Главная > ИҚТИСОДИЁТ ва БИЗНЕС > Тошкентда автотураргоҳлар хусусий компанияларга берилади

Тошкентда автотураргоҳлар хусусий компанияларга берилади


Тошкентда автотураргоҳлар хусусий компанияларга берилади

1 октябрдан видеокузатув ва автомототранспорт воситалари кириш ва чиқиш вақтини қайд этиш тизими билан жиҳозланган юридик шахслар автотураргоҳ хизматини кўрсатишлари мумкин дея ёзмоқда Газета.uz

2018 йилнинг 1 октябридан автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар томонидан қатъий белгиланган солиқ тўлаш тартиби бекор қилинади. Бу президентнинг Тошкент шаҳрида инвестицион муҳитни яхшилаш эксперименти ҳақидаги фармонида кўзда тутилган.

Компаниялар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда ягона солиқ тўлови ёки бошқа умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтказилади. Давлат солиқ қўмитаси автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларнинг тушумлари тўлиқлиги устидан тизимли назорат ўрнатади.

Автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш хизматлари, жойлашувидан қатъи назар, юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари солиқ органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш имконини берадиган видеокузатув ва автомототранспорт воситалари кириш ва чиқиш вақтини қайд этиш тизими билан жиҳозланганда амалга оширилади.

Бундан ташқари фармонда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан давлат-хусусий шериклик шартларида автомобиль йўллари бўйлаб пуллик автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда кўп қаватли автомобиль сақлаш жойларини қуриш дастурларини тасдиқлаш ҳам кўзда тутилган.

Энг юқори ижара тўловлари ва инвестиция мажбуриятларини таклиф этган, асосан йўл ҳаракати соҳасида инновация лойиҳаларини амалга оширишда тажрибага эга тадбиркорлик субъектларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган, шу жумладан, бозорлар ва савдо комплексларига туташ ҳудудларда жойлашган автомобилларни вақтинчалик сақлаш жойларини давлат-хусусий шериклик шартларида 10 йилга қадар муддатга ижарага бериш белгиланди.
Вернуться назад