Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Ҳамид Ғулом 100 йиллик юбилеи
24-04-2019 11:11 0 1460 Рейтинг1 Чоп этиш

Ҳамид Ғулом 100 йиллик юбилеи

Ҳамид Ғулом 100 йиллик юбилеи

Таниқли адиб, шоир, драматург ва жамоат арбоби Ҳамид Ғулом (Ҳамид Убайдуллаевич Ғуломов) 1919 йил 25 апрелда Тошкент шаҳрининг Бешёғоч мавзесидаги Арпапоя маҳалласида таваллуд топди. Адибнинг отаси Убайдулла Ғуломов ўша вақтда 24 ёшлик навқирон муаллим ва ҳаваскор шоир бўлиб, 1921 йилда вафот этган. Ҳамид Ғулом онаси Қория Темур қизининг тарбиясида қолган. Қория опа даврининг ўқимишли аёлларидин бўлиб, ўз хонадонида қизлар учун мактаб очган Отинойи бўлган, кейинчалик фабрикага ишга кириб, чеварлик қилган. Ҳамид Ғулом Форобий номидаги мактабда таҳсил кўрди, сўнг Ўрта Осиё Индустриал Ишчилар факультетида ўқиб, уни 1936 йилда тамомлагач, Индустриал институтда ўқий бошлади.

Айни вақтда Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институтининг Рус тили ва адабиёти факультетида ҳам тахсил кўриб, уни 1941 йилда тамомлади. Унинг биринчи шеърлари 1936-37 йилларда вақтли матбуотда эълон қилинган. Ёш шоир А.С.Пушкин ва М.Ю.Лермонтов юбилейларига ўзбек тилида тайёрланган таржима ва нашр ишларида қатнашди.

Бўлажак адибнинг ижодига ўша вақтдаёқ забардаст шоирлардан Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек эътибор билан қарадилар. Ҳамид Олимжон унга М.Ю.Лермонтовнинг “Мцири” достонини ўзбек тилига таржима қилишни ишониб топширди. Ғафур Ғулом бир қанча ёш шоирлар қаторида Ҳамид Ғуломга ҳам эътибор бериб, унга маънавий падарлик қилди. Адиб 1941 йил 30 мартда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиб кирди.
Ҳамид Ғулом 100 йиллик юбилеи

Ҳамид Ғуломнинг меҳнат фаолияти жуда эрта бошланди. У ўспиринлик чоғидаёқ саводсизликни тугатиш курсларида дарс берди, турли газета ва журнал таҳририятларида ишлади. 1941 йил июнь ойида, яъни фашизмга қарши умумхалқ уруши бошланган дастлабки кунларданоқ Ўзбекистон Давлат Радиокомитетига ишга олинган Ҳамид Ғулом то ғалабага қадар бош диктор вазифасида ишлади. Айни вақтда “Қизил Ўзбекистон” (“Ўзбекистон овози”) газетаси таҳририятида 1944 йилдан ўриндошлик йўли билан иш бошлаб, 1954 йилгача адабий котиб вазифасини бажаради.
Ҳамид Ғулом 100 йиллик юбилеи

1954-56 йилларда Москва Олий адабиёт курсида таҳсил кўради, 1956-58 йилларда “Литературная газета”нинг Ўзбекистондаги мухбири сифатида фаол иш олиб борди. Унинг шундан кейинги меҳнат ва ижодий фаолияти бевосита Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида кечди. 1958-1965 йилларда Уюшма бошқарувининг котиби, 1965-1971 йилларда “Шарқ юлдузи” журналининг бош муҳаррири вазифасини бажаради. Айниқса, адибнинг 1971-1981 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётидаги раҳбарлик фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу даврда адибнинг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, ўзбек ва жаҳон адабиётида ҳодиса бўлган сара асарлар дунё юзини кўрди ва нашриёт номи нафақат Ўзбекистонда, балки чет эларда ҳам шуҳрат қозонди.

Ҳамид Fулом адабиёт ва санъатнинг турли жанрларида ижод қилди. Насрда “Машъал”, “Мангулик”, “Феруза”, “Бинафша атри”,
“Машраб”, “Тошкентликлар”, “Қорадарё” романлари, “Олмос қизи”, “Вафонинг узун йўли” ва бошқа қиссалари, туркум ҳикоялари, очерк ва публицистик мақолалари дунёга келди. Драматург сифатидаги ижоди ҳам сермаҳсул. У асосан, мусиқали драматургия соҳасида бастакорлардан Тўхстасин Жалилов, Юнус Ражабий, Манас Левиев, Сулаймон Юдаков, Матниёз Юсупов, Шоҳида Шохимардоновалар билан ижодий ҳамкорлик қилди. Машҳур режиссёр Раззоқ Ҳамроев, мумтоз актёр Сойиб Хўжаевлар билан биргаликда яратилган “Тошболта ошиқ” мусиқали драмаси адиб ижодида алоҳида ўрин тутади. У истиқлолни чексиз шодиёналик ва кўтаринки руҳ билан кутиб олди. Ўнлаб шеърлар, публицистик мақолалар ёзди. “Ассалом, ўзбегим!” таронаси радио ва телевидение орқали, концерт саҳналарида баралла янгради.
Ҳамид Ғулом 100 йиллик юбилеи

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг мустақиллигимиз етти йиллиги муносабати билан эълон қилинган Фармонида Ўзбекистоннинг энг фаол, энг ардоқли ижодкорлари қаторида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Fуломни хам “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотлади. Шунингдек, адиб “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Шуҳрат” медали билан ҳам тақдирланган.
Ҳамид Ғулом 100 йиллик юбилеи

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Республика санъат арбоби, қатор мукофотлар совриндори Ҳамид Fулом ҳаёт бўлганида бугун мўътабар 100 ёшни қарши олган бўлур эди. Шу муносабат билан, “Шарқ” нашриёт манбаа акциядорлик компанияси томонидан адибнинг энг сара асарлари тўплами нашр этилмоқда.
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*