Наша етиштираётган мураббий қўлга тушди
Сурхондарё вилоятида ўтказилаётган “Қора дори-2019“ тадбирларида гиёҳванд модда парваришлашни касб қилиб олмоқчи бўлган шахслар қўлга олиниб, қонуний чора кўрилмоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Бойсун туманида ўтказилган тадбирда “Мунчоқ” маҳалласида яшайдиган вақтинча ишсиз Қулдов Ризаев (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг томорқасида парваришланаётган 20 туп наша ўсимлиги ҳужжатлаштириб олинди.
Сариосиё туманидаги тадбирда Чанглоқ қишлоғида яшовчи Валиқул Сафоев томорқасида етиштираётган 12 туп наша ўсимлиги билан қўлга тушиб қолди.
Денов туманидаги тадбирлар чоғида “Оҳлар” маҳалласида яшовчи пенсионер Тўра Бобоев ўз томорқасидаги помидор кўчатлари орасида гиёҳванд модда ўсимлиги парваришлашни синовдан ўтказаётганига дуч келинди. Зийрак ички ишлар ходимлари соқолига оқ оралаган бобонинг помидор кўчатлари орасидан 9 туп наша ўсимлигини топиб олиб, тегишли тартибда расмийлаштирди.
Шу ўринда айтиш керакки, мамлакатимизда ўқитувчи- мураббийларга барча ҳавас назари билан қарайди. Ёш авлодга илм бермоқда, уларни комил инсон этиб тарбияламоқда, дея ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қилади.
Бироқ, айрим мураббийларнинг томорқасига гиёҳванд модда ўсимлигини экиб, бундай улуғ номга қора доғ тушираётганини қандай изоҳлаш мумкин? Масалан, Денов туманидаги “Даҳана” маҳалласида яшайдиган, тумандаги коллежлардан бирининг мураббийи Элёр Қораевнинг томорқаси кўздан кечирилганда 34 туп наша ўсимлиги парваришланаётгани аниқланди.
Заҳри қотил-ку қонун доирасида ҳужжатлаштириб олинди. Лекин, элнинг иззатида бўлган мураббий эндиликда коллеж жамоаси ва маҳалладошлари юзига қандай қарайди?
Айни пайтда мазкур ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.