Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ КОРРУПЦИЯ — хавфли иллат. Бу қилмиш муқаррар жазога олиб боради
25-02-2020 21:00 0 489 Рейтинг1 Чоп этиш

КОРРУПЦИЯ — хавфли иллат. Бу қилмиш муқаррар жазога олиб боради

КОРРУПЦИЯ — хавфли иллат. Бу қилмиш муқаррар жазога  олиб боради

Коррупция жамият тараққиёти, юрт равнақи ва халқ фаро­вонлигига рахна солади. Маънавиятини емириб, миллий қадриятларни, одоб-ах­лоқ нормаларини поймол этади. Юрт­да ижтимоий тенгсизликни кел­тириб чиқаради. Фу­қароларда эртанги кунга бўлган ишончни сўндиради. Шу боис коррупция вайронкор куч сифатида қораланади.

Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда БМТнинг Корруп­ция­га қарши конвенциясига ҳамда 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қар­ши кураш бўйича Истанбул ре­жасига қўшилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил январида мамлакатимизда «Коррупция­га қар­ши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўта­моқда. Қонун коррупцияга қар­ши чора-тадбирлар самарадорлиги ва сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

Қонун ижросини таъминлаш мақсадида, Президентимизнинг «Коррупцияга қар­ши ку­ра­шиш тўғрисида»ги Ўз­бе­кистон Республикаси Қо­нуни қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Бу қа­­рор юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида янги босқични бошлаб берди.

Ўтган йилнинг 27 майида Президентимизнинг «Ўзбе­кис­тон Республикасида кор­руп­ция­га қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фар­­­мони қабул қилинди. Бу ҳужжат ана шу хавф­ли иллатга қарши муросасиз муносабатни янада кучайтириш борасидаги вазифалар кўламини кенгайтирди.

Коррупцияга қарши муросасиз курашиш узлуксиз ҳаракат қилишни тақозо этади. Бу­ни давлатимиз раҳбари жорий йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида ғоятда ҳақли фикрларни илгари сургани мисолида яққол кўриш мумкин.

Президентимиз таъкидлаганидек, коррупцияга қар­ши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳа­лоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўй­­ган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупция­нинг оқи­батлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.

Мурожаатномада корруп­ция­га қарши курашиш вазифалари ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида, парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қар­ши курашишга масъул саналадиган алоҳида орган ташкил этиш таклиф қилинди. Бу ҳам ушбу хавфли иллатга бутунлай барҳам бериш учун ҳали кўп куч ва меҳнат сарфлашимиз за­рурлигини кўр­сатмоқда.

Кейинги даврда корруп­ция­га қарши курашиш соҳасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида бир қатор зарур чоралар кўрилди. Бу ҳақда тўхталаётганимизнинг сабаби шуки, жамиятнинг ҳар бир аъзоси қонунларни, хусусан, коррупция билан боғлиқ қилмишнинг ҳуқуқий оқибатларини яхши билиши керак.

Қонунни билмаслик, унинг мазмун-моҳиятидан бехабарлик, табиийки, коррупция жиноятини содир этган шахснинг жазодан қутулиб қолишига им­кон бермайди. Чунки пора олган ҳам, берган ҳам, пора олиш-беришда воситачилик қилган ҳам муқаррар жиноий жавобгарликка тортилади. Қо­нун талаби шундай.

Маълумки, давлат органлари ходимлари ўз ваколатлари доирасида иш олиб боради. Ўз-ўзидан, уларга жисмоний ёки юридик шахсларнинг иши тушади. Бундай чоғда «енг ичида» иш битириш мақса­дига қаратилган илтимос ва таклифлар бўлмаслиги мумкин эмас. Коррупцияни келтириб чиқарувчи бундай ҳо­латларни бартараф этиш йў­ли «Коррупцияга қарши ку­рашиш тўғрисида»ги қо­нуннинг 26-моддасида белгилаб қў­йилган.

Мазкур нормага мувофиқ, давлат органлари ходимлари уларни коррупцияга оид ҳу­қуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат эт­ганлигига оид барча ҳоллар тўғрисида, шунинг­дек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай факт­лари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу маж­бу­рият­нинг давлат органлари ходимлари томонидан бажарилмаслиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Энди бу борадаги фикр­лар­ни ҳаётий мисоллар асосида далиллашга ҳаракат қи­ламиз.

Ўтган йил 7 ноябрь куни На­воий вилояти ички ишлар бош­қармаси Йўл ҳаракати хавф­сизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори Ш. Абдурасулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) сафдоши Ж. Қаршиев билан Кармана тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлининг 162-ки­ло­метрида жойлашган «Гресс» кузатув блок-постида хизмат вазифасини бажараётганди.

Кеч соат 23.45 ларда «Бухоро — Навоий» йўналиши бў­йи­ча юқори тезликда ҳаракатланиб келаётган «Нексия» авто­ма­шинаси уларга шубҳа­ли туюлади. Инспектор Ш. Абдурасулов автомашинани ҳуштак чалиб, жезл ёрдамида тўхтатади.

Хавфсизлик камарини тақмасдан келаётган «Нексия» ҳайдовчиси қоидани бузган­ли­гини тан олади ва ҳужжат­ла­­рини йўл-патруль хизмати ходимларига тақдим этади. Ш. Абдурасулов ҳайдовчи А. Раҳмонқуловга нисбатан Йўл ҳаракати қоидаларининг 9-бандини бузиб, хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштиради.

Баённомага имзо қўйиш сў­ралган пайтда А. Раҳмонқуловнинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани сезилиб қолади. Вилоят наркология диспансери тиббий кўрикдан ўтказиб, фуқаро А. Раҳмонқулов маст ҳолда эканлиги тўғ­рисида хулоса беради.

Хулосага асосан, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади ва автомашина жарима майдонига қўйилади.

Ҳаммаси шундан сўнг бошланади. А. Раҳмонқулов пост ёнидан кетмай, эрталабгача шу атрофда юриб чиқади. Бунинг устига йўл-патруль хизмати инспектори Ш. Абдурасуловга ёрдам қилишни, эвазига 100 АҚШ доллари беришини айтиб, уни ҳол-жонига қўймайди. Йўл-патруль хизмати инспектори фуқарога бу ҳаракати жиноят экани, ишига халал бераётганини такрор-такрор тушунтиради. Ҳатто уни хонасидан чиқариб юборади. Лекин…

Эрталаб соат саккизларда постнинг назорат хонасига кириб олган А. Раҳмонқулов яна автомашинасини жарима майдонидан чиқаришга ёр­дам беришни, бунинг учун қанча пул бўлса ҳам, беришга тайёр эканлигини айтган. Шундан сўнг Ш. Абдурасулов ҳайдовчи А. Раҳмонқуловга нисбатан қонуний чора кў­ришни сўраб, вилоят Ички иш­лар бошқармаси бошли­ғи номига билдирги ёзган.

Тезкор тадбир белгиланиб, тадбир иштирокчилари «У. А. ­Аб­рор — 98» масъулияти чекланган жамиятига қа­рашли жа­рима майдончасига боришган. Худди шу пайтда А. Раҳмонқулов маъмурий бино ичига кириб олганди. У Ш. Абдурасуловга 100 доллар пул берган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Суд дастлабки тергов ор­гани томонидан А. Раҳмонқуловнинг ижтимоий хавфли ҳаракатлари Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми би­лан тўғ­ри малакаланган деб ҳи­соблади.

Мазкур жиноят иши судда мазмунан кўрилиши чоғида судланувчи А. Раҳмонқулов қил­ган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлик билдирди.

Унинг ай­бига иқрорлиги ва қилми­ши­дан пушаймонлигини суд жазони енгиллаштирувчи ҳо­лат, жиноятни мастлик ҳолатида содир қилганлигини Жи­ноят­ кодексининг 56-моддасида на­­зарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳо­латлар деб ҳи­соблади.

Суд ашёвий далил деб топилган, судланувчи А. Раҳмон­қулов томонидан Ш. Абдурасуловга пора тариқасида берилган 100 АҚШ долларини ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг давлат эгалигига ўтказишни лозим, деб топди.

А. Раҳмонқуловга суд ҳукми би­лан икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Қиссадан ҳисса шуки, пора олганни ҳам, берганни ҳам, пора олиш-беришга воситачилик қилганни ҳам муқаррар жа­зо кутади.

Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Алишер САЙДУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Кармана тумани судининг раиси
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

6 апрелдан бошлаб юртимизда янги чекловлар ва қоидалар жорий этилмоқда

Энди айрим абирурентлар яна бир синовдан ўтади

“Тахиатош ИЭС” ишлаб чиқариш қувватлари оширилмоқда

Бугунги синовли дамларда ҳаммамиз бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз – давр талаби

expo
Боглиш маколалар