Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!
10-10-2019 10:45 0 470 Рейтинг1 Чоп этиш

Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!

Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!

Сен, гулшансан – сира тенги топилмас,
Бир улкан уммонсан, дарёйи азим.
Буюксан, сен, Ватан каби муқаддас,
Она тилим, қаршингда қиламан таъзим!

Ўзбекистон Республикасининг истиқлолга интилиши, мустақилликка эришиш арафасидаги дастлабки дадил қадами ўзбек тилига Давлат тили мақомини беришдан бошланди. Мустақиллик эълон қилинмай туриб, узоқ йиллар давомида бўғилиб, қадрсизланиб келаётган миллий тилимизни сақлаш, тиклаш, асраш, юксалтириш учун ҳуқуқий замин яратилди. Бу ҳам тил эрки, озодлиги, тараққиётининг миллат тақдирига, миллий ҳурриятга ниҳоятда чамбарчас боғлиқ эканлигини, миллат ва тил тақдири ўзаро мустаҳкам ришта билан пайванд этилганлигини намойиш этувчи тарихий ҳақиқатдир.

Бугун миллат билан бирга яралиб, шонли тарихнинг барча сокин ва суронли даврларини миллат билан ҳамнафас босиб ўтиб, миллат дарду қувончига шерик бўлиб келаётган, Ватан янглиғ бепоён ва муқаддас, Она каби мўътабар ва мунис, жон каби яқин ва азиз Ўзбек тилимизнинг мақому мартабаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги
ПҚ-4479-сонли қарор билан яна бир карра юксалди, эъзоз топди.

“Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир”,- дея улуғланади миллий тил ушбу қарорда. Дарҳақиқат, ўзбек тили бугунги кунгача кўп минг йиллик тарихий тараққиёт йўлини мардонавор босиб келмоқда.

Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!

Ўрхун-Энасой ёдгорликларидаги битиклардан тортиб ҳозирги давргача яратиб келинаётган илмий, адабий, маънавий-маърифий манбалар ўзбек тилининг шаклланиш ва ривожланиш тенденциялари, адабий ифодаси, маъно қатламлари, луғат таркиби тўғрисида атрофлича ва асосли маълумотлар бера олади. Халқ оғзаки ижодининг нодир намуналаридан бошлаб, қадимий битиктошлардаги ёдномалар, Маҳмуд Замахшарий, Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Яссавий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Лутфий, Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Фурқат, Увайсий, Нодира, Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби ижодкор-мутафаккирлар мероси бу борадаги салмоқдор манбалар сирасига киради.

Шу билан бир қаторда, кейинги авлод вакиллари, ХХ-XХI аср маърифати, адабиёти намоёндалари, тилшунос, адабиётшунос алломалари ҳам ўз бадиий, ижодий, илмий фаолияти билан ўзбек тилининг адабий, маънавий-маърифий бойиши ва юксалишига, тобора сайқалланиб камол топишига беназир ҳисса қўшиб келмоқда.

Биз ажодларимиз яратиб қолдирган ҳар қандай моддий-маънавий меросни, узоқ ва яқин ўтмиш ҳаёт лавҳаларини, давлатчилигимизнинг тарихий асосларини, миллий қадрият ва анъаналаримизни ана шу миллий тил воситасидагина янада чуқурроқ англаймиз, ўзлаштирамиз, мустаҳкамлаймиз, келажак авлодга етказилишини таъминлаб бера оламиз. Шу боисдан ҳам ўзбек тили ўзбек халқининг “миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, буюк қадрият” сифатида юксак мақомотга эга.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, илмий-техник, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-мафкуравий ўзгариш ва юксалишлар, дунёвий ҳамкорлик ва алоқалар бевосита тилга ҳам ўз таъсирини ўтказади: адабий тил луғат таркибида, маъно қатламларида эскириш, яниланиш жараёнлари кечади, ҳаттоки, тилнинг грамматик табиатида ҳам ўзгаришлар содир бўлади. Шу боис тил ҳамиша таҳриру тадқиққа, эътибору эъзозга эҳтиёж сезади, мунтазам фаолликда бўлади. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили” ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлашга, шу муносабат билан “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий, маданий тарғибот тадбирларини ўтказишга қаратилган республика миқёсидаги амалий ҳаракат юқоридаги жиҳатларни тўла қамраб олганлиги билан муҳим ва долзарб аҳамиятга эгадир.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг
30 йиллигини тантанали ўтказишга бағишланган қарор билан ушбу қутлуғ шодиёнага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича масъул ташкилий қўмита таркиби, оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқландики, буларнинг барчаси Она Ватанимиз равнақи, унинг жаҳон ҳамжамиятидан мустаҳкам ўрин эгаллаши йўлида олиб борилаётган жадал ислоҳотларнинг яна бир ёрқин тимсоли, амалий исботидир. Зотан, тил – миллат кўзгуси, тақдири, манфаати, давлатчилик рамзидир. Уни ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш, тарғибу ташвиқ этиш, сайқаллаштириш, барқарорлаштириш шу мамлакат ҳар бир фуқароси, шу миллат вакилларининг инсоний вазифаси, маънавий бурчидир.

Бутун дунё тиллари ичра ўзбек тили ўзининг сермаъно қирралари, ифода инжаликлари, адабий қонуниятлари билан алоҳида виқор ва жозиба касб этиб, илму дониш аҳлини, маърифат пешволарини мафтун этиб келади. Бу бизга алоҳида ғурур ва ифтихор бахш этади. Шундай бўлса-да, биз бугун айрим аҳоли ва ёшлар ўртасида ўз миллий давлат тилимизга беписандлик муносабатларини ҳам кўплаб кузатамизки, бундай ҳолатларнинг барчаси миллий тил барқарорлиги ва юксалиши йўлида зудлик билан ечилиши лозим бўлган бир қанча муаммолар мавжудлигидан далолат беради. Давлат тилини тантанали нишонлашга қаратилган қарорда “Ўзбек тили тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик масалалари” мавзусидаги халқаро ҳамда “ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциялари ўтказилишининг белгиланиши юқоридаги масалалар ечимига қаратилган зарурий кўрсатмалардир.

Шунингдек, юқори интеллектуал салоҳиятли, ҳар томонлама баркамол авлод тарбиялаш йўлида замонавий талаблар асосида ташкил этилган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳам юртимизда илм-фан, маданият ва санъат соҳаси тарққиётини янги босқичга кўтариш билан бир қаторда миллий манфаатларни, миллий қадриятларни ҳимоя қилиш йўлидаги даъваткор амалий ҳаракатлар маҳсулидир. Хусусан, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари баркамол ватанпарварларни, юксак иқтидорли ёшларни тарбиялашга қаратилган маърифат масканлари, тил ва адабиётнинг яшнаш ва юксалиш ўчоғи сифатида қад кўтарган зиё машъалларидир. Уларнинг ҳар бири миллий тилимиз ҳимоячиси, тарғибот ва ташвиқот манбаидир.
Хуллас, бугун миллий тикланишдан миллий юксалиш сари шахдам одимлаётган мамлакатимизда миллий тил равнақига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, юксак эҳтиром кўрсатилди. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 30 йиллиги тантанаси арафасида ўзбек халқининг жон каби азиз ва бебаҳо қадрияти бўлмиш ўзбек тилининг маънавий мақоми такомиллашди. Биз, маърифат аҳли, миллий тилимизга кўрсатилган ушбу буюк эътибордан беҳад мамнунмиз, миннатдормиз.

Давлат тилининг асосий тарғиботчиси, ҳимоячиси бўлган ҳар бир юртдош, миллатдошларимизни ўзбек тили тараққиёти йўлида бирлашишга, ҳамкор, ҳамфикр бўлишга чорлаб қоламиз. Зеро, “куч - бирликда”, “юксалиш – бирлашишда”, тараққиёт – якдилликда, равнақ – ҳамкорликда.
Юксак парвозларга шайлангин, тилим!

Феруза Азимова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Президент замонавий энергия тежамкор уйлар қурилиши билан танишди

“Тўпқопи саройи” бу ном султон ҳар гал саройдан чиққанда ва кирганда тўп отилгани боис берилган.

Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!

Ҳокимлик мутасаддиларининг парвойи фалак

expo
Боглиш маколалар