Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Номсиз хиёбон ёхуд шаҳар ҳуснидаги доғ
11-05-2018 15:22 0 863 Рейтинг1 Чоп этиш

Номсиз хиёбон ёхуд шаҳар ҳуснидаги доғ

Номсиз хиёбон ёхуд шаҳар ҳуснидаги доғ

Пойтахтимиз қоқ марказида эътиборсиз қолаётган шундай номсиз хиёбон бор. Бу жойни кўпчилик яхши билишади. Бироқ негадир ушбу маскан мутасаддилар назаридан четда қолаётгандек назаримизда.

Шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган, каттагина ҳудудни эгаллаган хиёбонни айлансангиз, гап нимада эканини англайсиз. Биз, “Тошкент марказий универсал магазини” (собиқ “ЦУМ” дўкони) ёнидаги хиёбонни назарда тутяпмиз. Қарийб беш-олти гектар майдонни эгаллаган ушбу маскан қуюқ дарахтлар билан қопланган баҳаво ва сокин гўша. Лекин афсуски, Шўролар даврида барпо этилган ушбу сайлгоҳ, тан олиш керак, истиқлол йилларида эътибордан четда қолди. Сўлим хиёбонни кезсангиз, бу ердаги манзаралар дилингизни хуфтон қилиши турган гап Ўзбекистон Ахборот агентлиги нашри бу ҳақида ёзмоқда.
Номсиз хиёбон ёхуд шаҳар ҳуснидаги доғ

Бир пайтлар йўлакларга дидсизлик билан ётқизилган шапалоқдек бетон плиталар аллақачон дизайн нуқтаи назаридан эскирган, йўлкаларни ўт босиб кетган. Йўлаклар четига ўрнатилган ёғоч ўриндиқлар эса шунчалик харобки, ҳатто ўтиришга кишининг кўнгли тортмайди.
Номсиз хиёбон ёхуд шаҳар ҳуснидаги доғ

Хиёбон марказидаги ҳожатхона юзга чиққан чипқонни эслатади. Бу ерда на тозалик, на санитария-гигиена қоидалари хусусида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Шу ҳолига ҳам киришни фалон сўм, деб белгилаб ўтирган қоровулни кўриб, кулгингиз қистайди. Унинг ташқи кўринишига қараб, ичкаридаги ҳолатни тасаввур этиш қийин эмас.
Номсиз хиёбон ёхуд шаҳар ҳуснидаги доғ

Ёғоч ўриндиқлар атрофи, дарахтлар қуюқроқ жойлар эса ичимликлардан бўшаган идишлар, турли пакет ва қоғозлар билан тўлиб-тошган.
Номсиз хиёбон ёхуд шаҳар ҳуснидаги доғ

Шу боис бўлса керак, бу ерда ҳордиқ олишга келадиганлар сони бармоқ билан санарли. Кундуз куни хилват жойни хуш кўрадиган тўрт-беш жуфт йигит-қиз ва зериккан битта-яримта бекорчидан бошқа кимсани учратмайсиз. Кечқурун эса хиёбон хийла гавжумлашади. “Севишганлар” ва бекорчилар сафига шу яқин-атрофдаги дўконлардан спиртли ичимлик харид қилиб, ёғоч ўриндиқларда қўр тўккан улфатлар ҳам қўшилади.
Номсиз хиёбон ёхуд шаҳар ҳуснидаги доғ

Аслида бу маскан бир пайтлар жуда машҳур гўша бўлган. Хиёбон ҳудудида жойлашган “Мовий гумбазлар” (“Голубые купола”) кафеси шаҳардаги энг номдор тамаддихоналардан бири ҳисобланар эди.
Номсиз хиёбон ёхуд шаҳар ҳуснидаги доғ

Мижозларнинг кўплиги боис, ушбу боғ ҳар доим ҳордиқ чиқарувчилар билан гавжум бўлган. Лекин кейинги йилларда эътиборсизлик сабаб, улкан хиёбондан файз кўтарилгандек. Аслида, қулай ва марказда жойлашган бу хиёбон аҳолининг энг севимли масканларидан бири бўлиши лозим эди.

Биз ушбу хиёбон тақдири билан қизиқиб, бир қатор ташкилотларга мурожаат қилиб кўрдик. Аммо Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси ва Миробод туман ободонлаштириш бошқармасидан ҳам саволимизга тайинли жавоб ололмадик. Улар биз фақат ободонлаштириш ишларига масъулмиз, дейишдан нарига ўтишмади. Миробод туман ҳокимлигидаги мутахассислар эса бу хиёбонда тадбирлар ўтказилмаслигини рўкач қилиб, тозалик ва бошқа масалаларда ушбу ҳудуд тегишли бўлган маҳаллага мурожаат қилишимизни маслаҳат беришди. Аммо йирик ташкилотлар эътибор қаратмаган муаммоларни бартараф этишда маҳалланинг қўлидан нима ҳам келарди?
Номсиз хиёбон ёхуд шаҳар ҳуснидаги доғ

Пойтахтимизнинг қоқ марказида жойлашган ушбу хиёбоннинг шундоққина биқинида «Tashkent palace» меҳмонхонаси, Алишер Навоий номидаги давлат катта академик театри, Ўзбекистон бадиий академиясининг марказий кўргазмалар зали жойлашган. Хиёбондан ҳар куни ўнлаб хорижлик сайёҳлар ўтиши шубҳасиз. Қаровсиз ва ғариб масканнинг аҳволи чет элликларда қандай таассурот уйғотишига изоҳ бермасак ҳам бўлар.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига таклифимиз

Расмий манбалардан қидириб бу хиёбоннинг қандай номланишини аниқлай олмадик. Шу ҳолатда унга бирор бир ном ёпишмаслиги ҳам аниқ.

Президентимизнинг талаби ва ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонликни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир нечта ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Ушбу хиёбонда эса узоқ йиллардан бери китоб ва журналлар билан савдо қиладиган қатор расталар мавжуд. Кимгадир ноёброқ китоб ёки қизиқарлироқ журнал керак бўлса, шу ердан топилади. Кўпчилик хиёбонни китоб билан боғлаб тилга олади, шундай экан, уни “Китобхонлар хиёбони” деб номлаб, шунга мос равишда қайта таъмирласак, ўз ҳолича савдо қилаётган китоб расталарини замонавий дизайн асосида тартибга келтирсак, китоб ўқиш учун қулай ўриндиқлар қўйилса, маънавий-маърифий тадбирлар, Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғида ўтказиладиган анъанавий китобхонлар фестиваллари шу ерда ўтказилса, айни муддао бўлур эди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти, мутасадди идоралар бу таклифимизни эътиборсиз қолдирмайди, деб ишонамиз.
Воҳид Луқмонов, Акбар Қаршиев ЎзА
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Президент замонавий энергия тежамкор уйлар қурилиши билан танишди

“Тўпқопи саройи” бу ном султон ҳар гал саройдан чиққанда ва кирганда тўп отилгани боис берилган.

Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!

Ҳокимлик мутасаддиларининг парвойи фалак

expo
Боглиш маколалар