Новости Узбекистана

Яхши тушунтиришдан кўра хабар қилмоқ, ўзини оқлашдан кўра яхширок тушунтириш авзал.

Русский язык На русском

Наш канал в телеграм
→ «Справка»нинг «справка» эканини тасдиқловчи «справка»
22-02-2017 05:57 0 1628 Рейтинг1 Чоп этиш

«Справка»нинг «справка» эканини тасдиқловчи «справка»

«Справка»нинг «справка» эканини тасдиқловчи «справка»

«Водийгазтаъминот» унитар корхонаси Андижон тумани филиалида мижозлар бўлимининг эшигига бир варақ эълон ёпиштириб қўйишибди. Имло хатолари кўп, жумлалари пойма-пой, лекин ҳарқалай, астойдил ҳаракат қилиб, тушунса бўлар экан. Мазмуни тахминан шундай: табиий газдан қарздорлигингиз бор-йўқлиги ҳақида маълумотнома олиш учун сизнинг қўлингизда тўлов дафтарчаси, филиал бошлиғи номига ариза, паспортингиз нусхаси, ИНН, ИНПС ҳисобварақларидан кўчирмалар, ГХУ қиёслов варақаси, ҳудуд назоратчисининг уй ҳолати бўйича хатлови (рўйхат айнан кўчирилди) бўлиши керак.
«Справка»нинг «справка» эканини тасдиқловчи «справка»

Хуллас, битта маълумотнома олиш учун бир папка — етти хил ҳужжат тақдим этилиши шарт. Қизиқчиларимизнинг «Справка» номли ҳангомаси беихтиёр ёдга тушади. Бир идорага маълумотнома сўраб келган йигитдан соғломлиги ҳақидаги тиббий маълумотномага қўшимча равишда уни ёзиб берган одам шифокор эканлиги ҳақида маълумотнома, шифокорнинг шу касалхонада ишлаши хусусида бош шифокордан, бош шифокорнинг ҳақиқатан шу касалхона раҳбари эканлиги тўғрисида бошқармадан маълумотномалар талаб қилинади. Қисқаси, кундалик ҳаётимизда учраб турувчи «справка»бозлик иллати бироз бўрттириб кулгига олинган. Энди газ идорасидаги эълонга келсак…
«Справка»нинг «справка» эканини тасдиқловчи «справка»

Одатда ишхонадан сўраб қолишса ёки бошқа бир зарурат пайдо бўлганда, коммунал тўловлардан қарздорлигимиз йўқлиги хусусида маълумотнома олишга тўғри келади. Ва албатта, уч-тўртта идора эшиги тагида сарғайиш ҳам тажрибадан маълум. Яшириб нима қилдик, аксарият ҳолда ишимиз бир уринишда битмайди. Йўқ деганда, икки кун вақт бой берилади. Андижон тумани газ идорасида бўлганимизда, «Бизда маълумотномалар эрталаб соат 8 дан 10 гача берилади, ундан кейин раҳбарларни топиш қийин», қабилидаги иддаоларни эшитдик.

Энди ўйлаб кўринг. Туманнинг Орол қишлоғида яшовчи фуқаро куннинг иккинчи ярмида табиий газ тармоғи уланмаган хонадони учун маълумотнома сўраб, салкам 25 километр йўл босиб туман марказига келди. Аммо иши битмаса — «эртага эрталаб келинг», деган баҳонани эшитса, албатта, норози бўлади-да.

Масаланинг иккинчи томони шундаки, маълумотнома сўраб келувчиларнинг ҳаммаси ҳам соат 8 дан 10 гача, борингки, куннинг биринчи ярмида вақт топа олмаслиги мумкин: кимдир шифокор — палатада кутиб ётган беморни кўрикдан ўтказиши керак, яна бири муаллим — ҳар куни биринчи «смена»да дарси бор, кимдир ички ишлар ходими — навбатчиликда турган постини ташлаб кетолмайди ва ҳоказо. Хўш, улар нима қилиши керак?.. Кейинги пайтда кўплаб фуқаролардан мана шунга ўхшаш оворагарчиликлар билан боғлиқ ҳақли эътирозларни кўп эшитяпмиз. Мана, бир ҳаётий мисол — қўлимизда Андижон шаҳрининг 3-кичик даҳасида яшовчи Абдулҳафиз Йўлдошев томонидан тақдим этилган бир даста ҳужжат — тўлов дафтарчаси, хонадонининг ¬табиий газ истеъмоли учун ойма-ой тўлов квитанциялари ҳамда шу йилнинг 7 феврал куни табиий газдан 1790 метр куб ҳақдорлиги тўғрисида тузилган хатлов далолатномаси турибди.
«Справка»нинг «справка» эканини тасдиқловчи «справка»

— Ўзимнинг ишхонамга ва келинимнинг мактабига газдан қарз эмаслигимиз тўғрисида маълумотнома керак бўлди, — дея изоҳ берди у. — Шу йил 6 феврал куни «Водийгазтаъминот» унитар корхонасининг Андижон шаҳри филиалига мурожаат этдим. Уч соат давомида ишим битмади. Эртасига эрталаб яна газ идорасига бориб, ҳақдорлигим тўғрисидаги далолатномани қўлга киритдим. Бўлим бошлиғи далолатномага «АСУ бўлимига» дея имзо чекиб берди. Кўрсатилган бўлим ходимлари «Ҳудуд назоратчисига ҳам учранг», ¬дейишди. Нозир — Лутфулло Маманиёзовни тополмадим. 8 феврал куни тағин газчиларни йўқлаб бордим. Нозирга учрашиб, бир кун олдинги жараённи тушунтирдим. Унинг қисқача гапи шу бўлди: «Ака, майли, сиз учун ёрдам қилай. Эртага келсангиз, яна битта ҳужжат бераман». Ҳайрон бўлиб унинг нима эканлиги билан қизиқдим. Лутфулло эса «Бу идорамизнинг ички сири, сизга айтишнинг ҳожати йўқ», дея гапга нуқта қўйди. Эртасига яна қадрдон газ идорасига бордим. Назоратчи қўлимга манави далолатномани тутқазиб, «Ҳужжатларингизга шуни ҳам қўшиб топширинг, справка ёзиб беришади», деди. Очиғи, бу ерда қандайдир «ўйин» борлигини кўнглим сезиб, АСУ бўлимига қайтиб кирмадим. Мана сиз ҳам кўринг…

Ҳужжатга кўз югуртирамиз. Бошқа бир хонадонда яшовчи «Аропов В.» (агар бадхат ёзувни тўғри ўқий олган бўлсак) деб ёзилган шахсга тегишли хатлов далолатномаси. Ҳужжатнинг пастки қисмида газ идораси назоратчиси Маманиёзовнинг ҳамда далолатнома эгасининг имзоси турибди. Очиғи, бу жумбоққа бизнинг ҳам ақлимиз етмади. Шу билан бирга, Абдулҳафиз Йўлдошевнинг табиий газ идорасидан ҳақдор бўла туриб, тўрт кун кун давомида нима учун битта маълумотнома ололмагани ҳам қизиқтиряпти. Сарсон-саргардонликлар борасидаги фикрларимизни яна бир далил билан асосласак. Яқинда Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасида яшовчи фуқаро Сайдулло Ҳакимов «Водийгазтаъминот» унитар корхонасининг шаҳар филиалига мурожаат қилиб, ўзи яшаётган хонадоннинг табиий газ истеъмолидан қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотнома беришларини сўрайди. Мутахассислар корхона тизимидаги компютер базаси носозлигини рўкач қилиб, мурожаатни қондиришдан бош тортадилар. Андижон шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисларининг аралашуви билангина жуда катта муаммо даражасига айлантирилган оддий масала ўз ечимини топди.

Биз тилга олаётган муаммо сув ва электр таъминоти идораларида ҳам учраётганини айтиб ўтмоқчимиз. Узоққа бормай, ўзим такрор-такрор гувоҳ бўлган бир мисолни келтирай. Иш вақти бошланган паллада «Сувоқава» давлат унитар корхонасининг Андижон шаҳар филиалига бориб, сув тўловидан қарзингиз йўқ бўлса, шу хусусда маълумотнома беришларини сўранг. Дар¬ҳол ололмайсиз. Албатта, куннинг иккинчи ярмида — 14:00 дан кейин ёки эртасига эрталаб тайёр бўлишини таъкидлашади. Хуллас, яна бир карра «сувчи»ларни «зиёрат» этишга мажбур бўласиз. Яқинда вилоятдаги нуфузли ташкилотларнинг бирида ишловчи анчайин бамаъни, зиёли киши ўзи дуч келган ҳолат — Марҳамат тумани электр таъминоти корхонасининг маълумотнома тақдим этишдаги антиқа «тажриба»си хусусида куюнчаклик билан гапирди. Бу ерда аввал бошлиқ номига ариза ёзилади. Раҳбар кўрсатмаси билан ишчи гуруҳи тузилади. Унга бириктирилган аъзолар ўша маълумот сўраган хонадонга бориб, ҳисоблагични суратга олишади. Ҳисоблагич «нормал» ҳолатда эканлигига ишонч ҳосил қилиниб, қарзингиз йўқлиги исботлангач, далолатнома тузилади. Далолатномага гуруҳ аъзоларининг барчаси имзо чекиши шарт. Ана шундан кейингина сиз зор- интизор бўлиб кутаётган маълумотнома уч кун ичида тайёр бўлади ва… бемалол олишингиз мумкин. Во дариғ, шунча оворагарчиликнинг кимга кераги бор? Шашти сустроқ одам «бор-э», деб қўл силтаб кетавериши аниқ… Зарпечак деган беор бегона ўт бор. Битта уруғи тушса, шиддат билан кўпайиб кетади. Таг-томири билан қуритгунча қора терга ботасиз.

Бугун маълумотнома олиш учун турли идоралар эшиги тагида бир неча кунлаб «қоровуллик» қилаётганларга ачиниб кетасан киши. Давлатимиз раҳбари йил якунларига бағишланган кенгайтирилган мажлисда қоғозбозлик ва турли маълумотномалар олишдаги сансалорликлар хусусида куюнчаклик билан сўз юритди. Демак, бўлмағур расмиятчиликлар илдизига болта урадиган пайт келди. Мана шунга ишонч билан боқиб, ҳар хил маълумотномалар гирдобида қолган фуқароларга таскин бериш умидида ушбу мақолани битдик.

Фақат бу мақола «тегиб кетадиган» идоралар, мансабдор шахслар унинг қачон ва қаерда ёзилгани, кимлар устидан кўриб, лозим бўлган жойларини таҳрир қилганлиги, ким чоп этишга рухсат бергани хусусида «справка» сўраб юришмаса бўлгани.
Нурилло Нўъмонов,
«Ишонч» газетасидан олинди
Tafsilot.uz
Шарҳлар
Исми:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищённой ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Савол:
Сколько пальцев у человека на одной руке? (ответ цифрами)
Жавоб:*
Топ моддаларни кунлари
expo
Боглиш маколалар