Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Ёлғиз аёлнинг уйи бузиб ташланди, энди у икки нафар норасида фарзанди билан қаерда яшайди?..
22-01-2019 13:58 0 749 Рейтинг1 Чоп этиш

Ёлғиз аёлнинг уйи бузиб ташланди, энди у икки нафар норасида фарзанди билан қаерда яшайди?..

Ушбу мақола олдин Ўзбекистон овози газетасида кейин сайтимизда эълон қилинган эди. Ушбу мақолага прокуратура ва суддан келган жавоблар юзаки бўлганлиги боис Ўзбекистон овози газетасида уларга нисбатан муносабат билдирилди. Ушбу билдирилган муносабатни сайтимизда ҳам эълон қилмоқдамиз.

Ёлғиз аёлнинг уйи бузиб ташланди, энди у икки нафар норасида фарзанди билан қаерда яшайди?..

Ўзбекистон овози газетасида ўтган йил 13 ноябрь сонида чоп этилган юқоридаги сарлавҳали танқидий мақолада Андижон вилояти, Олтинкўл тумани, «Чаққон-2» маҳалла фуқаролар йиғинида икки нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаб келаётган Нафисахон Бобоназарованинг уйи суд томонидан ноқонуний қурилган, деб топилиб, Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлими томонидан 2018 йил 9 август куни кечки пайт экскаватор билан бузиб ташлангани тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилган эди.

Қонунсиз қурилган уй бузиб ташланиши мумкин, албатта. Аммо Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони эълон қилингани, ушбу ҳужжатга асосан ва инсонпарварлик нуқтаи назаридан икки болали ёлғиз аёлнинг уйини бузмаслик мумкин эди-ку, деган масала кўтарилган эди.
Ушбу мақолага келган жавоб хатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ушбу мақолага келган жавоб хатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ПРОКУРАТУРАСИ ЖАВОБИДАН:

«... Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 16.01.2018 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар — Олтинкўл туман прокуратураси И.Турдиев ва Ф.Асқаров манфаатини кўзлаб, жавобгар Н.Бобоназаровага нисбатан «Ноқонуний қурилмаларни жавобгар ҳисобидан буздириш ҳақида«ги даъво аризаси қаноатлантирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Ер кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида»ги қарорининг 9-бандида «Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича тарафлар низоли ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим қилишлари шарт...
Аниқланишича, Олтинкўл туман прокуратураси томонидан фуқаролар Ф.Асқаров ва И.Турдиевларнинг мурожаатларини текшириш натижасида Олтинкўл туман, Чаққон-2 маҳалласида яшовчи Н.Бобоназарова Олтинкўл туман ХТМФМТ ва ТЭ бўлимига қарашли 51-сонли умумий ўрта таълим мактабининг стадион майдонининг 1400,0 кв.метр ер майдони қисмини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, қурилмалар қуриб олган...

Жиноят ишлари бўйича Андижон туман судининг 21.02.2018 йилдаги ҳукмига кўра, Н.Бобоназарова (Нафиса Бобоназарованинг онаси. — Изоҳ таҳририятники) 2010 йил ноябрь ойидан давлат иштирокидаги Олтинкўл туман ХТМФМТ ва ТЭ бўлимига қарашли 51-сонли умумтаълим мактаби директори вазифасида ишлаб келиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, Олтинкўл туман ҳокимининг 06.10.2014 йилдаги 418-сонли қарори билан 51-сонли умумтаълим мактабига ажратилган 20134,0 квадрат метр ер майдонининг 0,15 га тенг бўлган ер майдонини 2014 йилда эгаллаб олиб, ушбу ер майдонига уй-жой қуриб, шу кунга қадар фойдаланиб келиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабабчи бўлганлиги учун Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк, ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади... Бироқ жавобгар Н.Бобоназарова суд жараёнида, ушбу ер майдони ўзига тегишли эканлигини тасдиқловчи бирон-бир ҳужжатни судга тақдим қилмаган.

Қайд этилганларга асосан вилоят суди кассация инстанциясининг 13.04.2018 йилдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 16.01.2018 йилдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Мазкур суд қарорларини фуқаролик иши ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқиш жараёнида, уларга нисбатан протест келтириш учун етарли асослар топилмади. Мурожаат юзасидан муаллиф вилоят прокуратурасига таклиф қилиниб, у билан суҳбатлашиш жараёнида мурожаатда келтирилган турмуш ўртоғи ва унга узоқ йиллар давомида ўқитувчи бўлиб ишлаганлиги туфайли 1988-1990 йилларда Олтинкўл туман собиқ Куйбишев номли колхознинг раҳбарлари томонидан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиб берилганлигини тасдиқловчи бирорта ҳужжатлари мавжуд эмаслигини билдирди.
Юқоридагиларни муаллифга маълум қилиш билан бирга, амалдаги қонунчилик талабларини тушунтириб жавоб хати юборилиши таъминланди.
А.М.САЙДАЛИЕВ,
Вилоят прокурорининг ўринбосари, адлия маслаҳатчиси.


ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА АНДИЖОН ВИЛОЯТ СУДИ ЖАВОБИДАН:

«... Фуқаролик иши ҳужжатларига кўра, даъвогар — Олтинкўл туман прокуратураси Турдиев Иномиддин ва Асқаров Фахриддинни манфаатини кўзлаб судга жавобгар Бобоназарова Нигоройга нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Бобоназарова Нигорой томонидан Олтинкўл туман ХТМ ФМТ ва ТЭга қарашли 51-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида ноқонуний қуриб олинган уй-жойни мажбурий тартибда буздиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2018 йил 16 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилиб, Олтинкўл туман ХТМФМТ ва ТЭга қарашли 51-сонли умумий ўрта таълим мактаби стадион майдонини 1400,0 кв.метр ер майдонидаги ноқонуний қурилмалар жавобгар Бобоназарова Нигорой Онарбоевна ҳисобидан мажбурий тартибда буздириш белгиланган...

Судда аниқланган ҳолатга кўра, Олтинкўл туман прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижасида Олтинкўл туман, Чаққон-2 маҳалласида яшовчи Бобоназарова Нигорой Онарбоевна Олтинкўл туман ХТМФМТ ва ТЭга қарашли 51-сонли умумий ўртатаълим мактабининг стадион майдонини 1400,0 кв.метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, қурилмалар қуриб олганлиги аниқланган...

Жиноят ишлари бўйича Андижон туман судининг 2018 йил 21 февралдаги ҳукмига кўра, Н.Бобоназарова 2010 йил ноябрь ойидан давлат иштирокидаги Олтинкўл туман ХТМФМТ ва ТЭ бўлимига қарашли 51-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори вазифасида ишлаб келиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, Олтинкўл туман ҳокимининг 2014 йил 6 октябрдаги 418-сонли қарори билан 51-сонли умумтаълим мактабига ажратилган 20134,0 квадрат метр ер майдонининг 0.15 га тенг бўлган ер майдонини 2014 йилда эгаллаб олиб, ушбу ер майдонига уй-жой қуриб, шу кунга қадар фойдаланиб келиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабабчи бўлганлиги учун Жиноят кодексининг 205-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилган ва жавобгарлик белгиланган...

Жавобгар Н.Бобоназарова низоли ер майдонини қонунда белгиланган тартибда ўзига ажратиб берилганлигини ва қурилмаларни рухсат олган ҳолда қурганлигини тасдиқловчи ҳуқуқий ҳужжатни судга тақдим қила олмаган. Шунингдек, ушбу ер майдони жавобгарга ажратилганлиги ҳақида ҳоким қарори мавжуд эмас...

Шунга кўра, мақолада кўрсатилган Н.Бобоназарова «ёлғиз аёл» бўлса-да, уни мактабга тегишли ерни ноқонуний эгаллаб, уй-жой қуриб олиш ҳуқуқи бўлмаган. Унинг «ёлғиз аёл» эканлиги низодаги ерни эгаллаш учун устун ҳуқуққа эга эканлигини англатмайди.
Чунки қонун устунлиги сўзсиз тан олиниши шарт ва ҳар бир фуқаро риоя этишга мажбур.

Баён қилинганларга кўра, суднинг қарори қонуний ва асосли бўлиб, суд ҳужжатлари қонуний кучда эканлиги, фуқаролик ишини кўришда қонун талаблари бузилишига йўл қўйилмаганлиги маълум қилинади. Вилоят суди раиси Ж.М.Карабоев.

ТАҲРИРИЯТДАН:

Аввало, ўз вақтида жавоб хати берилганлиги учун вилоят прокуратураси ва вилоят суди раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 212-моддаси, Ер кодексининг 91-моддаси, фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддаси тўғрисида бизга ва газетхонларга кенг маълумот берилгани учун яна бир бор миннатдорлик изҳор этамиз. Аммо мақоладаги иккита асосий савол эътибордан четда қолаётгани сабабли бу жавоблардан тўла қониқмаганимизни ҳам билдирмоқчимиз.
Биринчи савол — Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони эълон қилинган бир пайтда, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига давлатимиз энг муҳим вазифа сифатида қараётган, одамларни рози қилиш учун кураш бораётган пайтда икки нафар фарзанди бор ёлғиз аёлнинг уйини бузиш шартмиди? Асраб қолиш учун ҳуқуқий асос бор эдику.

Иккинчи савол — Уй-жойи бузилиб кўчада қолган бу аёл энди қаерда яшайди? Туман ҳокимлиги ташландиқ, ҳеч қандай шароити йўқ бир бинони вақтинча яшаш шарти билан берибди. Болалар боғчасида арзимаган маошга кир ювувчи бўлиб ишлаётган бу аёл қандай қилиб, қайси маблағ ҳисобига бу кулбани таъмирлайди?

... Таҳририятга келган жавоблардан сўнг бизда бошқа саволлар ҳам пайдо бўлди.

Учинчи савол — Уй бузилишга бузилибди. Аризачилар, прокуратура, суд давлат ерини ҳимоя қилибди. Аммо икки болали аёл ҳуқуқи, манфаатини ким ҳимоя қилади? Ўша ер нархи инсон қадридан юқори турадими? Ёки бошқа бирор жойдан ҳашар йўли, ҳомийлар ёрдамида бу оилага уй қуриб бериш ёки уй бериш имкони ҳақида ўйлаб кўрилмадими? Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ишлар бошидан кўп азоб-уқубатларни ўтказган заҳматкаш халқимизни, ҳар бир юртдошимизни улуғлашга қаратилаётгани қайта-қайта уқтирилмоқда. Олтинкўлдаги воқеа бунинг акси эмасми?

Тўртинчи савол — Жавоб хатларида (қаранг, бир-бирига жуда ўхшаш) қонунсиз қурилган уй ҳақида шундай жумла бор: «ушбу ер майдонига уй-жой қуриб, шу кунга қадар фойдаланиб келиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабабчи бўлгани учун жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан айбли, деб топилган».

Бу «жиддий зиён» нимадан иборатлигини, тўғриси, тушунмадик. Мактаб бир қаватли, 240 ўқувчига мўлжалланган. Унга 2 гектардан кўпроқ ер ажратилган, ҳайҳотдек майдон неча йилдан буён бўм-бўш ётган бўлса, кимга қандай зиён етган? Кимга халақит берган, ким жабр кўрган? Мактабнинг бирор лойиҳасига, тараққиётига тўсқинлик қилинганми?..

Яна бир қўшимча савол устида ҳам ўйлаб кўришимиз керакка ўхшайди. Дарвоқе, бу ҳақда айтилган, огоҳлантирилган. Мактабларга, айниқса, қишлоқ мактабларига бир пайтлар ҳаддан ташқари, керагидан ортиқ ерлар берилган бўлиб, йиллар давомида ҳувуллаб ётганлари оз эмас. Уйлаб, керагича ер майдони ажратилса, мақсадга мувофиқ эмасмикан?..

Бу савол прокуратурага бевосита тегишли эмас, албатта. Ҳокимият ва жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинмоқда. Мақолада кўтарилган, аммо жавобсиз қолган саволларга эҳтимол вилоят ҳокимлиги жавоб берар? Эҳтимол яна кимдир муносабат билдирар.

Савол оддий ва қисқа: икки фарзандли ёлғиз аёл ён-атрофидаги қўшнилари каби ноқонуний, кадастрсиз қурилган уйда яшаб келаётганди. Ноқонуний қурилган уй-жой бузиб ташланишига ҳеч қандай эътироз бўлмаслиги керак албатта. Аммо оддий одамларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи, ижтимоий аҳволи ҳисобга олиниб, Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони эълон қилинган бир пайтда, ёлғиз аёлнинг уйини бузиш шартмиди?
Мақолага ёзилган жавобларда қандай уй-жой қонунсиз, қайси бири қонуний ҳисобланиши батафсил тушунтирилган. Аммо асосий савол жавобсиз қолаяпти.

Қонунларни кимдир кўпроқ, кимдир камроқ билиши мумкин. Лекин керак бўлганда топиб, ўқиб, билиб олиш мумкин. Бироқ ҳаётда мантиқ, деган тушунча бор. Буни билиш учун юрист бўлиш шарт эмас. Агар Президентнинг бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинмаганида бу мақола чиқмаслиги табиий эди. Ноқонуний қурилган уй эгасини ҳимоя қилиб ўтирмасдик. Вилоят суди жавобида кишини уйлатадиган яна бир гап бор: «Унинг «ёлғиз аёл» эканлиги низодаги ерни эгаллаш учун устун ҳуқуққа эга эканлигини англатмайди.»

Яна саволлар туғилади: Хўш, унда прокуратура ва суд учун Президент фармони устун ҳуқуққа эга эмасми? Фармон эълон қилинганини била туриб, унга амал қилмасликни қандай тушунмоқ керак? Президент одамларни уйли-жойли қилиш учун жон койитаётган бир пайтда икки-уч амалдор бир гуруҳ аризачилар шикоятини дастак қилиб, бўм-бўш ётган жойни «стадион», деб атаб ёлғиз аёлнинг уйини буздириб ташлашини қандай баҳолаш мумкин?

Аввало стадион билан футбол майдончасининг фарқига бориш керак. Эшитдик, яқинда ана шу бўм-бўш ётган ернинг бир четида қўлбола дарвоза ўрнатилибди. Гўё «ҳа, бу ер стадион эди», дейишмоқчи. Шу ҳолатда ҳам бузилган уй ўрни «стадион» ташқарисида қоляпти.
Масалага адолат ва инсонпарварлик билан ёндашилганида,«Эътиборсизлик қилибмиз, чуқурроқ ўйламабмиз. Бироқ бу аёлни кўчада қолдирмаймиз, уй-жой билан таъминлаш масаласини кўриб чиқамиз», деганга ўхшаш жавобни кутгандик.

Баҳона ахтарилса, топилаверади. Баландпарвоз гаплар дастак бўлаверади. Мақсад ёрдам бериш бўлса, имкон ҳам топилади. Бунинг учун аввало бир ҳақиқатни тушуниб олишимиз керак: Қайси лавозимда ишлашимиздан, ким бўлишимиздан қатъи назар, идорамиз шаъни ва шахсий манфаатимиздан одамлар манфаати ўн карра, юз карра юқори туради. Бутун диққат-эътиборимиз одамлар муаммоларини ҳал этишга, уларга сидқидилдан хизмат қилишга қаратилиши керак. Бугун ҳаёт шуни талаб қилаяпти, Президент шуни талаб қилаяпти.
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Германия сув технологияси Қашқадарё воҳасида тажрибада... Медиа-тур дан

Бугуни кун таассуротлари,«Жаслиқ» қамоқхонаси ёпилди, кейинги тақдиричи...

Амударё ҳайбати йўқолдими? Ёҳуд ёшлигимда эшитган ривоятлар.

Ер юзида 30 миллионга яқин инсон қуллик асоратида ҳаёт кечирмоқда.

expo
Боглиш маколалар