Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Раддия. Имом-хатиб унинг гапларини нотўғри талқин этган ОАВга ўз сўзини айтди
12-03-2018 12:00 0 728 Рейтинг1 Чоп этиш

Раддия. Имом-хатиб унинг гапларини нотўғри талқин этган ОАВга ўз сўзини айтди

Раддия. Имом-хатиб унинг гапларини нотўғри талқин этган ОАВга ўз сўзини айтди

Фитнанинг улкан гуноҳ эканлиги, бу орқали кўплаб мусибатлар келиши ҳақида олимлар томонидан кўп гапирилган, бу ҳақда мақолалар, асарлар ёзилган. Одамнинг Аллоҳ қаҳрига учраб, жаннатдан қувилишига ҳам шайтон томонидан қилинган фитна сабаб бўлди. Фитна шундай балоки, унинг асоси, унинг аниқ далиллари бўлмайди. Барча гаплар, воқеликлар нотўғри талқин этилади, нотўғри асосга тақалади. Фитна балоси нафақат бир оилани, балки бутун жамиятни, давлатни хонавайрон қилувчи кучга эга. Расулуллоҳ (с.а.в)дан келган бир ҳадисда шундай дейилади: “Фитна ухлаб ётувчидир, уни уйғотганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, деб ёзмоқда kun.uz

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган “Мирзо Юсуф” жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий томонидан бундан бир неча кун муқаддам “Оилада аёлнинг вазифаси” мавзусида жума мавъизаси бўлган эди. Унда мўминнинг оиласига, аёлига ҳатто хаёлан ҳам хиёнат қилиши мумкин эмаслиги, хаёлан ҳам зино ҳақда ўйлаши гуноҳ эканлиги борасида сўз боради. Ушбу ҳолатлар турли мисоллар орқали келтириб ўтилади. Аммо хориждаги айрим оммавий ахборот воситалари бу амри-маъруфга нисбатан ўз фикрларини билдириб, мақола эълон қилиб, нотўғри талқин этганлари маълум бўлди. Бунинг оқибатида ўзбек интернет фойдаланувчилари орасида бу ҳолат кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ўртада фитна чиқди. Хўш, аслида нима бўлган эди? Бу ҳолатга Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ўз муносабатини билдириб, ушбу воқеликларни кескин танқидга олиб, аниқ далил ва гапларга асосланган раддия эълон қилди. Қуйида ана шу раддия мазмуни билан танишишингиз мумкин.

Бу баёнотни беришга мажбур бўлдик. Бермасак бўлмайди, чунки ўтган жумада айтган гапларимиздан бери интернетдаги ижтимоий тармоқларда бу мавзу қайнаяпти. Бу гаплар тўғри айтилган эди, тўғри гаплар эди, у ерда муҳаббатнинг софлиги ҳақида, турмуш ўртоғига ҳатто хаёлда ҳам хиёнат қилиш мумкин эмаслиги ҳақида айтилган эди. “Мўмин-мусулмон одам жисмоний хиёнат у ёқда турсин, ҳатто хаёлда ҳам хиёнат қилмайди”, деган маънодаги гап эди.

Бу гапни давом эттиришдан аввал мен сизларга шонли тарихимиздан бир лавҳани кўз олдингизга келтириб қўймоқчиман. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қўшин билан ғазотдан қайтаётган эдилар. Қўшин йўлда кетаётиб, бирон жойда тўхтаб, тунаб қолса, эртаси куни қўшин жўнаб кетгач, ўша ерда қолиб кетган нарсаларни йиғиштириб кетишга бир одам масъул бўларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Қўшин бир жойда тунади. Одатда Пайғамбар алайҳиссалом сафарга жўнашдан олдин аёллари ўртасида қуръа ташлаб, кимга тушса, ўша онамиз у зотга ҳамроҳ бўлардилар. Бу сафарда қуръа Оиша онамизга тушган эди. У пайтларда бугунги кундагидек таҳоратхоналар бўлмаган, шунинг учун аёллар узоқроқ жойга чиқишарди. Оиша онамиз ўзларига ҳамроҳ аёллар билан кечаси халога чиқиб келсалар, тақинчоқлари тушиб қолибди. Қайтиб бориб, ўша тақинчоқни излабдилар. Излаб-излаб, топа олмай, қайтиб келсалар, қўшин жўнаб кетибди. У пайтда аёллар туянинг устига ўрнатилган тахтиравон – ҳавдажда юришарди. Карвон тўхтаганда ҳавдажни ерга олиб қўйишар, йўлга отланганда яна туяга ортишар эди. Оиша онамизнининг жуссалари кичик бўлгани учун, ҳавдажларини кўтарган саҳобалар унинг бўшлигини сезишмабди. Ичкарида ўтирибдилар деб ўйлаб, ҳавдажни кўтариб, туяга ўрнатиб, жўнаб кетаверишибди. Оиша онамиз ёлғиз қолиб кетибдилар ва «Менинг йўқлигимни билишса, қайтиб келиб излаб юришмасин» деб, карвон тўхтаган жойда қимирламай ўтириб, кутибдилар. Ўша пайтда карвондан қолиб кетган нарсаларни йиғиштириб юришга масъул бўлган саҳоба келиб, Оиша онамизни кўриб қолибдилар. «Субҳаналлоҳ» дебдилар, нима бўлганини дарҳол тушунибдилар. Индамасдан, туяни олиб келиб, Оиша онамизнинг ёнларига чўктирибдилар. У кишини туяга миндириб, ўзлари етаклаб, карвоннинг ортидан Мадинага кириб бордилар.

Мадинада мунофиқлар кўп эди. Уларнинг раиси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул деган кимса эди. У туя етаклаб келаётган саҳобани кўриб, «Бу Оиша эмасми? Бегона эркак билан кечаси нима қилиб юрибди?» деди. Ана шундан кейин туҳматлар бошланди. Бу туҳматлар Ислом тарихида Ифқ воқеаси деб аталади. Нур сурасининг тафсирида бу воқеанинг батафсил баёни келган. Воқеа қандай бўлган, аслида нима бўлган, кимлар туҳмат қилган, кимлар бу гуноҳдан сақланиб қолган, мусулмонлар бу вазиятда қандай аҳволга тушишган, охири нима билан тугаган – ҳаммаси ёзилган. Мўмин-мусулмонлар бундан яхши хабардор. Ўзимиз ҳам тафсирдан дарс берганимизда бу сурани ҳар сафар такрорлаб оламиз. Лекин бандалигимга бориб, кечаги туҳматлардан сиқилиб қолганимда, шу сурани такрор ўқиб, таскин топдим. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам ўшанда аёлларининг шаънига отилаётган туҳматлардан сиқилиб қолганлар. Ваҳоланки, ҳақиқатни билардилар, лекин у зот ҳам инсон, у зот ҳам банда. Аллоҳнинг ҳикмати билан шу синовга дуч келиб, сиқилиб қолганлар, ҳатто Оиша онамиз билан яхши кўришмай қолганлар. Оиша онамиз бир ой йиғлаб, Аллоҳ таолога дуо қилганлар. Ниҳоят, Аллоҳ таоло бир неча оятлар нозил қилиб, Оиша онамизнинг поклигини, мунофиқларнинг эса туҳматчи эканини очиқлаб берган. Шунда оналари «Эй Оиша, Расулуллоҳ келдилар, сени оқлаб, оят нозил бўлибди, Расулуллоҳни очиқ чеҳра билан кутиб ол» десалар, аёл кишининг нози бўлар экан-да, «Мени Расулуллоҳ оқламадилар, мени Аллоҳ оқлади. Мен Аллоҳга ҳамд айтаман» деб, ўзларича бироз араз қилганлар.

Бу воқеага қарийб ўн беш аср бўляпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боқий дунёга интиқол қилдилар. Саҳобалар ҳам, Оиша онамиз ҳам вафот қилдилар. Мунофиқлар ҳам, ўша Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салуллар ҳам ўлиб кетишди. Замонлар ўзгарди, исмлар ўзгарди, лекин ўша қуёш, ўша осмон, ўша ер, ўша ой, ўша Ислом, ўша инсон турибди, биродарлар. Ҳозир ўша саҳобаларнинг бугунги авлоди бўлган мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ворислари бўлган аҳли илмлар бор. Аммо афсуслар бўлсинки, ўша Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг давомчиси бўлган мунофиқлар ҳам бор. Шахслар бошқа, воситалар бошқа, лекин ўша ҳолат такрорланяпти, туҳматлар, ифқлар ҳанузгача бўляпти.

Мунофиқлар ҳар доим энг нозик, энг оғриқли нуқтани излашади. Уларнинг мунофиқлиги ҳам шунда аслида. Улар бир инсонни жисмонан ёки руҳан йўқ қилмоқчи бўлса, унинг оиласи орқали зарба беришади. Ифк воқеасида мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига ҳужум қилишди. Бир ўйлаб кўрайлик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек зотнинг покдомон аёлларини зинода айблаш мумкинми? Бу туҳмат бир-икки марта эмас, нақ бир ой давом этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек зотнинг юрагини бир ой давомида сиқишди. Фитнанинг кучини қарангки, ҳаммага маслаҳатгўй бўлган Абу Бакр розияллоҳу анҳудек зот ҳам қизлари ҳақидаги бу туҳматга ҳеч бир гап айта олмай қолдилар. Оиша розияллоҳу анҳонинг оналари эса қизларини юпатишга бир оғиз гап топа олмай қолдилар. Бечора онанинг топган гапи «Кундошлик аёлнинг бошига бундай нарсалар кўп тушиб туради, қизим» дейиш бўлди, холос.

Шукрки, Аллоҳ таоло мазлумни золимларга зор қилиб қўймайди. Аллоҳ таоло ҳақиқатни Ўзи юзага чиқарди. Бир ойдан кейин туҳматчилар, мунофиқлар маълум бўлди.

Энди масаланинг иккинчи томонига эътибор берайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қадар оғир гуноҳга қўл урган мунофиқларга қандай чора кўрдилар? Ҳеч қандай!

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бир жиянлари бор эди, жуда камбағал эди. У зот ўша жиянларига ёрдам бериб, кам-кўстини таъминлаб юрардилар. Ўша бечора билиб-билмай ифкчиларга қўшилиб қолди. Қизлари шаънига туҳмат қилганларга қўшилиб қолгани учун «Аллоҳга қасамки, энди бу жиянимга ҳеч қандай ёрдам бермайман», дедилар. Бироқ, силаи раҳмни узиш мумкин эмас экан. Бу қасамнинг нотўғри бўлгани ҳақида ҳам оят нозил бўлди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу тавба қилиб, энди унга икки карра ёрдам қиламан, моддий таъминотни икки карра кўпайтираман деб, ўзларини ислоҳ қилиб олдилар.
Ифк воқеаси жуда катта фитна бўлди. Бир томондан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари, у зотнинг шаънлари, мусулмонларнинг, Исломнинг шаъни. Бир томонда эса бир ҳовуч мунофиқлар. Лекин ўртада ҳам одамлар бор эди. Бу одамлар ҳақиқатни билмай туриб, қуруқ гап-сўзларга, шов-шувга аралашиб, ўзининг фикрини айтиб, муносабатини билдириб, у ёки бу томонга мойил бўлишди. Бугун ҳам ана шундай одамлар бор экан. Уларнинг дарди ҳақиқат эмас, миш-миш, рейтинг, «лайк» экан. Улар мунофиқларнинг сўзини айтаётганини, мунофиқларни қўллаб-қувватлаганини билишмас экан.

Биродарлар, мен очиқ-ойдин айтаман, кечаги гапларни тарқатаётган «Озодлик» радиоси ўша Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бошчилигидаги мунофиқларнинг невара авлоди экан. «Озодлик» радиоси мунофиқлар радиоси экан, чунки бу радионинг ўзбекча хизмати ҳеч қачон Ўзбекистоннинг манфаатига хизмат қилгани йўқ. Унинг иши фақат иғво чиқариш, ғавғо чиқариш, Ўзбекистон ичидаги ҳолатни бузиш экан. Мен бу «Озодлик» чиқарган мақолани ўқидим. Журналист одам аслида холис ёзиши керак, қўлига қалам тутиб, бу йўлни танлаган одам холис бўлиши керак. Булар эса мени душман сифатида кўриб, мақола ёзяпти. Уларнинг ишини қаранг, сарлавҳани бузиб, халқни ғазабини келтирадиган, халқни бизга қарши қайрайдиган сарлавҳа қўйибди. Ҳолбуки ўша маърузада сарлавҳадаги гап айтилмаган: «Турк сериалларидаги актёрларга ошиқ бўлган ўзбек оналаридан гейлар туғилади» дейилмаган. Мен айнан «ўзбек оналари» демаганман, балки умуман дунёдаги ҳолатни айтиб мисол келтирганман.

Булар ҳатто бир соҳа «мутахассиси»нинг фикрини ҳам келтиришибди, номини айтмасдан. Бу киши «Ундай бўлиши мумкин эмас, илмий мантиққа тўғри келмаяпти» дебди. Уларнинг «илмий» мантиғига бизни Аллоҳ таоло яратган деган таълимот ҳам тўғри келмайди, чунки бу «илмий мантиқ» ҳозиргача одам маймундан тарқаган деб юрибди, дунё бир кучли портлашдан пайдо бўлиб қолган, деб юрибди. Биз эса бутун борлиқни ҳам, ундаги барча мавжудотни ҳам, инсонни ҳам Аллоҳ яратди деймиз. Инсониятни маймуннинг авлодлари деб юрганлар илмий мантиқни қаердан билсин?

«Аввал гинекологияга аралашган имом энди генетикага аралашяпти», дейишибди. Билмаган нарсасини гапирадиганлар билиб қўйсинки, мен айнан психогенетика фанини ўқиб-ўрганяпман, бу соҳада ўзимга яраша илмим бор, маълум маънода бу соҳанинг мутахассисиман. Ўша ўқиб-ўрганларимни таҳлил қилиб, уларни оят-ҳадислар билан солиштириб, хулосаларимни сизларга ҳавола қиляпман. Бировнинг гапини кўр-кўрона, сўраб-суриштирмай айтмаяпман, балки илмий равишда ўрганиб, тадқиқ ва таҳқиқларнинг хулосасини айтяпман. Бир мусулмон сифатида, шу Ватаннинг фарзанди сифатида халқимизнинг эртасини, Ватанимизнинг келажагини ўйлаб айтяпман. Шунинг учун бу борада мунофиқлар отадиган туҳмат тошларини табиий ҳол деб биламан.

Бу мунофиқлар Пайғамбар алайҳиссаломни нималар дейишмади? Сеҳргар дейишди, мажнун дейишди, зурриёди йўқ дейишди. Ҳар қандай гапдан қайтишмади. Бугун ҳам худди ўшаларнинг давомчиси, ўша мунофиқлар, ўша мушрикларнинг давомчилари худди ўша гаплар билан туҳмат қилишяпти.

«Озодлик» радиоси эшитиб қўйсинки, сизлар бугунги кунда шу Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг давомчиларисиз. Бугунги аҳволингиз ҳам, эртага борар жойларингиз ҳам маълум. Мен учун булар ўлган. Мен бир масжидда имомман, халқнинг яхши-ёмон кунида хизматдаман, никоҳ ўқийман, жаноза ўқийман. Мана, «Озодлик»нинг ҳам жанозасини ўқидим. Тўрт марта «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!», деб жаноза ўқиб қўйдим. Бундайларга, уларнинг гумашталарига парвойим йўқ.

Менинг ўз вазифам бор, мақсадим бор. Бу йўлда қаршиликлар бўлишини ҳам биламан. Менинг мақсадим шу Ватанга, шу халққа, шу динга хизмат қилиш. Бу байроқни Аллоҳ йўлида кўтариб чиққанмиз. Отам раҳматлик: «Бу йўлда қаршилик кўп бўлади. Бу суннатдир. Бу нарса бизнинг авлодга Расулуллоҳдан суннат», дер эдилар. Бунақанги тазйиқларни ёшлигимдан кўриб катта бўлганман, буни кимлар қилаётганлигини ҳам яхши биламан.

Фақат мени ачинтираётган нарса шуки, улар одамларни чалғитишяпти, беҳуда нарса билан банд қилиб қўйишяпти. Одатда илмга тегишли, маърифатга тегишли бир мавзу чиқса, муҳокама бўлса, нари борса 100-200 та одам ўқийди. Кечаги гапларга эса 2000 дан «лайк» қўйибди. Буни кўриб, хориждаги эмас, ўзимиздаги баъзилар ҳам ҳовлиқиб қоляпти. Қарасаки, халқ «озодлик»ни қўлламаяпти. Булар кеча янада қўполроқ сарлавҳа билан, турли расмлар билан янги гаплар чиқаришди.

Алҳамдулиллаҳ, халқимиз закий халқ, ким ҳақ, ким ноҳақлигини дарров тушунади. Лекин шундай бўлса ҳам, софдил, оқкўнгил, содда биродарларимизни огоҳлантириб қўймоқчиманки, бу фитналарга учишмасин. Иложи бўлса, бу “озодлик” ва унга ўхшаганларнинг сайтига кириб, улар ёқаётган оловга ўтин ташламайлик, биродарлар. Улар айтаётган гапларни қанчалик муҳокама қилсак, коммент ёзсак, “лайк” боссак, улар шунча семиради, шунча хурсанд бўлади. Бунинг ўрнига бошқа, фойдали иш билан банд бўлишни таклиф қилган бўлардим.

Тарафимизни оламан деб қанча одамлар улар билан овора бўляпти, асаблари бузиляпти. Ўша биродарларимизга айтмоқчиманки, буларнинг кимлиги маълум, улар билан вақтингизни бекорга сарфламанг. Ит ҳуради, карвон ўтади. Булар вовуллаб-вовуллаб қолаверади, акиллаб-акиллаб қолаверади. Чунки “Озодлик” шу иши учун пул олади. Ўзбекистоннинг тинчини кўра олмаганлар бирор гап уйғонсин, тинч-хотиржам ҳаёт бузилиб турсин деб “озодлик” ва шунга ўхшаганларни пул билан таъминлайди. Бу «озодлик»нинг кимлар билан шерик бўлишини яхши биламан, лекин айта олмайман. Бу мақола буюртма асосида бўлганини, бу ерда асосий эътибор шахсга қаратилганини сизларга эслатиб ўтмоқчиман. Шунинг учун азиз оналаримизга, аёлларимизга айтаманки, бизнинг кечаги жумадаги мавъизамиз аёлларга отилган тош эмас, бу фақат аёлларнинг танқиди эмас. Биз у ерда эркакларни ҳам зикр қилганмиз. Бу гапларни умумий ҳолатдан келиб чиқиб айтганмиз. Шунинг учун бу мунофиқларнинг алдовига учиб қолмасликни тавсия қилган бўлардим. Баъзи аёлларимиз бу фитнага алданиб, бизни нотўғри тушуниб, баъзи гапларни ёзишяпти. Хотиржам бўлинг, у ерда сизлар айтаётган гап-сўз мутлақо бўлмаган. Холис бўлсангиз, менинг маърузамни тўлиқ эшитинг, шунда тушуниб оласиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу мунофиқларга қандай муомала қилганлар? Оиша онамиздек покиза инсонга туҳмат қилган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ўлганда, унинг мусулмон ўғли, саҳоба ўғли Расулуллоҳга одам юбориб, “Бир кийимингизни, баданингизга тегиб турган кийимингизни берсангиз, отамнинг жасадини шунга ўрай, шоядки азоби енгилроқ бўлса” деб илтимос қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч иккиланмасдан, кийимларини бериб юборганлар. Жанозасига хабар келганда эса Расулуллоҳ алайҳиссалом борганлар. Ўзларига бир умр душманлик қилган, мушриклардан ҳам қаттиқроқ душман бўлганларнинг каттаси – мунофиқларнинг раисининг жанозасига борганлар. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу йўлларини тўсиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, нима қиляпсиз? Бу мунофиқ-ку? Ахир у ундай деган эди, бундай деган эди», деганлар. Бўлмаса ҳазрати Умардек зот Расулуллоҳнинг йўлларини тўсармиди?! Шунда Пайғамбар алайҳиссалом «Эй Умар, нари тур, йўлимни тўсма. Менга унинг жанозасини ўқиш-ўқимасликда ихтиёр берилди. Мен унинг жанозасини ўқишни танладим», деганлар.

Эсласангиз, ўтган жумада бир гапни айтган эдим, жуда фойдали гап эди. «Ҳаққингиз бор, талашинг, талаб қилинг. Лекин фазлингиз ҳам бор, кечиб юборинг. Шунда бу муаммони охиратга олиб бормайсиз», деган гап эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мунофиққа марҳамат кўрсатдилар, мунофиқлар раисининг жанозасини ўқидилар. Шу суннатга амал қилиб, мен ҳам “озодлик”нинг жанозасини ўқидим. Мана шу ишда қатнашган ҳамма мунофиқларнинг жанозасини ўқидим.

Биродарлар, келинг, бундай арзимас нарсаларга чалғимайлик, фитнадан эҳтиёт бўлайлик. Иншааллоҳ карим, бизнинг йўлимиз маълум, келажагимиз порлоқ. Юртимизда сўнгги йил ичида маърифий соҳада бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар Аллоҳнинг жуда катта марҳамати. Исломпарвар, халқпарвар давлат раҳбари, у кишининг бугун олиб бораётган сиёсатлари – Аллоҳнинг бизга берган марҳамати. Аллоҳ бу хайрли ишларни шу инсоннинг қалбига соляпти, ҳар куни бир хушхабар, бир янгилик, орзуингизда бор, аммо хаёлингизда йўқ лойиҳалар амалга ошяпти. Иншааллоҳ карим, бу каби хайрли ишлар кетма-кет чиқиб, бизни хурсанд қиляпти.

Аммо буни кўролмаётганлар кўп, ўшалар чекка-чеккаларда юриб, мана шундай фитналар уюштиришяпти. Бу ёққа кела олмайди, чунки қилғилиги кўп. Лекин бизни кўролмайди. Шунинг учун бошқалар берган пул билан кун кечириб, шу билан бола-чақасини боқиб, Ўзбекистон ҳалқининг тинчлигини бузишга ҳаракат қилишяпти. Ваҳоланки, журналист холис бўлиши керак эди. Булар ёзган гаплар эса душманлик кайфиятида ёзилган мақола эди. Бу биринчиси эмас. Бу “озодлик” ва унга ўхшаганларнинг бизни шахсимизга бўлаётган учинчи ҳужуми, биродарлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг замонларида ҳам мунофиқларнинг ўзининг калласига бирон нима келмас эди, уларга мушриклар ўргатишар эди. Бу мунофиқларнинг ҳам ўргатувчилари бор. Афсуски, ичимизда юриб, ўзимизда туриб, буларга ақл ўргатувчи гуруҳлар ҳам бор. Кимлигини яшириб, бировларнинг номидан ёки йўқ одамнинг номидан саҳифа очиб олиб, ўша ердан туриб ёзишяпти. Бу саҳифалар бир шахсники эмас, бир хизматники, бир гуруҳники. Мақсадлари эса маълум. Ижтимоий фикрни билишнинг шунақа усуллари бор, аммо мен буни сизларга очиқ-ойдин айтиб бера олмайман. Шунинг оқибатида бу фитнага учган баъзи бир нашрлар, ҳатто ўзимизда юриб, бизга биродарлик изҳор қилиб юрган ахборот порталлари ҳам бироз ҳовлиқиб, “озодлик”ни қўллаб, мақола чиқаришибди. Бир оғиз гапимиздан кейин эса узр сўрашиб, мақолаларини олишди. Бу мақолани ёзган кимса эса бизнинг ҳамшаҳримиз экан, кейин билсак, “озодлик”нинг гумаштаси экан. Барчаларига Аллоҳ кифоя қилсин!
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари

Тадбиркорнинг хотини ва ҳайдовчиси уни 680 000 долларга “ухлатди”

Машҳурликни деб поезд остига ётди: тошкентлик блогерга жазо бериладими

Кобулдаги тўйда юз берган портлаш сабабли қурбон бўлганлар сони 63 кишига етди

Ўзбекистонлик шифокорлар Самарада заҳарланган ватандошларга ёрдам бериш учун боради

expo
Боглиш маколалар