Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ ҚАМОҚХОНАДАН ЧИҚҚАН ХАТ: Айбсиз ҳолимга 7 йилу 100 кундан буён қамоқдаман...​
19-11-2019 17:32 0 455 Рейтинг1 Чоп этиш

ҚАМОҚХОНАДАН ЧИҚҚАН ХАТ: Айбсиз ҳолимга 7 йилу 100 кундан буён қамоқдаман...​

ЎзА МИНБАРИ

Бугунги Чойхона рубрикасида
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида
нашир этилган ушбу мақолани қўйишни жойз билдик

ҚАМОҚХОНАДАН ЧИҚҚАН ХАТ: Айбсиз ҳолимга 7 йилу 100 кундан буён қамоқдаман...​

Айбдор сифатида ноҳақ қамалиб, адолат қарор топишини кутаётганимга жорий йил 9 ноябрь куни 7 йилу 100 кун, бошқача айтганда 2 минг 655 кун бўлди.

Давлатимизнинг бугунги кун сиёсатидаги ўзгаришлар, хусусан илгари ноҳақлик, бошқаларнинг манфаати ёки ўрнатган тартиби йўлида айбсиз айбдорга айланганларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш борасидаги ишлар мен каби ҳар бир дақиқаси жавобсиз саволлар билан азобда ўтаётган маҳкумнинг қалбида умид учқунларини уйғотди.

Кейинги пайтда ЎзА сайтининг “ЎзА минбари“ рукнида турли муаммолар билан мурожаат қилган фуқароларнинг материаллари чоп этилмоқда. Мен ҳам шу боис ЎзА га қамалишим билан боғлиқ воқеалар ҳақида мурожаат қилишга қарор қилдим.

Адолат қарор топиши йўлида мурожаатимни кенг жамоатчилик, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳавола этишингизни илтимос қиламан. Зеро, мен аввало виждоним, қолаверса, суд ишига алоқадор гувоҳларнинг кўрсатмалари, қайсидир маънода қамалишимга оид, лекин бошқа суд ишида аниқланган ҳақиқатларга мувофиқ, мутлақо айбсизман.

Тадбиркордан муттаҳамга, алалоқибат маҳкумга айланишим, аниқроғи айлантирилишим билан боғлиқ воқеалар 2004 йилда бошланди. Аслида, 1995 йилдан бошлаб автомобиллар эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланардим. 2004 йилда “Наманган сув транс” масъулияти чекланган жамиятини солиқдан 400 миллион қарзи билан олдим. Жамиятда 230 киши меҳнат қиларди. 8 йилда давлатга 10 миллиард солиқ тўладим. 2007 йилдан бошлаб корхонага текширувчилар кела бошлади. Мутахассислар 2012 йилга қадар 3-4 ойлаб, ҳатто йиллаб корхонанинг молиявий ҳужжатларини ўрганди. Лекин ҳеч нарса топа олишмади. Ўша пайтлар текширувчилардан “Яқиндагина текшириб кетган эдингиз, яна нега текшириш керак бўлиб қолди”, деб сўрардим. Улар “Тепанинг топшириғи, айб топишимиз шарт”, дерди. Энди билсам, ўша “тепа”дагилар дегани собиқ вилоят Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи раҳбарлик қилаётган гуруҳ экан. Бу ҳақда кейинроқ тўхталаман...

Хуллас, корхона фаолиятидан камчилик топилмагач, улар бошқа йўлга ўтди. (Бу гапларни ишонч билан айтаётганим боиси, яқин йилларда бўлиб ўтган турли суд жараёнларида бу ҳақиқатлар тасдиғини топди). Телефонимни эшитишди. 2012 йилнинг июн-июл ойларида “Саюн” МЧЖ раҳбари Маъруф Тўрахўжаевдан телефон орқали қарзимни, аниқроғи унинг фирмаси номидан базага топширган маҳсулотим ҳақини сўрадим. 2 август куни берадиган бўлди. Ўша кун – 2012 йилнинг 2 август куни Маъруфдан қарзимни олаётган пайтимда мени ҳибсга олишди. Кейинчалик, тергов-суриштирув, суд жараёнларида аниқ бўлишича, мен олган пуллар дориланган, яъни пора экан. Мен эса бошқа бир тадбиркордан пора талаб қилган муттаҳам сифатида қамоққа олинган эканман.

2013 йилнинг 18 январь куни Жиноят ишлари бўйича Косонсой тумани суди томонидан менинг ишим кўриб чиқилди. Судда Маъруф виждон азобиданми, бошқа сабабми билмадим, ҳар қалай мени порахўр эмас, қарзимни сўраганим юзасидан гувоҳлик берди. Лекин суд гувоҳликни эмас, унинг Миллий хавфсизлик хизмати босими остида “пора талаб қилмоқда” мазмунида ёзган аризасини инобатга олди. Нима учун суд бундай қарор қабул қилгани ўша пайтиёқ маълум бўлди. Яъни, суд раиси Музаффар Қирғизов мендан узр сўраб, уни тўғри тушунишимни, шундай қилишга у мажбур экани, бошқача бўлган тақдирда вилоят МХХ уни йўқ қилишини айтиб, йиғлади. Мен судяни тўғри тушундим, у эса мени 17 йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича қарор чиқарди.

Аслида қилмаган жиноятим бўйича адолат истаб, вилоят судига аппеляцияга бердим. У ёқда ҳам шунга ўхшаш вазият такрорланди. Суд иши 8 марта кечиктирилди. Сабабини сўрасам, “Сени бу ҳолатда қамай олмаймиз, эрта ё индин, ундай бўлмаган тақдирда охиратда жавоби бор бунинг. Шундай экан бизни ҳам қийнамай, улар билан келиш”, дейишди. Ахир қилмаган жиноятим учун улар билан нимани келишаман. Хуллас, МХХ айтганини қилдирди, қарор ўзгартиришсиз қолдирилди.

Яқинда ушбу воқеаларга ҳам 7 йил тўлади. Орадан мен учун худди бир асрдан туюлган вақт, унинг ҳар бир йили, ойи, куни, дақиқа-ю сонияси жавобсиз саволлар билан юрагимни эзиб келди: хўш, ким, нима мақсадда, нима учун?

Ҳайтовур яқин йиллар – Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган адолатли сиёсат туфайли бу саволларга жавоб топдим. Боя ёдингизда бўлса, вилоят МХХ раҳбари бошлиқ гуруҳ ҳақида сўз очиб, тафсилотини кейинроқ ёзишимни айтган эдим.

Гап шундаки, менга қарашли “Наманган сув транс” МЧЖнинг 6 гектар ер майдони мавжуд эди. Жойлашуви жиҳатдан савдо-сотиққа қулай. Айни шу боисдан ҳам МЧЖ ҳудудидан савдо нуқталарини қуришни бошладим. Бу ишим мен каби бу жойни бозор қилишни мўлжаллаган бошқа тадбиркорларга ёқмабди. Хусусан, тадбиркор Жобир Камолиддиновнинг шундай нияти бўлган. Жобир ерни мендан тортиб олиш учун собиқ МХХда ишлаган Ғуломов деган одамга 50 минг АҚШ доллари берган экан. Ғуломов билан боғлиқ суд жараёнларида юрагимга ниш бўлиб қадалиб келган жумбоққа ниҳоят жавоб топилди. Ғуломов 50 минг доллар пора эвазига вилоят МХХга мени қаматиш бўйича топшириқ берган. Орадан йиллар ўтиб бўлса-да, бу сирлар очилди, адолат қарор топди. Менинг ҳаёт йўлим ўзанини бошқа томонларга буриб юборган Ғуломов, шу жумладан, Камолиддинов ҳам қамалди.

Мана шуларни эшитиб, мен каби юзлаб ноҳақликлар қурбонига айланган одамларнинг адолат тантанасини юрагимдан ҳис этиб, собиқ вилоят МХХ раҳбари Рустам, тергов бўлими бошлиғи Шоназар Эргашев, иқтисод бўлими бошлиғи Камол Туманов, яна Рустам деган тезкор ходим юзига боққим келади. “Адолат ҳам, ҳақиқат ҳам, қонун ҳам биз. Хоҳласак сени очиқда, бўлмаса ёпиқда йўқ қилиб юборамиз”, деб айтган одамларнинг инсон қиёфасига қайтган ёки қайтмаганини билгим келади.

Мени жиноятчига чиқариб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилган суд ҳужжатларига мувофиқ, мен Маъруфдан пора талаб қилганман ва ундан пулни олаётган вақтимда ашёвий далиллар билан қўлга олинганман. Ваҳоланки, Маъруф ўз гувоҳлигида буни инкор қилган. Аслида мана шу ҳақиқатнинг ўзиёқ менинг айбсизлигимни тасдиқлайди.

Собиқ МХХ ходими Ғуломовнинг судида айбсизлигимга оид яна бир факт исботланди. Яъни, Ж.Камолиддинов мени қаматиш учун Ғуломовга пора берган. Мана шу асослар менинг ишимни қайта кўриб чиқиш, адолатни кеч бўлса-да қарор топтириш учун етарли деб ўйлайман.

Бу адолатни юзага чиқариш нафақат мен, балки оилам учун ҳам жуда зарур. Мени 7 нафар фарзандим кутмоқда. Тўғри, уларнинг моддий томондан қийинчилиги йўқ, лекин ота меҳрига ташна улар.

Катта ўғлим Қутбиддин менинг йўлимдан бориб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. 100 ўринли боғча, 100 ўринли мактаб, ўқув курси, савдо-сотиқ ишларини юритаётир. 200 дан ортиқ ишчиси бор. 2017 йил ўғлим ва оилам учун унутилмас йил бўлди. Президентимиз Наманган вилоятига ташрифи чоғида ўғлимнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун 97 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди. Фоизсиз берилган ушбу кредит маблағи эвазига ўғлим “Гранд Мед” хусусий клиникасига замонавий тиббий жиҳозлар олиб келган.

Бир сўз билан айтганда, ўғлим ва оилам билан тадбиркорлик борасида ҳали қиладиган ишларимиз, режаларимиз жуда кўп. Айни пайтда кенг жамоатчилик ва вилоят ҳокими ҳам адолат қарор топиб, тезроқ ишимга қайтишимни хоҳламоқда. Буни вилоят ҳокимининг Ўзбекистон Олий суди раисига йўллаган хатидан ҳам кўриш мумкин:

...Жиноят кодексининг вазифалари шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатлиги, жиноят содир этган шахсга у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилишидан иборат эканини эътиборга олиб, хулқи ва меҳнат фаолияти жамоатчилик томонидан ижобий тавсифланган Обидов Жобир Тохировични келгусида жамият, қолаверса вилоятимиз учун зарур бўлган етакчи тадбиркор эканлиги муносабати билан мазкур ишни ҳар томонлама ва холисона текшириб, суд муҳокамасида зиммасига қўйилган айбловга объектив баҳо бериб, тайинланган жазони енгилроқ турига ўзгаришга оид жамоатчилик фикрини эътиборга олиш сўралади, вилоят ҳокимининг хатида.

Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсат инсонпарварлик, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олиниши каби умуминсоний тамойилларга асосланган. Қонунга риоя қилмаган, бироқ ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга ўз оиласига ва жамиятга қайтиши, ижтимоий мослашиш имкониятининг берилаётгани кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенгликнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Президентимизнинг авф этиши натижасида минглаб фуқаролар ўз оиласи бағрига қайтмоқда.

Мен ҳам шу юртнинг фуқароси сифатида албатта адолат қарор топишига ишонаман. Мутасаддилар бу мурожаатимга қулоқ тутишига, менинг ишим қайтадан судда кўрилишига умидворман.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси,
Обидов Жобир Тохирович

ЭСЛАТМА: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги www.uza.uz сайтида “ЎзА минбари” рукни ташкил этилган. Агентликка келаётган мурожаатлар, ариза ва шикоятлар, фикр-мулоҳазалар, билдирилаётган таклифлар асил ҳолича, жузъий таҳрирлар билан эълон қилинади. Таҳририят фикри муаллиф нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин. "ЎзА минбари"да бериладиган материалларнинг холислиги ва уларда келтирилган маълумотларга муаллифнинг ўзи жавоб беради.
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*