Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ Жаҳонгашта Райнер Цитлоу
15-08-2017 10:59 0 762 Рейтинг1 Чоп этиш

Жаҳонгашта Райнер Цитлоу

Гиннес рекордчиси янги автоюришга тайёргарлик баҳонасида Ўзбекистонга ташриф буюрди
Райнер Цитлоу – немис автосаёҳатчи ва пойгачиси. Олис масофаларга автомобилда сафар қилиб бир неча марта исмини Гиннеснинг Рекордлар китобига ёздирган. Яқинда у «Янги Тигуан – Буюк Ипак йўли» лойиҳаси доирасидаги навбатдаги саёҳатга тайёргарлик кўриш учун мамлакатимизга келди. Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида пойгачи билан учрашув бўлиб ўтди.

Асли касби сайёҳлик менежери (у бир туроператорда ижрочи директор бўлиб ишлайди – И.А.) бўлган Цитлоу пойгачилик ва саёҳатчилик фаолияти давомида уч марта Гиннес рекордини қайд этган. Ўтган йили у Магадан шаҳридан йўлга чиқиб, бутун Россияни, Польша, Германия, Франция, Испанияни кесиб ўтиб Португалия пойтахти Лиссабонга етиб борган эди. 15 000 км.лик ушбу йўналиш 8 кунга мўлжалланган эди, бироқ Райнер жамоаси уни 6 куну 10 соатда босиб ўтишга муваффақ бўлди. Ундан аввал эса Жанубий Африкадан Норвегиягача бўлган 19 минг км йўлни 9 кунда босиб ўтиб, яна бир рекорд ўрнатган. Ниҳоят, шу йилнинг апрелида Цитлоу жамоаси 3 куну 3 соатда 8000 км юриб Дакардан (Жанубий Африка) Москвага етиб борди.
Жаҳонгашта Райнер Цитлоу

12 300 километрлик Шанхай – Венеция йўналиши 11 мамлакатдан ўтади.

Хўш, жаҳонгашта немисни бизнинг юртга қайси шамол учирди? Бу гал у яна бир олис сафарни режалаштирган: Шанхай шаҳридан нақ Венециягача, масофа 12 300 километр, йўналиш қадим Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган 11 давлат, жумладан, Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Туркия, Болгария, Сербия, Хорватия, Словения ва Италия орқали ўтади. Цитлоу ва жамоаси ана шу сафарга ҳозирлик кўрмоқда.
Ўзининг мўлжалига кўра, Шанхайдан Венециягача йўлни босиб ўтишга 6 кундан камроқ вақт керак бўлади. Агар ҳисоби ўнг келса, бу янги жаҳон рекорди бўлиши аниқ. Бутун йўл Россиянинг Калуга шаҳридаги қўшма корхонада ишлаб чиқарилган янги Volkswagen Tiguan TSI 150 о.к. автомашинасида босиб ўтилади. Дарвоқе, пойгачи фақат Volkswagen билан ҳамкорлик қилади, у бурунги барча рекордларига Volkswagen йўлтанламаслари ёрдамида эришган.

«Янги Тигуан – Буюк Ипак йўли» деб номланган мазкур лойиҳага 20 август куни Шанхайда старт берилиши керак. 25 июлдан бери жамоа Венециядан Шанхайгача бўлган трасса билан танишиб келмокда. Йўналишнинг тахминан 1000 км қисми Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Сафар мобайнида Райнер Цитлоуга россиялик автожурналист Петр Баканов ҳамда фотографлар Александр Погодин ва Димитрий Макаровлар ҳамроҳлик қилишади.
Пойгачи 2005 йилдан буён ўзи учун ажойиб бир анъанани жорий қилган: рекорд қозониш учун босиб ўтилажак ҳар бир километр учун 10 цент миқдорида хайрияга ажратади ва бутун дунё бўйлаб жойлашган SOS Болалар маҳаллаларини қўллаб-қувватлаб келади. Бу сафарги лойиҳасида мазкур мақсадни амалга ошириш учун Райнер Цитлоу Ўзбекистонни танлади ва Шанхайдан Венециягача бўлган 12 300 км.лик масофа учун жами 1230 евро миқдоридаги маблағни 6 август куни Самарқанд шаҳрида жойлашган SOS Болалар маҳалласига топширди.

– Ўтган рекордларимизга шубҳа билан қараганлар бўлди, – дейди автопойгачи Райнер Цитлоу. – Гўё, биз йўлга сарфланган вақтни, жой номларини ўзимиз истаганча ёзиб қўяётган эмишмиз. Бўлмаган гап! Автомобилимизга пломбалаштирилган Tag Heuer секундомери ва автомобилнинг қачон, қаерда ҳаракатланаётганини кўрсатиб турадиган GPS-трекер ўрнатилган. Агар билсангиз, секундомер фақат давлат идоралари ходимлари томонидан махсус ҳужжатлаштирилиб, уни ишлатишга махсус имзо ва муҳр босилган ҳолда рухсат этилади. Бундан ташқари, бутун жараён фото ва видеога олиниб борилади.
Жаҳонгашта Райнер Цитлоу

Цитлоу ҳамиша Volkswagen компаниясининг йўлтанламасларида автосафарга чиқади.

Янги сафар учун Райнер Цитлоу Continental шина русумини танлади. Айтишича, кўп функцияли ContiCrossContact LX Sport SUV-шиналари экстремал иқлим шароитларига мослаштирилгани ва максимал ихчамлиги, турли ландшафтларда юқори ҳаракатланувчанлиги билан қулай. Ушбу универсал ёзги шиналар айнан йўлтанламас ва 4х4 тортиш тизимли машиналар учун махсус ишлаб чиқилган.
Жаҳонгашта Райнер Цитлоу

Авторекордчи Volkswagen концернидан ташқари, Lukoil (мотор мойи), Champion (ёнилғи-мойлаш материаллари), Ferodo (Federal-Mogul Motorparts), Goodyear, Exide Technologies, Kuehne+Nagel Group, BORBET, Inmarsat компаниялари билан ҳам ҳамкорлик қилади.

Нима ҳам дердик, тиниб-тинчимас автопойгачи Райнер Цитлоу ва унинг жамоасига навбатдаги жаҳон рекордини ўрнатишда сабр ва улкан муваффақият тилаб қоламиз!
Ирода АЗИМОВА
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на двух руках? (ответ цифрами)
Жавоб:*