Главная > ҲУҚУҚШУНОС МАСЛАҲАТИ > Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта тизими 2021 йилдан ташкил этилиши маълум қилинди

Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта тизими 2021 йилдан ташкил этилиши маълум қилинди



Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта тизими 2021 йилдан ташкил этилиши маълум қилинди

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида тиббиётнинг турли тармоқлари қаторида тиббий суғурта тизимини жорий этиш борасида ҳам вазифалар белгиланган деб ёзади дарё.уз

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра, айни пайтда вазирлик ушбу йўналишда белгиланган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида тегишли миллий ва халқаро ташкилотлар, илм-фан муассасалари, малакали экспертлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик натижасида «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

— Дунёнинг кўплаб давлатларида мажбурий тиббий суғурта тизими жорий қилинган, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги мажбурий тиббий суғуртани жорий қилиш бўлими бошлиғи Афзалхўжа Абдуқодиров. — Мамлакатда бу йўналишдаги қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш жараёнида жаҳонда шаклланган моделлар пухта ва атрофлича ўрганилди. Шу билан бирга, миллий хусусиятлар ҳам ҳар томонлама таҳлил этилди. Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида бандлик даражалари, солиқ ставкалари, ойлик даромадлари ўрганилиб, мажбурий тиббий суғуртанинг ҳозирги кунда оптимал ва ижобий баҳоланиб келинаётган бюджет модели танлаб олинди.

Бу моделни бирламчи даражада амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Жамғарманинг шаклланиш манбалари этиб давлат бюджети билан бир қаторда инсон соғлиғига зарар келтирувчи (тамаки, алкогол, шакар ва ёғ миқдори кўп бўлган) маҳсулотларга қўлланиладиган акциз солиқлари ҳамда экологияга зарар етказувчи корхоналардан қўшимча ажратмалар ташкил этиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта тизими 2021 йилдан босқичма-босқич жорий этилиши лойиҳалаштирилган. Биринчи босқич 2021 йилда пилот сифатида Сирдарё вилоятининг барча туманларида жорий этилади. Мазкур вилоятда тиббиёт муассасаларига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари билан шартнома тизими, кафолатланган тиббий хизмат ҳажми ҳамда жон бошига ва ҳар бир даволанган шахс учун тўлов тизимини яратиш белгилаб ўтилган.

Иккинчи босқичда 2023–2025 йиллар давомида яна олтита вилоят қамраб олинади. Учинчи босқичда — 2025 йилдан бошлаб барча ҳудудлар тўлиқ қамраб олинади.
Вернуться назад