Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Биринчи автомобилни харид қилган ўзбек бойи
04-04-2020 00:38 1 2748 Рейтинг2 Чоп этиш

Биринчи автомобилни харид қилган ўзбек бойи

Биринчи автомобилни  харид қилган ўзбек бойи

Марказий Осиёда биринчи автомобиль харид қилган Миркомилбой ким бўлган?
Миркомилбой Мирмўминбоев ҳожи – андижонлик бой савдогар. У 1866-йили Андижон шаҳрида бой савдогар оиласида дунёга келган. Саноатчи, йирик ер-мулк эгаси, савдогар, жадидларнинг ҳомийси, бунёдкор шахс сифатида маълум ва машҳурдир. Шу боис ҳам бу ажойиб шахснинг эл-юрт манфаати йўлида қилган ишлари ҳали-ҳануз ватандошларимиз хотирасида сақланиб келмоқда.


Миркомилбойнинг ҳаёт йўли ва қилган саховатли ишлари ҳақида халқ орасида турли гаплар юради. Аслида у қандай шахс бўлгани ва нима ишлар қилгани ҳақида Андижон давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Рустам Шамсутдиновнинг Миркомилбой тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий Архивида сақланаётган материалларини таҳлил қилиб тўплаган маълумотларига асослансак, хато қилмаган бўламиз ва бор ҳақиқатни билиб оламиз.
300 та дўкон, 5 та завод…

Мақоламиз қаҳрамонининг шахсий бойлиги ўша пайтда 15 миллион рублга яқин бўлиб, асосий савдо муомалаларини чет эллардаги йирик «Ака-ука Шлосберг», «Кноп», «Ака-ука Степпун», «Москва ҳисоб банки», «Рус-Хитой банки», «Рус-Осиё банки» ва бошқа савдо-сотиқ фирмалари ва банклари билан олиб борган катта мулкдор бўлган. Унинг қарамоғидаги бойлик ҳақида 1913 йил уезд бошлиғига берилган маълумотга кўра, Миркомилбойнинг 380 минг сўм нархга эга 5 та йирик заводи, 500 минг сўмлик 3 та сарой-растаси (Андижонда 2 та, Қўқонда 1 та), Андижон бозорида нархи 1 000 000 сўм бўлган 300 та дўкони, ҳаммомлар, уйлар, йирик мевали боғлар, турли корхоналарнинг акциялари, қимматли қоғозлар ва нақд пуллари бўлган.

Шундай улкан мулк соҳиби бўлишига қарамай, Миркомилбой ўз замонасининг миллатпарвар кишиси бўлган. У Ватанни озод қиёфада кўришни орзу қилган ва ана шу йўлда курашган. Унинг бу фаолияти ва кураши чор Россияси мустамлакачиларининг нафрат ва ғазабини уйғотган эди. Шу боис унга қарши доимий равишда тазйиқ, таъқиб олиб борилган. Ҳар бир қадами, хатти-ҳаракати чор маъмурлари кузатувида бўлган. 1911 йилда Туркистон район муҳофаза бўлими ўзининг махсус ишлар бўйича ҳисоб рўйхатига Миркомилбой Мирмўминбоевни ҳам тиркаб қўйган.

Унга олинган анкетада Миркомилбойнинг 52 ёшдалиги, машҳур миллионер, пахта заводлари эгаси, мусулмон, Андижон шаҳриданлиги кўрсатилган. Анкетанинг орқа бетига Андижон уезди бошлиғи вазифасини бажарувчи, подполконик Ивановнинг 1911 йил 3 майда ўзининг Фарғона вилояти ҳарбий губернатори номига йўллаган 133-сонли хати илова қилиниб, Туркистон район муҳофаза бўлими бошлиғига йўллаган 136-сонли хати қайд этилган.Дўконлардан тушган маблағ таълим соҳасига йўналтирилган.

Андижон уезди собиқ бошлиғи, подполковник Иванов Миркомилнинг кўчадаги номаъқулчиликлари учун 14 кунга ҳибсга олишга топшириқ беради, бироқ у қамоққа олингунга қадар яшириниб, арз билан Фарғона ҳарбий губернатори Гиппиус ҳузурига келади. Бу иш бўйича тинтув ўтказиш махсус топшириқлар бўйича чиновник Крошковга топширилади. Якунда подполковник Ивановнинг Миркомилбойни қамоққа олиш тўғрисидаги қарори бекор қилиниб, ўзи лавозимини тарк этишга мажбур бўлади. Унинг ўрнига уезд бошлиғи этиб, полковник ¬Ю.А.Бржезицкий тайинланади. Энг муҳими, янги бошлиқ Андижондаги маданий қурилиш, ободончиликка оид ишларни қўллаб-қувватлайди.

Миркомилбой 1913 йил 18 сентябрда Ю.А.Бржезицкийга ариза топширган эди. Унда мана бу сатрлар битилган:
«Ўз она шаҳрим Андижоннинг маданий ривожланиши ва батамом тартибсиз аҳволда бўлган Гултепа майдонига маданий кўриниш бериш, майдон ҳам шаҳар кўрки бўлсин, ҳам аҳоли фойдалана олсин деб, мен Миркомил Мирмўминбоев ўз ҳисобимдан Андижон шаҳрига тортиқ сифатида қуйидаги иншоотларни қуришни ўз зиммамга оламан:

1. Турли миллат вакиллари эркак ва аёлларга мўлжалланган, қирқ ўринли намунали шифохона. Унда қуйидаги бўлимлар мавжуд бўлади: а) жарроҳлик; б)туғруқхона; в) ички касалликлар; г)секцион камералар ва мурда сақлаш учун ертўла; д) дезинфекцион камера ҳамда шифохона бошлиқлари, ходимлари ва турли хизматчилар учун махсус бино; е) шифохона биносини марказий иситиш бўлими ҳамда сувларни биологик тозалаш хизмати.
2. 30 ўқувчига мўлжалланган интернат бўлган, мадраса ўқувчиларини рус тилига ўргатиш бўлимига ҳамда зал ва ёрдамчи биноларга эга рус-тузем мактаби.
3. 100 та ўқувчига мўлжалланган мадраса ва хонақоҳи бўлган намунали мактабхона.
4. Европача нусхадаги, ертўла ва қоровулхона, учта ҳожатхонаси бўлган учта дўконлар тизими. Мана шу дўконлардан келадиган фойда юқорида кўрсатилган муассасаларни таъминлаш ва таъмирлаш учун ишлатилади.
5. Маҳаллий халқ ва европаликлар учун алоҳида бўлимларга эга бўлган ҳаммом.
6. Шу бинолар атрофида йўлкалар очиб, хиёбонлар барпо этиш, майдон марказида манзарали боғ барпо этиш.

Кўрсатилган иншоотларнинг барини мен, Миркомил Мирмўминбоев, ўз назоратимда тузилган ва тегишли ҳокимият томонидан тасдиқланган лойиҳа ва смета асосида уч йил давомида қуриб битказишни ўз зиммамга оламан. Шу билан бирга юқорида кўрсатилган барча бинолар, иншоот ва жиҳозларни қуриш учун ўз шахсий маблағимдан 500 минг сўм ажратаман» (ЎзМДҲ.ф.и. 19,1 ёзув, 27849 иш, 36-бет).
Андижонга трамвай олиб келмоқчи бўлган
Аризада М.Мирмўминбоев ўзи тикламоқчи бўлган иншоотларнинг қаерда қурилишини, майдон ўлчами, жалб этиладиган одамлар сони, уларга бериладиган маош миқдорини аниқ кўрсатган. Дўконлардан тушадиган фойда шифохона ва рус-тузем мактаб қурилишига етмаса, уч йил давомида ўз ҳисобидан маблағ билан таъминлашни зиммасига олган. Ушбу иншоотлардан даромад келадиган бўлса, уни шаҳар фондига топширажагини билдирган. Мусулмонлар намозхонаси ва мадрасани ўла-ўлгунча ўз ҳисобидан маблағ ажратиб, таъминлаб туришни, вафот этгач эса махсус васиятнома асосида маблағ қолдиражагини баён этган. Ариза М.Мирмўминбоев томонидан 1913 йил 18 сентябрда Андижон уезди бошлиғи, полковник Бржезицкийга топширилган. Аммо унинг биринчи нусхасидаги таклифлар уезд бошлиғига маъқул тушмаган. Шу боис М.Мирмўминбоевга аризани қайта кўриб чиқишни ва бир қатор ўзгартиришлар киритишни талаб қилган. Яъни, уезд бошлиғини хафа қилган жиҳат Миркомилбой шифохона ва ҳаммомдан фақат маҳаллий аҳоли фойдаланишни мўлжаллаган, дўконлар ва ҳаммомлардан тушадиган даромаднинг бир қисмини шаҳар бошқармаси ихтиёрига ўтказиб, қолган қисмини ўз эҳтиёжи бўйича шифохона ва мадраса харажатларига ишлатишни кўрсатган.

Миркомилбой Бржезицкий талабларини тўлиқ қабул қилишга мажбур бўлади. Чунки ўша пайтда Туркистондаги маъмурият бу каби ишларга осонликча рухсат бермаслигини у яхши тушунар ва Бржезицкийнинг ҳар қандай шартларига кўниб бўлса-да, ишни юргизишга умид қилар эди.

Шаҳар хўжалик бошқармасидаги ўтган мажлис қизғин бўлганлиги, қатнашчиларнинг баъзи фикрларидан ҳам яққол кўриш мумкин. Жумладан, шаҳар депутатлари – Ординец ва Куровский Миркобилбойнинг бунёдкорлик ишларига қатъий қарши чиқади. Аммо шаҳар хўжалик бошқармаси раиси Бржезицкий уларнинг фикрларига қўшилмайди. Ниҳоят, масала қайта кўриб чиқиш учун Фарғона вилояти ҳарбий губернатори ихтиёрига жўнатилади.

Миркомилбой Андижон шаҳрига трамвай олиб келишга ҳам ҳаракат қилган. У бу масалада давлат билан шартнома тузишга кўп ҳаракат қилди. Айрим ҳужжатларда у ўз ёрдамчиларидан бири Абдул Махсумни 1913 йилда чет элга – трамвай бозорига, транспорт нархи ҳамда из қуриш учун керакли нарсаларнинг баҳосини билиб келгани юборгани айтилади. Шунингдек, унинг Туркистон ўлкасида хориждан енгил автомобиль харид қилган биринчи одам бўлганлиги кўпчиликка ёқмаган. Шу боис Миркомилбой 1918 йилда большевиклар томонидан отиб ўлдирилган.

Хулоса ўрнида
Юртимиздан чиққан халқпарвар, ватанпарвар, саховатпеша, тадбиркор, ишбилармон инсонларни чор Россияси, Совет ҳукумати қўллаб-қувватлаш ўрнига уларни йўқ қилишган.
Шундай экан, истиқлол берган имконият туфайли ўтмишда Миркомилбой каби маърифатпарвар боболаримиз ва уларнинг ҳаёти ҳақида халқимизга холис ва аниқ маълумотларни етказишимиз, улар қилган эзгу ишларни кўрсатишимиз керак. Бу бизнинг фарзандлик бурчимиздир.
Қосимжон БОЗОРОВ,
Андижон давлат университети катта ўқитувчиси

ФБ профилидан : Илхомжон Қосимов
Шарҳлар

Хақиқатда мен бобомдан эшитганман. Эхсон килганда олувчилар охири куринмаган экан. Яна бир гап автомобилни куёвига совға қилиб юборган экан.

Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Халқ қабулхоналари томонидан ишсиз ёшлар бандлиги таъминланмоқда

expo
Боглиш маколалар