Главная > ИҚТИСОДИЁТ ва БИЗНЕС > Протекционизм шунчалик нохушми?

Протекционизм шунчалик нохушми?


Протекционизм шунчалик нохушми?

“Фритрейдерлар” “протекционистларга” қарши — ҳозирда ушбу масала Ўзбекистон медиамаконида энг қизғин ва қайноқ мавзуга айланиб қолди. Агарда баъзилар “фритрейд” иборадан озми-кўпми хабардор бўлса, “протекционизм” тушунчаси эса ҳали кўплар учун нотаниш. Протекционизм ўзи нима ва бугунги Ўзбекистон учун унинг долзарблиги нимадан иборат? Келинг бу масалани батафсилроқ кўриб чиқамиз.

Тарихдан сабоқлар
Тарихга кўзимиз тўшса, бемалол англашимиз мумкинки, протекционизм (французча «protectionnisme», лотинча protection — ҳимоя, ҳомийлик) инсоният ривожланиш тарихида ҳамиша учраб туради. Ўз ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш сиёсати ўз замонида бир қатор давлатларга жаҳонда йирик иқтисодий позицияни эгаллашга ва кейинчалик буюк давлатга айланишга ёрдам берди. Масалан, Буюк Британиянинг 19-асрда бутунжаҳон ҳукмронлиги протекционистик сиёсати билан бирга унинг иқтисодий таррақиётига олиб келди. Ўша даврда дунёдаги умумий ишлаб чиқариш ҳажмида “умумжаҳон устахонаси” номи билан машҳур бўлган мазкур давлатнинг улуши ярмидан кўпини ташкил этган эди. АҚШда эса протекционистик сиёсати 19-асрнинг ўрталаридан бошлаб то 20-асрнинг ўрталаригача давом этди. Ўша давр ичида АҚШ ўз ишлаб чиқариш қувватларни бора-бора ўстириб, кейинчалик ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёдаги мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллади. 19-асрда АҚШ умумжаҳонга тенг 17 фоиз ишлаб чиқариш улуши билан Буюк Британиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турган бўлса-да, асрнинг охиригача ушбу кўрсаткич 30 фоизга кўтарилди. Бунга ўхшаш кўринишни Россия империясида 19-асрнинг охирлари 20-асрнинг бошларида кузатиш ҳам мумкин. Айнан ўша даврда Россия энг юқори иқтисодий ўсишни кўрсатган эди: 1887 - 1913 йилларда ишлаб чиқариш ҳажми 4,6 бароварга ўсди ва мазкур давлат жаҳондаги 5-6-ўринга чиқди.


Яқин ўтмишдаги мисолларни ҳам келтиришимиз мумкин. Протекционистик сиёсат кўплаб кичикроқ давлатларга ҳам жаҳон бозорида ўз ўрнини топишга ёрдам берди. Энг ёрқин мисол — Корея Республикаси, қачондир дунёдаги энг камбағал давлатлар қаторига кирган, ҳозирда эса илғор технологик мамлакатга айланди ва Япония, Германия билан бемалол баҳслаша оладиган бўлди. Етарли хомашё манбаси мавжуд эмаслиги сабабли, Жанубий Корея корхоналари асосий эътиборини ишлаб чиқаришда илғор технологияларни жорий қилишга қаратган эди. Айнан давлат кўмаги асосида ўз пайтида кичкина бўлган корхоналар кейинчалик машҳур “чеболи” — йирик халқаро бизнес-конгломератларга ва ўз соҳасида етакчи корхоналарга айланган. Уларнинг қаторида жаҳонга машҳур брендлар ҳам киради: Samsung, LG, Hyundai, Daewoo ва бошқалар.

Туркия мисолини ҳам келтиришимиз мумкин. Мазкур давлат текстил соҳасида дунёда пешқадамлик қилаётганлардан бири: юқори сифати ва қулай нарх-навоси билан машҳур бўлган турк маҳсулотлари жаҳон бозорида муносиб ўринни эгаллади. Экспортнинг умумий ҳажмида тайёр маҳсулотининг улуши жуда катта, айниқса пахта ипидан қилинган буюмларнинг улуши 80 фоизгача етади. Асосан енгил саноат Туркияга иқтисодий жиҳатдан етакчиллик қилишга ёрдам берди. Ўз фаолиятини тўқимачилик соҳасида бошланган турк корхоналари ҳозирги кунда йирик бизнес-корхоналарга айланган. Улар қаторида “Чалик холдинг” (Çalık Holding), “Сабанчи холдинг” (Sabanci Holding), “Чак групп” (Çak Group) и ва бошқаларни келтириш мумкин.

МДҲ давлатлари орасида Беларусь муваффақиятли равишда протекционистик сиёсатини олиб бормоқда. Мазкур давлат нафақат анъанавий саноат йўналишларни сақлаб қолди, балки янги соҳаларга ҳам эгалик қилди. Бугунги кунда дунёдаги машҳур беларус тракторлари билан бир қаторда ушбу Шарқий Европа мамлакати IT-ишланмаларни — ўзининг Юқори технологиялар парки резидентларининг маҳсулотларини ҳам экспорт қилади.


Протекционизм ўзи нима?
Жамиятда протекционизм масаласи кўтарилганда, доимо унинг салбий томонлари кўрсатилиши ва муҳокама қилиниши кўзга ташланади. Бундай стереотипга хос, бир ёқлама кўриниши бизнинг яқин ўтмишимиздан келиб чиқади: XX асрнинг 60-йилларигача Собиқ Иттифоқ яхши иқтисодий қўрсатқичларни намоён этган, аммо ўз вақтида иқтисодиётни бир ҳолатдан бошқа ҳолатга — “ҳажмидан сифатга” айлантира ололмаган. Собиқ Иттифоқ томонидан ўтказилаётган изоляцион, автаркия сиёсати ҳам жаҳон йирик давлатларининг иқтисодий даъволарига қарши мажбурий меъёр бўлган эди.

Бизга эса «эркин бозор» ўзи нима бериши мумкин? Фритрейд тарафдорларининг (инглизча «free trade» — «эркин бозор») фикрича, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хорижий компаниялар орасида ҳалол рақобат бўлишига пойдевор яратади. Уларнинг айтишларича, айнан бозор шароитида ҳар битта иштирокчининг ҳақиқий иқтисодий куч-қуввати ва маҳсулотининг афзаллиги аниқланади. Аммо бундай ёндашув жуда ҳам содда десак бўлади: ҳаммаларга маълумки, соф бозорига тенг иқтисодий муносабатлар ва ҳамма иштирокчилар учун тенг шароитлар мутлақо мавжуд бўлмайди. Бу фақатгина афсона, амалга ошмайдиган хаёлий орзу холос. Бундай ҳаракатлар иқтисодий жиҳатдан энг салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Кўпгина маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳали нарх-наво ва сифат жиҳатидан ҳорижий компанияларга тенг келолмайди. Натижада эса чет эллик бизнесменлар Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларини босиб, суриб чиқаради ва ўз маҳсулоти билан бозорда устунлик қилади. Ва бундай ҳолатда истеъмолчилар адолатли тенг ҳуқуқларга ҳам эга бўлмайди. Сифатли товар доимо қиммат туради ва кўп фуқаролар учун уни сотиб олишга имконият бўлмайди. Асосан бозорни Хитойда ва бошқа қўшни давлатларда ишлаб чиқарилган арзон ва сифати паст товарлар эгаллайди.

МДҲга аъзолик қилаётган бир қатор давлатларда бундай салбий ҳолат юзага келди: улар учун “эркин бозор” иқтисодий мўжизага эмас, инқирозга олиб келди. Масалан, Россияда Е.Гайдар бошчилигида олиб борилган ва йирик бизнес вакиллари томонидан лобби қилинган “иқтисодчи-ислоҳотчилар” сиёсати трансмиллий компаниялар томонидан кенг экспансияга йўл очиб берди. Россиялик ишлаб чиқарувчилар четда қолиб, уларнинг ўрнини хорижий компаниялар эгаллаб олди. Натижаси ҳаммага маълум: халқаро майдонда сиёсий муносабатлари бир қатор давлатлар билан ёмонлашгани сабабли Россияга турли иқтисодий ва савдо санкциялари орқали тазйиқ ўтказилиши бошланди. Россия жаҳондаги табиий ресурслари энг катта бойликларига ва улкан ишлаб чиқариш куч-кувватига эгалик қилишидан қатъий назар, санкцияларнинг салбий оқибатлари ҳалигача кучли таъсир кўрсатмоқда.

Бунга ўҳшаш муаммолар билан ҳам МДҲнинг бошқа давлатлар ҳам тўқнашди. Масалан, Жахон савдо ташкилотига ва Божхона Иттифоқига аъзолик қилаётган Қирғизистон хорижий бизнесга нисбатан мутлақо ожиз ва ҳимоясиз бўлиб қолди. Бугун Қирғизистон бозорини батамом чет эллик, асосан қўшни Хитойдан товарлар босиб, эгаллаб қўйди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар “Осмон ости мамлакати” бизнесменларига қарши рақобат кўрсата ололмаяпти ва ўз корхонларини ёпишга мажбур бўляпти. Грузия эса “ўз эшикларини дунёга очганидан кейин” кўпгина ишлаб чиқариш майдонларни ҳам йўқотиб қўйди. Ўз умидини туризм билан боғлаб натижада Грузия иқтисодий ўсишда яхши кўрсатқичларни кўрсатди. Аммо Россия билан кундан-кунга ёмонлашиб кетаётган сиёсий муносабатлари ушбу мамлакатга сайёҳлар оқими кескин пасайишига олиб келди ва Грузиянинг бутун туристик инфратузилмаси инқирозга учради.
Иккинчи «эркин бозор» тарафдорлари томонидан таянч қилинадиган далил эса популизмга жуда яқин: бизнинг фуқароларимизга сифатли маҳсулотларни харид қилишга, хорижий компаниялар учун маҳаллий бозорга киришга имкон яратиб беринг. Қанчалик кўп товар бўлса —ҳам нархи шунчалик пасаяди. Унда чет элдаги товар дефицитга айланмайди ва катта ҳажми ҳисобидан уларнинг ҳаммабоплиги ошади. Аммо бу тезис ҳам ўзини оқламайди. Ҳар билармон иқтисодчи эътироз қилиб бўлмайдиган ва ўз даврида энг машҳур назариячи — замонавий иқтисод фанининг асосчиси Адам Смит томонидан эълон қилган иқтисодий шубҳани келтириши мумкин: ҳар бир давлатнинг ҳақиқий, реал бойлиги савдо-сотиқ соҳасида эмас, ишлаб чиқариш соҳасида яратилади. Бошқача қилиб айтганда, сиз қайси маблағга товар харид қиласиз, агар уларнинг асосий манбаи бўлмаса, яъни тадбиркорлар томонидан давлат ғазнасига тушумлар келмаса?

Бундан келиб чиқиб, “иқтисодий тенг ҳуқуқлик” ва “иқтисодий серобгарчилик” учун биз нафақат стратегик саноатни, етарли даражада ҳимояланмаган кичик ва ўрта бизнесни — асосан халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқарадиган ва ҳалқни иш билан таъминлаб берадиган тадбиркорлар синфини ҳам йўқотишимиз мумкин. Натижада биз ноҳуш вазиятга келишимиз мумкин: оддий банан республикага, йирик трансмиллий иштирокчиларни ҳомашё билан таъминлайдиган давлатга айланиб қоламиз.

Ваҳиманинг кўзи катта
Протекционизм сиёсати ҳар доим зарар келтирмайди, баъзи ҳолатларда эса хорижий иқтисодий агентларга қарши танланган энг тўғри йўл. Ўринли ва мулоҳазали протекционистик сиёсати нимага олиб келади?

Биринчидан, бундай сиёсат маҳаллий саноат соҳасига кўмак беради. Уларнинг қаторига стратегик соҳалар, жумладан, нефт ва газ қазиб олиш ва ишлаб чиқариш, металлургия, қишлоқ хўжалиги тармоқлари ҳам киради. Юқори технологик соҳалар, жумладан, ахборот технологиялари, инженерия, автомобилсозлик, тиббиёт соҳалари ҳамда миллий анъанавий касб ва ҳунармандчиликлари ҳам кучли давлат кўмагига муҳтож. Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг яратилиши, ўз навбатида, ёрдамчи, қўшимча саноатларни пайдо бўлишига олиб келади. Масалан, UzDaewoo заводи очилиши Ўзбекистонда қисмлар ва аксессуарларни ишлаб чиқаришни ривожланишига туртки берди ва ҳозирги кунда бир қатор маҳаллий компаниялар ўз қисмлари билан россиялик АвтоВАЗ заводини — бизнинг асосий рақобатчимизни ҳам таъминлаб беради.

Импортни босувчи товарларнинг ишлаб чиқарилиши, ўз навбатида, уларни аҳоли учун ҳаммабоплигини оширади ва маҳаллий бизнеснинг рақобатбардошлигини оширади. Бундан ташқари, бизда уларни ишлаб чиқариш учун етарли шароит бор. Масалан, биз узоқ вақт ичида хориждан келган шарбат, компот ва мурабболарни харид қилардик. Ҳозирда биз ўзимиз ушбу маҳсулотни етиштирамиз, ишлаб чиқарамиз ва чет элга сотамиз. Хорижий маҳсулот сифатига тенг булган ва арзонроқ нархида сотилаётган маҳаллий сут ва қандолатчилик маҳсулотларининг эҳтиёжи аҳоли ўртасида ҳам жуда юқори. Яна бир ёрқин мисол — маиший химия воситалари. Бугунги кунда дўконларда хорижий товарлар билан бир қаторда кенг ассортиментдаги маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарадиган совун, тозалаш ва ювиш воситаларни ҳам кўришингиз мумкин. «Made in Uzbekistan» брэнд номи остида ишлаб чиқарадиган маҳсулот нафақат маҳаллий, хорижий бозорда ҳам муносиб ўрнини эгаллади ва ўз харидорини топди.

Иккинчидан, саноатнинг ўсиши аҳолини иш билан таъминлаш масаласини самаралироқ ҳал қилишга ёрдам беради. Модомики ушбу соҳа учун савдо соҳасига нисбатан анчагина кўпроқ одам ресурслар талаб қилинади. Ишлаб чиқариш тармоғи янгилаш ва инновациясиз бўлмайди, шунинг учун жисмоний меҳнат ишчилар билан бир қаторда интеллектуал меҳнат қилаётган ишчилар — инженер, лойиҳачи, технолог ва бошқа хизматчилар сони ҳам кўпайиб бораверади.

Ўзбекистон учун бу ўта жиддий масаладир. Демографик кўрсаткичларга кўра, бизнинг мамлакатимиз 33 миллион аҳолиси билан МДҲда учинчи ўринни эгаллайди ва меҳнатга лойиқ аҳолининг сони 50-60 фоизга етади. БМТ башоратига кўра, 2050 йилда Ўзбекистон аҳолиси 41 миллионни ташкил этади, пойтахтнинг аҳолиси эса 2030 йилга яқин 12 миллионгача ўсади. Шунинг учун аҳолини меҳнат ва ижтимоий жиҳатдан таъминлаши яқин орадаги энг муҳим ва долзарб масаладир. Ва бу ерда меҳнат ресурсларнинг нафақат кўпайишига, сифатли ўсишига ҳам алоҳида урғу бериш керак.

Учинчидан, ишлаб чиқариш соҳаси асосий солиқ тўловчи бўлгани сабабли давлат бюджети учун мазкур соҳа асосий даромад манбаидир. Шундай қилиб, маблағ ҳам давлат ичида айланади ва хорижга чиқиб кетмайди. Бундан ташқари, товарлар экспорти нафақат давлат ғазнасини тўлдиради, давлатнинг ташқи тўлов баланси ҳисоботини ҳам яхшилайди.

Ва хулоса ўрнида. Бугун жамиятда кучли стереотип сақланиб келяпти: фритрейд яхшиллика, протекционизм эса ёмонликка олиб келади. Аммо реал, ҳақиқий ҳаёт шундан иборатки, ҳамиша “эркин бозор” иқтисодий эркинлигини ва ҳалол рақобатни таъминлаб бермайди, протекционизм эса фақатгина маҳсулотларнинг паст сифатига ва ассортимент озлигига олиб келмайди. Ҳар бир мамлакат айрим иштирокчилар барқарорлиги учун эмас, миллий устуворлик ва манфаатларга таянч қилиб ўз иқтисодий сиёсатини амалга оширади. Ва биринчи навбатдаги энг муҳим вазифа — реал бойликларни яратадиган ва мамлакатнинг иқтисодий ривожига муҳим ҳисса қўшаётган маҳаллий тадбиркорларни ҳимоя қилиш. Шу маънода протекционизм сиёсати тўғри ва мулоҳазали йўл десак ҳам бўлади. Ўз вақтида буюк олимшунос ва энциклопедист ҳамда иқтисодиётга мойиллик сезган Дмитрий Иванович Менделеев ўринли айтган эди: фритрейд саноатнинг ёшлиги бўлсада, протекционизм унинг етук андишасидир.
Виктор Мирзаев


Вернуться назад