадгорлик – ёғочдан тайёрланган халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари, қўлда ёки кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда ошхона анжомлари (ўқлов, туздон, нон қути, жува, кели, оштахта, нонпар (чакич)), ёғоч, фанер ва ламинатдан тайёрланган турли ҳунармандчилик маҳсулотлари, беланчак, болалар аравачаси, бешик ва унинг анжомлари, хонтахта, сандиқ, жавон, эшик, ром, безакли рейкалар, сурат учун ромлар (багет), дурадгорлик ускунасида тайёрланган ҳар хил шаклли ҳунармандчилик маҳсулотлари, ёғочли шахмат тахтаси ва донаси, панно, бошқа буюмлар;

Новдалардан буюмлар тўқиш, саватсозлик – кесувчи, қирқувчи иш анжомлари ёрдамида қўлда турли хил иплар ва ёпиштириш анжомлари (клейлар) ёрдамида ўсимлик (қамиш, тол, похол, ток ва бошқа ҳар хил дарахтлар, буталар, ўсимликлар) новдалари, турли металл ва елим иплардан тўқилган буюмлар, уй-рўзғор буюмлари ҳамда хўжалик моллари, сувенир маҳсулотлари, мебел, сават, супургилар;

Шишасозлик – шишага бадиий ишлов бериш, безак ва сувенир маҳсулотлари тайёрлаш, шиша пуфлаш ишлари, бадиий пуфлаш асосида ишланган бра, майда пластиклар, эсдалик буюмлари, тақинчоқлар, уй-рўзғор буюмлари, кўзгу ва кўзгу сиртлари тайёрлаш, шиша, смальта ва бошқа материаллардан тайёрланган витражлар;

Ҳажмли ва шаклли қолипларда қуйилган буюмлар – табиий ва сунъий материаллардан қуйма услубда ишланган буюмлар, шунингдек, мис, бронза, чўян, алюминийдан қўлда қуйма услубда ишланган маҳсулотлар);

Соатсозлик – деворга осиладиган эксклюзив, полда турадиган, камин ва қўл соатлари тайёрлаш, соат механизмларини таъмирлаш;

Эмаллаш ишлари – эмал қопламали буюмларни тайёрлаш, эмал қопламаларини таъмирлаш ва тиклаш;

Эсдалик буюмлари – турли табиий ва сунъий материаллардан ҳар хил ҳажмда ва рангда тайёрланган эсдалик ва совға буюмлари; камар, нишон, тасбеҳ, гулдаста, флористика, икебана, турли материаллардан гулдасталар тайёрлаш; суякдан ясалган эсдалик совғабоп буюмлари, майда ҳайкалчалар, нэцкэ, қутича, пичоқ, қилич, ханжар соплари, безак берган ҳолда тайёрланган бошқа амалий безак маҳсулотлари;

Оддий металлардан миллий услубда тайёрланган тақинчоқлар – оддий металлардан миллий услубда тайёрланган барча тақинчоқлар, тумор, зирак, зебигардон, билагузук, узук, тиллақош, соч безаклари, тўғноғичлар ва бошқалар;

Матога гул босиш – читгарлик, турли матоларга ўйма ёғоч қолип ёрдамида гул босиш, газламалар ва кийим-бош предметларини қўлда бўяш, андоза (трафарет, шелкография) ёрдамида гул, нақш ва тасвир босиш;

Кигиз босиш – турли табиий жунлардан анъанавий технологиялар асосида қўл меҳнати ёрдамида кигиз босиш, турли матолар ва ипак ёрдамида кигиз маҳсулотларига безак бериш, либослар, оёқ кийимлар, бош кийимлар, уй-рўзғор ва интерьер буюмлари, гилам, панно, ўйинчоқлар тайёрлаш.

Санаб ўтилган ҳунармандчиликнинг асосий йўналишлари бўйича маҳсулотларни таьмирлаш ва хизмат кўрсатиш ишлари ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Халқ қабулхоналари томонидан ишсиз ёшлар бандлиги таъминланмоқда

expo
Боглиш маколалар